Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсонпарвар, очиқ ва ҳисобдор давлат бошқарувига эришиш йўлида
11:51 / 2025-11-19

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси лойиҳасининг бош мақсади – инсонпарвар, очиқ ва ҳисобдор давлат бошқарувига эришишдир.

Мазкур Концепция лойиҳаси мамлакатда давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаол иштирокчи сифатида муҳим аҳамият касб этади. ННТлар жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифода этиш, ижтимоий ташаббусларни илгари суриш ва аҳоли фикрини давлат қарорларида акс эттиришда асосий ўрин тутади.

Концепция “Янги Ўзбекистон” ислоҳотларининг мантиқий давоми сифатида очиқлик, шаффофлик, ҳисобдорлик ва фуқаролар иштирокини таъминлайдиган замонавий давлат бошқаруви моделини шакллантиришни мақсад қилади.

2016 йилдан буён амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, рақамли жамият ривожи ҳамда халқаро ташкилотлар тавсиялари фуқаролик жамиятини ривожлантиришни стратегик вазифага айлантирди. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. 

Муҳокамада давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, “Юксалиш” ҳаракати, Прогрессив ислоҳотлар маркази, “Ватандошлар” жамоат фонди, “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси лойиҳасининг мақсадлари хусусида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз фикрларини билдирди: 

– Ушбу Концепцияда нодавлат нотижорат ташкилотлари учун қулай ҳуқуқий ва институционал муҳит яратиш, жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш, давлат дастурлари ва стратегияларини ишлаб чиқиш жараёнларига ННТларни жалб этиш, рақамли фуқаролик жамиятини шакллантириш каби устувор ташаббуслар акс этиши мақсадга мувофиқ, – деди Э.Туляков. – Концепциянинг самарали амалга оширилиши биз кутган қатор натижаларни бериши кутилмоқда. Хусусан, ҳар бир давлат органи, жумладан, маҳаллий бўғинларда ННТлар билан ишлаш бўйича самарали амалиёт ва платформалар шаклланади. Давлат дастурлари ва стратегияларини ишлаб чиқишда ННТлар иштирокининг аниқ институционал механизми яратилади. Давлат бюджети муҳокамаларида фуқаролик жамияти иштироки кенгаяди ҳамда тўлиқ очиқ маълумотлар экотизими йўлга қўйилади. Шунингдек, ННТларнинг ижтимоий лойиҳалардаги улуши ошади.

Қабул қилиниши режалаштирилаётган Концепция “очиқ давлат – фаол фуқаро” моделини шакллантириш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Асосий эътибор мазкур концепция лойиҳасини республика миқёсида ННТлар билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ҳамда давлат ва жамият ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилди. 

Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, давлат грантлари тизимини ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг фуқаролик жамиятидаги фаоллигини ошириш каби масалалар муҳим саналади.

Шу билан бирга, муҳокама жараёни ННТлар фаолиятидаги муаммо ва эҳтиёжларни аниқлаш, уларнинг ҳуқуқий ва институционал салоҳиятини ошириш учун амалий таклифларни ишлаб чиқишга замин яратади. 

Бу жараёнда жамоат ташкилотлари, давлат органлари ва бошқа фуқаролик институтлари ўртасида самарали мулоқот ва ҳамкорлик платформасини шакллантириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича миллий стратегияда ННТларнинг ўрни, вазифалари ва масъулиятини аниқ белгилаш зарурати мавжуд.

Концепцияни амалга ошириш жараёнида эса шаффофлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш, шунингдек, қабул қилиниши кўзда тутилган мазкур ҳужжатнинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини баҳолашга хизмат қиладиган амалий таклиф ва механизмларни ишлаб чиқиш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ҳамиша долзарб. 

Абдулазиз РУСТАМОВ, 

ЎзА