Инсонни ер боқади...
Мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида ҳар ким ўз уйида қолиб, ҳовлиси ва томорқасидаги ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида ҳар ким ўз уйида қолиб, ҳовлиси ва томорқасидаги ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, шундай хонадонлар борки, йиллар давомида ўз томорқасини оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.
Томорқадан унумли фойдаланиш оилавий бизнес учун жуда қулай десак муболаға бўлмайди. Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида ўз томорқасида оила аъзоларини доимий иш билан таъминлаб, мўмай даромад ҳисобига турмуш фаровонлигини ошираётганлар кўп.
–Туманимизда 32 минг 753 томорқа эгалари мавжуд бўлиб уларга 4 минг 173 гектар ер майдонлари беркитилган, – дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раиси ўринбосари Ғаффор Раҳимов, – томорқачиларимиз икки мартадан тўрт-беш мартагача ҳосил олиб келмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз балки хорижий давлатларнинг бозорларида ҳам сотилмоқда. Бироқ, ўз томорқасидан мақсадли фойдаланмаётганлар, уни парваришлаш учун имконияти чекланганлар ҳам бор. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда туманимиздаги 500 дан ортиқ кам таъминланган оилаларга давлатимиз томонидан ажратилган субсидия эвазига иссиқхоналар қуриб берилди.
Томорқа – даромад манбаи. Бу гап халқимиз тилида неча асрлардан буён қайта-қайта такрорланиб ўз тасдиғини топган нақлдир. Зеро ҳар қандай замонда ҳам инсонни ер боқади. Ҳазорасп туманидаги “Гулзор” маҳалласида истиқомат қилувчи 68 ёшли Рустам ота Ҳожиев ҳаётнинг ана шу ҳақиқатини англаб етган инсонлардан саналади. Унинг ҳовлисига кирсангиз, обод томорқани кўриб, баҳри-дилингиз очилади, кайфиятингиз кўтарилади. Лимон, помидор, бодринг, кўкатлар ва турфа гулларнинг анвойи ҳиди инсонни маст қилади.
Хонадон эгаси 10 сотихдан зиёд томорқасини иккига ажратиб иссиқхона қилган. Биринчисида лимонария ташкил қилиб, иккинчисига бодринг эккан. Энг қувонарлиси оиласидаги саккиз кишининг барчаси йил давомида шу ерда иш билан банд. Оила ҳар йили 40-50 миллион сўм соф даромад қилади.
–Бундан 8 йил олдин лимонариямизга 80 туп лимон экдик, – дейди Рустам Ҳожиев. – Уларнинг ҳар бири йил давомида 100 килограмдан ҳосил беради. Бозорда лимонларимизга талаб катта. Бундан ташқари иссиқхонамизнинг ўзидан шу мавсумда исмалоқ, кўк пиёз, саримсоқ пиёз, кашнич, шивит ва бошқа кўкатлар экиб, шунингдек қўзиқорин етиштириб қиш фасли давомида сотдик. Эндиликда уларнинг ўрнига помидор, қовоқ, ҳандалак, қовун уруғларини қададик.
Хонадоннинг қибла томонида жойлашган томорқа ер мева ва бодринг етиштириш учун қулай бўлганлиги сабабли майдоннинг ярмига нок анжир, олма, ўрик, анор, узум каби мевалар экилган бўлиб ўтган йили фақатгина узумнинг ўзи икки тонна ҳосил берди. Айни дамда эса майдоннинг ярмини эгаллаган иссиқхонадаги бодринглар ҳосилга кирган. Ҳар куни 150-200 килограм бодринг бозорга жўнатилмоқда.
–Ушбу бодринглар йилнинг охиригача тинимсиз ҳосил беради, – дейди Рустам Ҳожиев. – Фақат уларга лозим бўлган шароитни яратиб бериш ва яхши парвариш керак холос. Очиғи, оиламизни фақат томорқа боқади. Чунки йил давомида меҳнат қиламиз ва баракасини оламиз. Аслида ҳар бир томорқа эгаси карантин даврининг ҳар кунини берилган имконият деб билиши керак. Айни дамда қадалган ҳар бир уруғ кузга келиб, ўзимиз ва фарзандларимиз, қолаверса халқимиз учун ризққа айланади.
Ҳожиевлар хонадони нафақат томорқачилик балки наслли чорва етиштириш борасида ҳам маҳаллада машҳур. Чунки, Рустам ота томонидан 20 йил давомида жайдари қорамолларни чатиштириш орқали бир туққанда иккита бузоқчани дунёга келтирадиган сигир зоти яратилган. Айни дамда молхонада 30 бошдан ортиқ қорамол бўлса уларнинг 6 таси болалаган. Ушбу сигирлар кунига нақд ўн беш литрдан сут бермоқда. Кунига 100 литр сут маҳаллага сотилади.
Дарҳақиқат, айни кунда барча хонадон эгалари коронавирус пандемияси юзага келтирган инқирозли шароитда тушкунликка тушмасдан уй ишларни олиб борса, айниқса, томорқадан унумли фойдаланса нафақат ўз оиласига балки мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган бўлади.