Муносабат
Ҳар қандай жамиятда тараққиётнинг муҳим гарови – халқнинг иродаси ифодаланган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – Конституциянинг мавжудлигидир.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдум орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди.
Ўзбек халқи азалдан илм-маърифатга интилиб, буюк маданиятга эга бўлган, урф-одатларини муқаддас билган халқ сифатида шаклланган. Шу боис ҳар бир оила дастлаб ўзига бошпана қилишга, уй-жой қуришга юқори аҳамият беради. Инсон рисоладагидек ҳаёт кечириши, баркамол фарзандлар тарбиялаши, жамиятда ўзига муносиб касб билан шуғулланиши учун энг аввало ўз уйига – ота-боболаримиз таъбири билан айтганда, Ватан ичра ватанга эга бўлиши керак.
Уй-жойга бўлган ҳуқуқ халқаро ҳамжамият томонидан муносиб турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқининг муҳим элементи сифатида қаралади. Шу боис, давлатимизда ижтимоий сиёсатнинг энг муҳим вазифаларидан бири мамлакат фуқароларининг уй-жойга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишдир. Бунда турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддаси билан биринчи марта юртимизда ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги асосий ижтимоий ҳуқуқлар сафида белгилаб қўйилди.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан, тенг қийматда қопланиши таъминланади.
Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.
Амалдаги Конституциянинг 31-моддасига кўра, ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек, унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Мазкур нормалар уй-жой ҳам мулк ҳуқуқи объекти сифатида самарали ҳимоя қилиниши, айниқса, уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги низоларга оид ишлар суд томонидан кўрилаётганда қонун ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган конституциявий ҳуқуқини ҳимоя этишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида турар жойга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Уй-жой кодекси, “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 1 мартдаги 114-сонли “Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришни давом эттириш тўғрисида” қарори, 1994 йил 4 апрелдаги 180-сонли қарори билан тасдиқланган “Хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми)ни бошқаларга бериш ва мерос қилиб қолдиришда мулкчилик ҳуқуқининг ўтиши ҳақидаги шартномаларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом, “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги уй-жой фондини хусусийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомлар ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Уй-жой қонунчилигини нотўғри қўллаш, яъни уй-жойга мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари бўйича тартибларга риоя қилмаслик: уй-жойга оид битимлар асосида уй-жойни эгаллаш, якка тартибда уй-жой қуриш, давлат уй-жойини хусусийлаштириш, уй-жойни мерос қилиб олиш, эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида уй-жойга мулк ҳуқуқини қўлга киритиш жараёнида йўл қўйилган хатоликлар сабабли, шунингдек, бу борадаги амалдаги қонунчиликнинг етарли ҳуқуқий такомиллашмагани, қонунчиликда очиқ қолган ҳолатлар, бўшлиқлар ва коллизиялар уй-жой оид муносабатларда ҳуқуқий низоларни, кўплаб суд ишларини вужудга келтиради.
Фуқаролик ишлар бўйича судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган уй-жой муносабатлари билан боғлиқ ишлар юзасидан статистик маълумотлар таҳлилига кўра, 2015 йилда 13 111 та, 2016 йилда 14 815 та, 2017 йилда 14 534 та, 2018 йилда 13 313 та, 2019 йилда 10 005 та, 2020 йилда 8 085 та, 2021 йилда 20 913, 2022 йилда 19 915 та, 2023 йил 1-чораги ҳолатига 4 226 та ишлар кўриб тамомланган.
Судлар томонидан уй-жойга оид кўрилган ишлар амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, уй-жойни хусусийлаштириш билан боғлиқ, уйдан кўчириш, уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш тартибини белгилаш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйга ёки унинг бир қисмига (улушга) бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида бир неча шахсга ёки умумий биргаликдаги мулк ҳуқуқи асосида эр-хотинга тегишли уйдан улушни ажратиб бериш (уйни бўлиш), умумий улушли мулк бўлган уйдаги улушлари миқдорини ўзгартириш ҳақидаги, умумий улушли мулк бўлган уйдаги улушини имтиёзли асосда сотиб олиш ҳуқуқи ҳақидаги каби турар жой мулкдори, оила аъзоларининг, ижарага ва арендага олувчиларнинг турар жойдан фойдаланишига оид низолар кўп учрайди.
Судлар томонидан уй-жой низоларини кўришда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги 22-сонли “Уй-жой низоларига оид суд амалиёти ҳақида»ги қарорининг 3-бандида берилган тушунтиришга кўра низоли уй-жойнинг хусусий ёки давлат уй-жой фондига тегишли эканлиги ҳақидаги ҳуқуқий мақомини аниқлашлари лозим бўлади.
Айниқса, хусусий мулк мақомига эга бўлган Дaвлaт уй-жoй фoндидaги турaр жoйни xусусийлaштиришни aмaлгa oширишдa фуқaрo вa мулкдoрлaрнинг ҳуқуқини ҳимoя қилиш мунoсaбaти билaн вужудгa келувчи низoлaр мураккаб тусдаги низолар ҳисобланиб, Ўзбекистoн Республикaси Oлий суди Пленумининг 1997 йил 2 мaйдaги “Хусусийлaштирилгaн турaр жoйлaргa эгалик қилиш, улaрдaн фoйдaлaниш вa уни тaсaрруф қилиш билaн бoғлиқ ишлaр бўйичa суд aмaлиёти ҳaқидa”ги 3-сонли қaрoридa кўрсaтилгaнидек судгa тaaллуқли бўлади.
Уй-жойга оид ҳуқуқларни суд орқали ҳимоя қилиш нафақат бузилган ҳуқуқ тикланиши, балки ҳуқуқ бузилиши натижасида келтирилган зарар қопланиши, келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган тўсқинликлар бартараф этилиши билан алоҳида аҳамиятга эгадир.
Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йилдаги “Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 14-сон қарори билан суд ҳимоясини тўлиқ амалга ошириш учун амалдаги қонунчиликдаги коллизион нормалар ва бўшлиқлар ҳуқуқни қўллашда ва суд қарорларини чиқаришда хатоликлар келтириб чиқармаслиги юзасидан батафсил тушунтиришлар берилган.
Уй-жойга оид ҳуқуқий муносабатнинг ўзига хослиги ва мураккаблиги, қонун ҳужжатларининг уй-жойнинг хусусий мулк объекти сифатида ҳимоясини тартибга солиш учун замон талабига мос даражада такомиллашмагани судлар томонидан уй-жой қонунчилиги турлича талқин қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу ҳолатлар айниқса, турар жойни хусусийлаштириш амалда асосан оила аъзоларидан бирининг номига расмийлаштирилиши ва давлат ордери ҳам ўша шахс номида бўлишини назарда тутиб, мулкдор ва квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар томонидан хусусийлаштирилган турар жойлардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш тартибининг аниқ ҳуқуқий тартибга солинмаганлиги, мулкдор оила аъзоларининг, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқароларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилмаганлиги каби ҳолатларда намоён бўлади.
Айниқса, хусусий уй-жойда яшаётган шахсларнинг бу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, хусусий уй-жойдан кўчириш тартибининг белгиланмаганлиги, турар жой мулкдори билан оилавий муносабатлари тугатилган тақдирда ҳам турар жой эгасининг собиқ оила аъзосида мазкур турар жойдан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг сақланиб қолиши каби ҳолатлар Уй-жой кодекси собиқ СССРнинг қонунчилиги асосида ишлаб чиқилганлиги, 1998 йил 24 декабрда қабул қилинганлиги ва унинг нормалари ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги билан изоҳланади.
Бу борада турар жойга мулк ҳуқуқига нисбатан Фуқаролик кодекси ва Уй-жой кодекси нормалари ўртасидаги тафовутлар, қайси ҳолатларда қайси нормани қўллаш аниқ белгиланмаганлиги судларда низоларни ҳал этишда қийинчиликларни юзага келтиради.
Уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг янги таҳрирдаги Конституциямиздаги мустаҳкам кафолати бу борадаги қонунчилик давр талабидан келиб чиқиб такомиллаштирилишига янги туртки бўлади.
Раъно ҲУСАИНОВА,
Судьялар олий мактаби тингловчиси.
ЎзА