Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсонларнинг дахлсизлик ҳуқуқи кафолатлари қандай таъминланади?
12:05 / 2023-08-29

Дарҳақиқат, уй-жой дахлсизлигини қонуний асосларда кафолатлашни Асосий қонунимиз даражасида белгиланиши инсон қадри учун тамойилининг ҳаётдаги ижроси таъминланаётганлигининг муҳим кўриниши сифатида баҳолашимизга имкон беради. Конституциямиз мазмуни шундай нормалар билан тўлдирилиши инсон манфаатларининг ёрқин намунасидир.

Асосий Қонунимизда давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади, деб белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, алоҳида таъкидлаш лозимки, конституция ва қонун устуворлиги принципи инсон ҳаётида сўзсиз устувор аҳамият касб этиши лозим ва зарурдир.  

Инсон ҳуқуқларига доир халқаро хужжатларда, конституцияларда дахлсизлик масалалари қай даражада мустаҳкамланган?  

Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқларига оид 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларни ратификация қилган ва мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Шундан келиб чиқиб, турар жой дахлсизлигини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас. Ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга, деб белгилаб қўйилган.  

Қизиқарли ҳолат сифатида, АҚШ конституциясига 1791 йилда киритилган ўзгартириш бўйича, “Ҳеч бир аскар тинч замонда ҳам, ҳарбий ҳолатда ҳам шахсий уйларга эгасининг розилигисиз кириши мумкин эмас; ҳарбий ҳолатда истисно тариқасида бунга рухсат берилиши мумкин, лекин тартибга солувчи қонун асосида”.  

Конституциямизнинг 31-моддасига биноан, ҳеч ким хонадонларга, унда яшовчи шахсларнинг рухсатисиз кириши мумкин эмас. Уйга кириш, шунингдек , ундаги нарсаларни олиб қўйиш ва  уларни кўздан кечиришга, фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга эса фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан рухсаб берилади. 

Бундан кўриниб турибдики, шахс ва унинг уй - жой дахлсизлигини таъминлаш, давлат олдида турган энг муҳим функционал вазифалардан бири  ҳисобланади.  

Турар жой дахлсизли қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?  

Мамлакатимизда аҳолини арзон уй жойлар билан таъминлаш ҳам ижтимоий давлатнинг муҳим бегиларидан бири ҳисобланади. Турар жой деганимизда,инсонларнинг ватан ичидаги ватани десак, хеч ҳам хато қилмаган бўламиз.  

Умуман турар жой дахлсизлиги бу, фуқароларнинг конституциявий шахсий ҳуқуқ ва эркинликларидан бири бўлиб,  фуқароларнинг турар жойга бўлган дахлсизлигини ҳуқуқий жиҳатдан  кафолатлайдиган муҳим талабдир.    

Ўзбекистон қонунчилигига қарайдиган бўлсак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 45-моддасида  турар жойга, унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда, ноқонуний тарзда кириш, мансабдор бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, —базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб белгилаб қўйилган.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноя кодексининг 142 -моддасига асосан, турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб, бостириб кириш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган. Турар жой дахлсизлигида хусусий мулк бўлган уйлар, квартиралар олиб қўйилиши, мулкдор эса уйга, квартирага мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳам тушунилади.  

Аммо бир қатор ҳолларда турар жой дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ истисно этилади. Жумладан, гаров муносабатларида ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилганда, национализация, реквизиция, мусодара қилинганда турар жой дахлсизлиги четлаб ўтилади.  

Жиноят процессуал кодексининг 158- моддасига кўра, суриштирувчи ва терговчи бирор турар  жой, хизмат, ишлаб чиқариш биносида, ёки ўзга жойда бирон нарса ёки ҳужжатлар  борлиги ҳақида аниқ асосланган маълумоти  бўлса, тинтув ўтказиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.  Мазкур ҳуқуқий нормалар ҳам шахсларнинг турар жой дахлсизлини қонун доирасида ҳимоя қилишни назарда тутади. Қолаверса, конституциянинг 21-моддасида ҳам фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият  ва давлатнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари  мустаҳкамлаб қўйилган.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Конституцияда уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши мумкинлигининг белгилаб қўйилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади ҳамда мазкур муаммонинг ечимини конституция даражасида мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилади.  

 

Шерзод Зулфиқоров,  

Ўзбекистон Республикаси    

Жамоат хавфсизлиги университети профессори