Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, музей ва сунъий интеллект мавзусидаги конференцияда Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаяне Умерова мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби маданият соҳасида ҳам сунъий интеллекдан самарали фойдаланилаётганини таъкидлади. Хусусан, музейларда янги экспозициялар яратиш, халқимизнинг бой тарихий ва маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда тарғиб этишда сунъий интеллект технологиялари кенг қўлланилаётганини қайд этди. Бу борада 2030 йилгача амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ҳаётга татбиқ этилаётганини маълум қилди.

Анжуманда ЮНЕСКО масъуллари, хорижий мамлакатлар вакиллари мавзу юзасидан ўз фикрлари, тажрибалари ҳақида гапириб, ташкилотнинг сунъий интеллект бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Бош конференция 43-сессиясининг бугунги ялпи мажлисида Туркия миллий таълим вазири Юсуф Текин ҳам иштирок этиб, ЮНЕСКОнинг таълим бўйича дастурлари ҳақида ўз фикрларини билдирди. Барқарор ривожланишнинг тўртинчи мақсади бўлган барча учун инклюзив, адолатли ва сифатли таълим ҳамда узлуксиз таълим олиш имкониятларини таъминлаш борасида Туркияда амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Аммо бугун дунёнинг айрим минтақаларида, хусусан, Ғазода фаластинлик болаларнинг бу ҳуқуқи паймол бўлаётганини афсус билан қайд этди. Юсуф Текин бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва инсонларни эркин яшаш ҳуқуқидан маҳрум этиш, таълим олиш имкониятларини чеклашга қаратилган ҳаракатларга қарши дунё ҳамжамияти биргаликда ишлаши, бунда халқаро ташкилотларнинг ўз ўрни бўлиши кераклигини таъкидлади.

Туркия миллий таълим вазири Самарқандга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова билан учрашди.
Мулоқотда таълим соҳасида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Юсуф Текин ЮНЕСКО тадбирларидаги иштироки ва ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашувдан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимларига интервью берди.
– ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Туркистоннинг қалби, турк дунёсининг йирик маданий маркази бўлган Самарқандда ўтаётгани барчамиз учун фахр, – деди Туркия миллий таълим вазири Юсуф Текин. – Бу ерда дунё халқларининг бугунги ва эртанги ҳаёти учун муҳим бўлган масалалар муҳокама қилинмоқда. Таълим, фан, маданият соҳаларини янада ривожлантириш, бу борада олдимизда турган вазифалар белгилаб олинмоқда. Биз таълим соҳасида ўзбекистонлик дўстларимиз билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини қадрлаймиз ва буни янада ривожлантириш тарафдоримиз. Ўзбекистонга бу галги ташрифимиздан ушбу мақсадлар ҳам кўзда тутилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3r5Kl4el2ro?si=f90TEojxxgzWLnKc" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари