Шу кунларда жаҳон миқёсида ном қозонган адиб, давлат ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг 95 йиллиги кенг нишонланмоқда. Чингиз Тўрақулович Айтматов 1928 йил 12 декабрь куни Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида таваллуд топган.
Бетакрор ижодкор, давлат ва жамоат арбоби, дипломат, Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон Фанлар академияси академиги сифатида танилган адиб 1953 йилда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги институтини тамомлайди. Чингиз Айтматов 1956-58 йиллар Москвадаги Ёзувчилар уюшмаси Олий адабиёт курси тингловчиси бўлган эди.
Манбаларга кўра, асарларини қирғиз ва рус тилида ёзган адибнинг илк ҳикоялари 1950 йилларда нашр этилган. “Байдамтол соҳилларида” (1955), “Юзма-юз” (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. “Жамила” (1958), “Сарвқомат дилбарим” (1961), “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим” (1962), “Момо ер”, “Сомон йўли” (1963), “Алвидо, эй Гулсари” (1966) каби повестларида муҳаббат тараннум этилган.
Чингиз Айтматовнинг “Тоғ ва чўл қиссалари” туркумига кирган асарлари юксак баҳоланди. Адибнинг “Оқ кема” (1970) асарида инсоний гўзаллик, эзгулик ва ҳаёт зиддиятлари, экология муаммолари теран тадқиқ этилади. “Оқ кема” кинофильми ҳам асар каби шуҳрат қозонди. “Денгиз ёқалаб чопаётган олапар” (1977) повестида муҳим маънавий масалалар, шўро давридаги ҳаётнинг машъум манзаралари ўз ифодасини топган.
“Асрга татигулик кун” (1980), “Қиёмат” (1986), “Кассандра тамғаси” (1990) романларида умумбашарий долзарб масалалар, сайёрамиз тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий муаммолар ҳақида бонг урилган. Айтматовнинг “Чўққида қолган овчининг оҳи зори” (М.Шохонов билан ҳамкорликда) асари маънавиятга бағишлангани билан аҳамиятли.
Адабиётшуносларга кўра, Чингиз Айтматов прозасида руҳият таҳлили анъанавий халқ ижодиёти, қадимий афсона ва асотирлар, образлилик билан уйғунлашиб кетади. Унда рамзийликка мойиллик устувор ўрин эгаллайди. Айтматов “Иностранная литература” (Москва) журналига муҳаррир (1980 — 90), 1990 йилдан собиқ СССРнинг, сўнг Россия Федерациясининг, 1991 йилдан Қирғизистон Республикасининг Люксембург, Бельгиядаги элчиси бўлиб фаолият кўрсатди.
Чингиз Айтматов ташкил этган “Иссиқкўл форуми” халқаро тинчлик ҳаракати, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этишда самарали бўлмоқда. Чингиз Айтматов 1995-2008 йилларда Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси президенти сифатида фаолият кўрсатган эди.
Атоқли адибнинг асарлари жаҳоннинг кўплаб халқлари тилларига таржима қилиниб, миллионлаб тиражларда чоп этилган. “Сарвқомат дилбарим” (“Довон”), “Бўтакўз” (“Жазирама”), “Биринчи муаллим”, “Жамила”, “Алвидо, эй Гулсари” ва бошқа асарлари экранлаштирилган, ўзбек ва чет эл театрларида саҳналаштирилган.
Унинг “Момо ер” асарига Икром Акбаров мусиқа ёзган. Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Чингиз Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, “Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин”, деб ҳисоблар эди.
Чингиз Айтматов Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” (1995), “Буюк хизматлари учун” (1998) орденлари билан мукофотланган эди. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги “Олтин медаль” мукофоти таъсис этилган (1999).
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда кейинги йилларда Чингиз Айтматов ижодини ўрганиш, унинг туркий халқлар ҳамжиҳатлигини таъминлаш, инсониятни маънавий камолот сари етаклаш борасидаги хизматларини кенг тарғиб этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2022 йилда марҳум Чингиз Айтматов Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, улуғ ижодкор Чингиз Айтматов туркий халқлар қадриятларини куйлаган, инсониятни мудом эзгуликка, огоҳликка ундаган, башариятга фақат ва фақат яхшилик соғинган бетакрор адиб эди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири