31 май – Халқаро чекишга қарши кураш куни
Дунёда шундай саналар ҳам борки, улар ҳар йили байрам сифатида нишонланмайди, балки оламшумул муаммони инсониятга яна бир бор эслатиш, дунё аҳлини унинг хавфидан огоҳ этиш мақсад қилинади.
Одамзот курашиб келаётган, лекин бутунлай йўқ қилолмаётган мазкур муаммолардан бири шубҳасиз, кашандаликдир. Унга қарши кураш ҳамма мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам долзарб ҳисобланади. Лекин инсониятнинг бу балога қарши кураши натижа беряптими? Бу борада тадқиқот натижалари, келтирилаётган статистикалар нима дейди, олимларнинг фикри қандай?
Яқинда The Lancet журнали 1990 йилдан то 2019 йилгача бўлган даврда тамаки чекиш бўйича глобал ҳисоботини эълон қилди. Унда дунёнинг 204 мамлакатида тамаки чекиш статистикаси батафсил таҳлил қилинган. Мазкур тадқиқотга касалликлар келтираётган ташвишлар глобал лойиҳаси (GBD — Global Burden of Disease Study) доирасида ўтказилган 3 минг 625 та умуммиллий сўров натижаси асос қилиб олинди.
Статистиканинг кўрсатишича, чекувчилар сони умуман олганда, глобал даражада ортмоқда ва 2019 йилда уларнинг сони 1,1 миллиард нафарга етган. Шу билан бирга, чекиш дунё бўйича 7,7 миллионта ўлимга сабаб бўлди, ҳар бешинчи ўлим эркаклар орасида кузатилмоқда.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, чекиш эпидемиясига қарши курашиш учун мамлакатлар тамакига қарши курашнинг самарали чораларини кўриш бўйича ўз зиммасига олган вазифасини бажариши лозим. Жумладан, тамаки маҳсулотларига солиқ юкини ошириш йўли билан курашиш керак, дейилади ҳисоботда.
Инсониятни хавотирга солаётган жиҳат, чекишнинг 15-24 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида тобора оммалашиб бораётганидир. Таассуфки, дунё мамлакатларининг қарийб ярмидан кўпи ёшлар орасида чекишни қисқартириш бўйича саъй-ҳаракатлари натижасини намойиш қила олмаяпти.
Бугунги кунда дунёдаги ҳар бешинчи ёш йигит ва ҳар йигирманчи ёш қиз тамаки чекади. Ҳозирги кашандаларнинг ўнтадан тўққизтаси чекишни 25 ёшгача бошлаб юборган.
Мутахассисларнинг фикрича, тамаки рекламасини ҳамма жойда, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам тақиқлаш зарур. Тамаки тутунидан халос бўлган муҳитларнинг яратилиши ҳам ёшлар ўрасида болаликдан тамаки чекишни бошлашининг олдини олиш учун асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ёшларни никотинга қарамликдан ҳимоя қилиш эса кейинги авлод орасида тамаки истеъмол қилишни бутунлай йўқотиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
– Чекиш бутун дунёда инсон соғлиғига хавф солувчи асосий факторлардан бири ҳисобланади. Бироқ минг афсуски, тамаки истеъмолига қарши кураш барча мамлакатларда ҳам етарли даражада, деб бўлмайди, — дейди маъруза муаллифи, АҚШ университети (Сиэтл) профессори Эммануэлы Гакиду.
Шубҳасиз, олимнинг гапларида жон бор. Зеро, кўпгина мамлакатларда ёшлар орасида тамаки истеъмоли даражаси тобора ортиб бормоқда, Бу ҳам етмаганидек, тамакининг янги турлари пайдо бўлмоқда. Шундай экан, юзага келган вазият тамакига қарши курашни кескин оширишни тақозо этмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Олимнинг фикрича, агар инсон 25 ёшгача чекмаса, у кашандага айланмайди. Бинобарин, ушбу даврда ёшларнинг тамакига ружу қўйишига ҳар қандай йўл билан тўсқинлик қилиш керак бўлади. Шундай қилинса, унинг соғлиғи қолган умри давомида яхши ҳолатда бўлади.
Турли мамлакатларда тамаки истеъмоли даражаси турлича, лекин олимларнинг кузатувлари бўйича келинган хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, дунёдаги энг кашанда мамлакатлар ўнталиги Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, АҚШ, Россия, Бангладеш, Япония, Туркия, Вьетнам ва Филиппин давлатларидан иборат экан. Дунёдаги кашандаларнинг ҳар учинчиси эса Хитойда яшайди.
Тадқиқотларга кўра, кашандалар умуман чекмайдиганларга қараганда 10 йил кам умр кўрар экан. Дунёдаги ҳар иккинчи кашанда чекиш билан боғлиқ бўлган хасталиклар туфайли ҳаётдан кўз юммоқда.
Ўлим сабаблари орасида энг кўп учрайдигани юрак ишемик хасталигидир. 2019 йилда ушбу хасталикдан дунё бўйича 1,7 миллионта ўлим қайд этилган. Ундан кейин ўпканинг сурункали хасталиги (1,6 миллионта ўлим), нафас йўли яллиғланиши, йўтал ва ўпка саратони (1,3 миллионта ўлим) ҳам кашандалик натижасида вужудга келмоқда. Яна бир хасталик – инсульт ҳам кашандаларни таъқиб қиладиган асосий хасталиклар сирасига киради. Ундан ўтган йили бир миллион киши вафот этган.
Олимларнинг таъкидлашича, 87 фоиз ўлим ҳолати ҳаётининг охирги кунигача чеккан кишилар орасида қайд этилмоқда. Фақат олти фоиз ўлим ҳолати чекишни камида 15 йил аввал ташлаганларга тўғри келади.
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, тамаки истеъмолига чек қўйишнинг ҳеч қачон кечи бўлмайди. Ахир айтишадику, яхши амалнинг кечи йўқ, деб. “Шундай экан, неча ёшда бўлишингиздан, неча йилдан буён ушбу зарарли одатни канда қилолмаётганингиздан қатъий назар ташлашга уриниб кўринг, иродасизлик қилманг, ҳаётингиз учун энг аввало, ўзингиз қайғуринг”, дейди мутахассислар.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА