Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсондан фақатгина яхшилик қолади
21:54 / 2023-05-08

Хоразмлик Сарвар Полвоновни “Икки томонлама идиопатик коксартози-II-III даражаси” касаллиги безовта қилади. У бу хасталик билан узоқ вақтдан бери курашади. Даволанмаса, бу хасталик муқаррар ҳаракатсизлик ва ногиронликка сабаб бўлади. Шу боис бемор ўз вақтида даволаниб туриши керак. Аммо иқтисодий муаммолар мунтазам даволанишга имкон бермаётган эди. “Темир дафтар”га киритилган бу оила давлат эътибори ва қўллаб-қувватлови билан доимий даволаниб келади. У энди Хоразм вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида саломатлигини тиклаши мумкин.

Хоразм вилоятида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг ўтган тўрт ойида ногиронлиги ва сурункали касалликлари бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 8 минг 538 нафар аҳоли вакилларини соғлигини тиклаш, соғлом ҳаёт давомийлигини узайтириш мақсадида 3 миллиард 383 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш борасида 6249 оилага кундалик истеъмол товарлари, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари учун 583 миллион 100 минг сўм, шунингдек, 256 оилага байрамларда 424 миллион 800 минг сўм маблағ нақд пул шаклида ва пластик карталарига ўтказиб берилган.

“Темир дафтар”га киритилган 60 та оилани электр энергия ва табиий газдан бўлган 2 миллион 800 минг сўм қарзлари тўланди ва 92 оилага дори-дармон етказиб бериш учун 195 миллион 600 минг сўм, 42 оилага соғлигини тиклаши учун 328 миллион 900 минг сўм, 1836 оилага турмушда фойдаланиладиган зарурий маҳсулотлар учун 1 миллиард 848 миллион 263 минг сўм ёрдам маблағлари йўналтирилди.

Ажратилган ва йўналтирилган ана шу пул маблағи ҳисобига беморлар касалликларидан фориғ бўлиб, ўз оиласи бағрига қайтди.

Шовот туманининг "Янги-бурлоқ" маҳалласида истиқомат қилаётган Ҳасан Отажонов ҳам бу имкониятдан унумли фойдаланди. Уни етарли маблағи бўлмаганлиги сабабли жигар тизимидаги муаммо кўпдан буён қийнаб келаётган эди. "Саховат ва кўмак" жамғармасидан юқори технологик жарроҳлик амалиёти учун ажратилган 50 миллион сўм пул маблағи бу муаммонинг оқилона ечими бўлди. Ушбу амалиётни хоразмлик тиббиёт ходимлари, ўз касбининг моҳир усталари муваффақиятли амалга оширди.  

– Сурункали жигар касаллигидан қутулиб, оилам бағрига қайтдим, — дейди Ҳасан Отажонов. – Бу қайта туғилиш бўлди. Саломатлиги йўқ кишига қувончли кунлар ҳам татимайди. Энди соғломман, шукрона келтираман.  

Хоразмлик Ҳасан Отажонов сингари, хасталиги ва ногиронлиги сабаб уйда ётиб қолган беморларга "Саховат ва кўмак"дан ёрдам кўрсатилибгина қолмай, улар ҳолидан хабар олиниб, фонд ҳисобидан қўшимча ёрдам ҳам кўрсатиляпти.

Урганч шаҳаридаги “Гулзор” МФЙда яшовчи, “Темир дафтар”га киритилган Одилбек Аминов ОКХ. Ўнг чаноқ сон бўғимини тотал эндопротезлашдан кейинги ҳолати, оғриқ синдроми касаллиги билан оғриган. Унинг даволаниши учун 35 000 000 (ўттиз беш миллион) сўм пул ажратилган.

– Ўғлим 24 ёшда, уни ОУ Миопия баланд даражаси. Миопик хориоретинал дистрофия касаллиги безовта қилади, – дейди “Саховат” МФЙда яшовчи Муҳайё Алимова. – “Темир дафтар” рўйхатида турамиз. Ўғлимни даволатишга имкониятимиз етмайди. Бу тўхтовсиз авж олиб борадиган миопия хавфли касаллик бўлиб, у кўзни ногирон қилиши мумкин, дейишганда кўзимга дунё тор кўринди. Ҳеч кимнинг жони оғримасин экан. “ЛАЗEР ШИФО КЎЗ НУРИ” МЧЖ билан шартнома тузилган. Шунга асосан 32 000 000 (ўттиз икки миллион) сўм ўтказиб берилган. Ўғлим энди шифо топади, деб умид қиламан.  

Шунингдек, “Жингавуз” маҳалласида яшовчи “Темир дафтар”га киритилган фуқаро Саломат Собировага саратон касаллигидан даволаниши учун дори-дармон, Умида Отажоновага 2016 йилда туғилган фарзанди Ҳумоюн Мирзони болалар серебрал фалажи касаллигидан даволаши учун етарли маблағ ажратилди.

– “Темир дафтар”га киритилганмиз, иқтисодий аҳволимиз ҳаминқадар, – дейди Ўғилжон Раҳимова. – 14 ёшли қизим Шодия ўтказилган менингоэнцефалит асорати билан оғриган. Унинг даволаниши учун маблағимиз йўқ эди. “Саховат ва кўмак” жамғармасидан “Соғлом турмуш” МЧЖга 11 миллион сўмдан зиёд пул ўтказиб берилди.

“Мен бу хасталикдан шифо топаманми?...” деб кўзларимизга термиладиган қизим энди ўксинмайди.  

"Инсондан фақатгина яхшилик қолади" — бу эзгу ибора халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Имконияти чекланганларга яхшилик қилиб, ёрдам кўрсатиш “Саховат ва кўмак” жамғармасининг ҳам асосий мақсадидир.

Барно Мелиқулова, ЎзА