Шаҳзодда мушаклар емирилиши билан боғлиқ хасталик мавжуд. Афсуски, у тенгдошлари сингари жисмоний фаол ҳаёт кечириш имконига эга эмас.
“Ибрат” лойиҳасининг бу галги меҳмони 28 ёшли Шаҳзод Актамов Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Ёви қишлоғида истиқомат қилади. Бугунги кунда оилали, бир нафар фарзанднинг отаси. Навоий педагогика университетининг ахборот технологиялари йўналишида магистратура босқичини ҳам тамомлаган Шаҳзод уйидан туриб фрилансерлик фаолияти билан шуғулланади.
– Оғир дард исталган кишини тушкунликка туширади, – дейди Шаҳзод Актамов. – Соғлигим юзасидан тиббий кўрикдан ўтганимда ташхис натижасидан саросимага тушганим рост. Аммо ўзимни қўлга олишга уринганман. Аввало эркак кишиман. Бирор хасталикка чалиниш бу ҳаммаси тугади дегани эмас. Ҳаётнинг баҳоси жуда қиммат. Дард қанчалик оғир бўлмасин, инсон касалликка қарши курашишда ўзида куч топа билиши, руҳан синмаслиги керак.
Биз шундай замонда яшаяпмизки, бирор кунимизни интернетсиз ўтказа олмаймиз. Кимдир янгилик олиш, бошқаси ахборот улашиш, кимдир илм олиш, бошқа биров ўйин ўйнаш, кимдир бекорчиликдан вақтини ўтказиш учун, кимдир кино кўриш мақсадида, кимдир керакли дастурларни юклаш, бошқа биров бойлик орттириш, бошқаси бизнесини ривожлантириш мақсадида, хуллас жамиятнинг барча қатлами турли мақсадларда интернетдан фойдаланади.
Тўғри, мен ахборот коммуникация технологиялари йўналиши бўйича олий таълим муассасасида таҳсил олдим. Аммо IT йўналиши биз учун янгилик эди. Бу борада ҳатто устозларимиз учун ҳам очилмаган жиҳатлар кўп эди. Биласиз, бу соҳани ўрганиб сабоқ олиш яхшигина маблағ талаб этади. Ўша пайтларда шу соҳани ўрганаман деб киришган пайтларим интернетда видео дарслар кўриш қиммат бўлгани сабабли қийналардим. Шу боисдан ҳафтанинг дам олиш кунлари тунда мобил компаниялар томонидан бериладиган бепул интернет вақтидан фойдаланиб, дарсларни юклаб олардим ҳамда бошқа кунлари ушбу дарсликлардан ўзимни ривожлантириш учун фойдаланардим. Карантин даврида интернет орқали “Front-end” дастурларининг курсини сотиб олиб, лойиҳалар қилишга киришдим. Кейинчалик шу йўналишга қизиққан болалар ҳамда мактаб ўқитувчиларига қўшимча дарслар ўтиш орқали даромад топишга муваффақ бўлдим. Бугун кўпчилик мени “Full-Stack” дастурчиси сифатида танийди.
Шаҳзоднинг сўнгги лойиҳаларидан бири туризм йўналишида бўлиб, мақсади Навоий вилоятига саёҳатчилар оқимини кўпайтиришга қаратилган. У топаётган даромади бошқа тенгдошлариникидан анчагина юқори эканини айтади.
– Мен иш тартибимни ўзимга қулай вақтга режаларимга қараб тақсимлай оламан, – дейди Шаҳзод. – Айтайлик, тушликкача бажаришга улгурмаган ишимни кечга қадар албатта якунлашга ҳаракат қиламан. Бугунги ишни эртага қолдирмаслик менинг шиоримга айланган. Келгусида чет тилини ўрганиш ниятим бор. Бу борада ўз устимда ишлаб, хорижга ҳам IT хизматларини экспорт қилишни мақсад қилганман. Инсон меҳнатига ва интилишига яраша ҳақ олади. Барча шароит шаҳарда, чекка қишлоқдан туриб, нима ҳам қилса бўларди, деганларга жавобим шуки, инсонда интилиш бўлса, у энг чекка қишлоқдан туриб ҳам орзуларига эришиши мумкин. Отам деҳқон, давлат ишида ишламайди, онам эса уй бекаси. Келгусидаги барча орзуларимга ҳаракатларим ва ўз меҳнатим орқали эришмоқчиман.
Шаҳзоднинг таъкидлашича, рафиқасининг тикувчилик ва сартарошлик бўйича ҳунарлари бор. Бироқ Шаҳзоднинг мақсади турмуш ўртоғини ҳам олий маълумотли бўлишига яқиндан кўмак бериш.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА