Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Гулистон шахар 7-умумтаълим мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида Сирдарё вилояти Хотира майдонида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Жамол Комилов бу сананинг юртимиз тарихида муҳимлиги, урушда ҳалок бўлган ҳар бир ўзбекистонлик Ватанимиз фарзанди эканлиги, Хотира майдонида исмлари зарҳал ҳарфларда битиб қўйилган ватандошларимиз билан фахрланиш ва уларнинг жасоратидан ўрнак олиш ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳимлиги тўғрисида гапирди.

Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи бош мутахассиси Анорбой Норқулов Хотира майдонининг яратилиш тарихи ва ундаги Сирдарё вилоятидан урушда қатнашганлар исми -шарифлари ёзилган китоб ва уларнинг жасорати юзасидан ёшларга маълумот берилди. Ҳозирги кунда Боёвут туманида истиқомат қилувчи уруш қатнашчиси 101 ёшли Ўскан бобо Ходжиманов тўғрисида сўзлади.

– Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз бу орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун самарали меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдир, – деди Янги Сирдарё газетаси бўлим мудири Хуршида Нишонова.
Ш.Суяров,
ЎзА мухбири