Ҳамид Олимжон, Наим Каримов, Чингиз Айтматов ижодида, фаолияти, умр мазмунида халқ дарди, башарият тақдири, табиатга, одамларга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат устувор ўрин эгаллар эди.
Манбаларга кўра, истеъдодли шоир, драматург, олим ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах шаҳрида дунёга келди. Бошланғич мактабни тугатгач, Самарқанд педагогика билим юртида (1923-1926), сўнг Педакадемияда (1926-1931) ўқиди. Ҳамид Олимжон талабалик йилларидаёқ шеъриятга қизиқди.
Асарлари 1926 йилдан «Зарафшон» газетасида чиқа бошлади. 1927 йилда шоир мазкур нашрнинг муҳарририятига ишга ўтди.
Ҳамид Олимжоннинг «Кўклам» номли илк шеърий тўплами 1929 йилда босилиб чиқди. Шундан сўнг «Олов сочлар» (1931), «Ўлим ёвга» (1932), «Пойга» (1932) каби шеърий тўпламлари нашр этилди.
Унинг ижодида «Зайнаб ва Омон» достони алоҳида ўрин тутади.
Ҳамид Олимжон шеъриятининг лирик қаҳрамони замон билан ҳамнафас бўлган, ватанпарвар, шодлик ва бахт тароналарини куйловчи инсондир.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (1943) Ҳамид Олимжон ўзбек адабиётининг долзарб масалалари бўйича қатор илмий-танқидий асарлар яратди.
Ҳамид Олимжон Пушкин, Толстой, Горький, Маяковский, Серафимович, Шевченко, Лермонтов ва бошқа рус ижодкорларининг асарларини таржима қилди.
Миллатимизнинг бебаҳо дурдонаси – «Алпомиш» достони биринчи марта Ҳамид Олимжон томонидан нашрга тайёрланиб (1938), чоп этилди. У Алишер Навоийнинг 500 йиллигини ўтказиш юбилей қўмитасининг аъзоси сифатида улуғ шоир ҳаёти ва ижоди юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб борди.
Ҳамид Олимжон 1939 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди.
Ҳамид Олимжон «Дарё кечаси» (1936), «Ўлка» (1939), «Бахт» (1940) тўпламлари, «Икки қизнинг ҳикояси» (1935-1937), «Ойгул ва Бахтиёр» (1937), «Семурғ» (1939) достонлари билан ўзбек шеъриятида романтик тасвир тамойилларининг қарор топишига катта ҳисса қўшди.
Иккинчи жаҳон урушининг оловли йилларида унинг «Муқанна» номли шеърий драмаси яратилдики, у ҳанузгача драматургиямизнинг гўзал намуналаридан бири бўлиб келаётир. Унинг «Жиноят» драмаси замонавий мавзуда ёзилган. Бу даврда унинг бир неча шеърий тўпламлари билан бир қаторда «Жангчи Турсун», «Роксананинг кўз ёшлари» каби қатор балладалари ҳам яратилди.
Заҳматкаш олим, фидойи адабиётшунос, жадидшунос олим Наим Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкент шаҳрида туғилди. 1955 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаб, ушбу олий таълим муассасасининг аспирантурасида таҳсил олди.
1958 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти)да кичик илмий ходим сифатида иш бошлаган олим кўп йиллик илмий-ижодий фаолияти давомида мазкур институтда катта ва етакчи илмий ходим, бўлим мудири вазифаларида ишлади.
1962 йилда номзодлик, 1993 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2002-2008 йилларда “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси раиси ҳамда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи раҳбари, 2008 йилдан ушбу музейнинг етакчи илмий ходими сифатида самарали меҳнат қилиб, илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшди.
Наим Каримов ХХ аср ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича кенг қамровли фундаментал тадқиқот ва изланишлар олиб бориб, ушбу йўналишда ўзига хос мактаб яратди. Хусусан, маърифатпарвар жадидларнинг ҳаёти ва фаолияти, XX аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари ижодига оид кўплаб монография ва тадқиқотлари, маърифий романлари ҳамда мингдан ортиқ илмий мақолалари, қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари адабиётшунослик фанига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Олимнинг мустабид тузум йилларида қатағон этилган фидойи зиёлиларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш, уларнинг илмий-маърифий меросини оммалаштиришдаги хизматлари юртимиз ва хорижий мамлакатлар илмий жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилган.
Серқирра олим жаҳон адабиётининг бир қатор сара асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиш билан бирга тарихий мавзуларда йигирмага яқин ҳужжатли фильмларни яратишда ҳам фаол иштирок этди.
Унинг бевосита раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланган.
Академик Н.Каримовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотларига сазовор бўлган эди.
Атоқли қирғиз ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби, дипломат Чингиз Айтматов Ўзбекистон, халқимизнинг ҳам чин дўсти эди.
Адабиётшунослар фикрига кўра, унинг илк ҳикоялари 1950 йилларда босилган. “Байдамтол соҳилларида” (1955), “Юзма-юз” (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. “Жамила” (1958), “Сарвқомат дилбарим” (1961), “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим” (1962), “Момо ер”, “Сомон йўли” (1963), “Алвидо, эй Гулсари” (1966) каби қиссаларида муҳаббат мавзуси катта эҳтирос билан тараннум этилган. Айтматовнинг “Тоғ ва чўл қиссалари” туркумига кирган асарлари юксак баҳоланди. Айтматовнинг “Оқ кема” (1970) қиссасида инсоний гўзаллик, эзгулик ва ҳаёт зиддиятлари, экология муаммолари теран тадқиқ этилади.
“Оқ кема” кинофильми ҳам асар каби шуҳрат қозонди. “Денгиз ёқалаб чопаётган олапар” (1977) қиссасида муҳим маънавий масалалар, шўро давридаги ҳаётнинг машъум манзаралари ўз ифодасини топган. “Асрга татигулик кун” (1980), “Қиёмат” (1986), “Кассандра тамғаси” (1990) романларида замонамизнинг умуминсоний томонлари, она-сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган.
Айтматовнинг «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (М.Шохонов билан ҳамкорликда) асари маънавиятга бағишланган. Айтматов асарларида руҳият таҳлили анъанавий фольклор, мифология, образлилик билан уйғунлашиб кетади. У собиқ СССРнинг, сўнг Россия Федерациясининг, 1991 йилдан Қирғизистон Республикасининг Люксембург, Белгиядаги элчиси эди. Айтматов ташкил этган “Иссиқкўл форуми” халқаро тинчлик ҳаракати тинчликпарвар ижодкор-зиёлиларнинг ўзига хос маънавий платформасига айланган. Чингиз оғанинг асарлари жаҳоннинг 154 тилига таржима қилиниб, миллионлаб нусхаларда чоп этилган (1999). “Сарвқомат дилбарим” (“Довон”), “Бўтакўз” (“Жазирама”), “Биринчи муаллим”, “Жамила”, “Алвидо, эй Гулсари” ва бошқа асарлари экранлаштирилган, ўзбек ва чет эл театрларида саҳналаштирилган. «Момо ер» асарига И.Акбаров мусиқа ёзган.
Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Чингиз Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган.

Кейинги йилларда мамлакатимизда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби қад ростлади. Ўзбекистон Чингиз Айтматовнинг асарлари дунёда энг кўп чоп этилган, унинг ижоди севиб ўрганиладиган мамлакат сифатида эътироф этилмоқда. Наим Каримовнинг жадидчилик ҳаракатига доир тадқиқотлари ёш олимлар, адабиётшунослар томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан ўрганилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида миллий ва жаҳон адабиётини тобора оммалаштириш, ижод аҳлининг маърифий меросини ўрганиш, тарғиб этиш, миллатимизни китобхон миллатга айлантириш борасидаги эзгу ташаббусларнинг амалий натижасидир.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА