Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Инсон учун» республика савдо кўргазмаси иш бошлади
21:09 / 2024-05-01

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар залида «Инсон учун» республика савдо кўргазмаси ташкил этилди.

Шу муносабат билан мазкур муҳташам мажмуага турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, тадбиркорлар, уста ва ҳунармандлар, ишбилармон ҳамюртларимиз таклиф этилди.

Кўргазманинг тантанали очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош директори Мансурбек Оллоёров, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов мамлакатимизда аҳолининг барча қатламлари манфаатларини кучли ижтимоий ҳимоялаш масаласи янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Кўргазманинг асосий мақсади тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг савдо ҳажмини ошириш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бор шахсларнинг меҳнат бозоридаги улушини оширишдан иборатдир.

Ушбу «Инсон учун» савдо кўргазмаси ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи, ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат 200 нафар тадбиркорлар ва ҳунармандлар мебель ва текстиль, пойабзал, спорт, техника, полиграфия, озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Юртимизда ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар замирида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятга интеграциялашуви, ижтимоийлашуви учун зарур шароитлар яратиш ва бандлиги оширишдек масъулиятли вазифа мужассам. Қолаверса, ҳар бир шахс учун тенг имкониятлар – бу нафақат фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш, балки ҳар бир инсон муносиб ҳаёт кечириши, ўз салоҳияти ва истеъдодини намоён этиши, ўзини қадрли ҳамда жамиятнинг тўлақонли иштирокчиси деб ҳисоблайдиган муҳитни яратиш ва жамиятга тўлиқ интеграциялашувига кўмаклашишдан иборатдир.

Айтиш керакки, мамлакатимизда сўнги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, жамиятнинг тўлақонли аъзоси қилиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бугунги кунда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини сақлаш юзасидан кўплаб самарали ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2023 йилда республика бўйича қарийб 366 минг 79 нафар шахслар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида бирламчи ва қайта кўрикдан ўтказилган, уларнинг 116 минг 12 нафарига биринчи маротаба ногиронлик белгиланган.

2023 йил давомида 52 минг нафар шахс ана шундай воситалар билан таъминланди. Шундан 400 га яқин замонавий сон, болдир ва оёқ аппаратларига муҳтож ногиронлиги бўлган ва пенсия ёшидаги шахсларга берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 февралдаги «Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.

Муҳтожларга бериладиган протез воситаларининг тури 18 тадан 30 турга, ажратилган маблағ эса 1.5 баробардан 10 бараваргача оширилди.

[gallery-17221]

Мазкур қарор билан 2024 йил 1 майдан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан электрон тижорат орқали ваучер асосида «Инсон» марказлари ва ижтимоий ходимлар ёрдами орқали исталган ишлаб чиқарувчидан олиш тартиби жорий этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вазирлик ва идоралар ҳамда тижорат банклари томонидан 20 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланиши бўйича фаол чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Агентлик тизимида 300 дан ортиқ ходим ҳам айнан ногиронлиги бўлган шахслардан иборатдир.

Апрель ойидан вазирлик ва идоралар ҳамда тижорат банклари томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун 7 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари эълон қилинди.

– Корхонамиз офис мебеллари, ўқув, тиббиёт, мактабгача ва мактаб таълими даргоҳлари, хонадонлар учун жиҳозлар ишлаб чиқаради, – деди Самарқанддаги «Нур сайқал мебеллари» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жавлон Толипов. – Корхонамиз ишчиларининг 50 фоизини алоҳида эҳтиёжли инсонлар ташкил этади. Улар учун зарур меҳнат шароитлари тўлиқ яратилган. Ишга келиб-кетишлари учун алоҳида транспорт қатновини йўлга қўйганмиз. Ушбу кўргазма янги ҳамкорлар топиш, фаолиятимизни янада кенгроқ тарғиб этиш ва таништириш имконини беради.

Фарғонадаги «Инсон қадри» корхонасида 14 нафар ишчи меҳнат қилади. Корхона раҳбари Зумрадхон Йўлдошеванинг айтишича, бу ерда 2- ва 3-гуруҳ ногиронларининг меҳнатга лаёқатлилик даражасидан келиб чиқиб, бандлиги таъминланган. Корхонада касб-кор кийимлари, махсус кийим-кечаклар, уй-рўзғор учун чойшаблар, жилдлар тайёрланади. Давлат томонидан субсидиялар йўналтирилгани тикув цехи учун янги ускуналар харид қилишда жуда қўл келди. Айни пайтда ҳамкор ташкилотлар билан тўғидан-тўри шартномалар имзолашда, даромад, мулк солиқларида имтиёзлар яратилгани эътиборлидир.

Сайёра Турдиқулова Китоб туманидаги энг машҳур чеварлардан. Узоқ пайт тикка туришга қийналсада, Сайёра опа 40 нафардан ортиқ аёлни иш билан таъминлаган. У тиккан дўппи, камзул, сумка ва бошқа буюмлар Араб давлатлари, Россия, Малайзия каби давлатларда ҳам жуда харидоргир.

– Бу каби тадбирлар сабабли мижозларнинг ўзи тўғридан- тўғри бизларни топиб келмоқда, – деди қўли гул чевар Сайёра опа Турдиқулова. – Мижозларимиз янада кўпайишини хоҳлаймиз. Бундай кўргазмалар янгиликлардан хабардор бўлиш, соҳага оид ҳамкорлар билан ўзаро фикр алмашиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Икки кунлик кўргазма давомида давра суҳбатлари, панель сессиялар, қизиқарли ютуқли ўйинлар ва кўрик-танловлар ташкил этилиб, ғолиблар турли номинациялар бўйича тақдирланади.

«Инсон учун» республика савдо кўргазмаси ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга, улар иштирокида тайёрланган маҳсулотларнинг жадал оммалашувига ва келгусида улар учун халқаро бозорлар пайдо бўлишига хизмат қилади.

Кўргазманинг илк куни жуда қизғин, амалий ва ишчан руҳда ўтди.

Унинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА