Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон учун, инсон билан: БМТдаги Президент нутқидан таҳлил
09:51 / 2025-09-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқида қатор муҳим йўналишлар алоҳида таъкидланди.

Биринчидан, у БМТнинг нуфузини ошириш ва Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатди. Замонавий глобал таҳдидларга барқарор жавоб бериш учун халқаро ҳамжиҳатлик шартлиги қайд этилди.

Иккинчидан, Ўзбекистондаги ички ислоҳотлар ҳақида сўз бордики, уларнинг асосида инсон қадри, манфаати ётарди. Жумладан, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш соҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилди. Агар олдинги даврларда камбағаллик даражаси 35 фоизга етган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 6,6 фоизгача қисқарди. Бу рақамлар халқимиз фаровонлиги ва ижтимоий сиёсатнинг самарадорлигидан далолат беради. Шу билан бирга, таълим тизимида ҳам тарихий ўзгаришлар амалга оширилди: мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди.

Президентимиз таълим-тарбия масаласини давлат сиёсати даражасига олиб чиқиб, уни халқаро миқёсда ҳам юксак минбарларда кўтармоқда. Жумладан, педагоглар обрў-нуфузини ошириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлаш ва халқаро тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклиф қилинди.

Бу таклифнинг замирида буюк жадидларимизнинг асрий орзуси – маърифат ва тараққиёт орқали миллатни юксалтириш ғояси мужассам. Чунки таълим ва тарбия — ҳар қандай жамиятнинг келажагини белгилайдиган энг муҳим омилдир. Саммитнинг Ўзбекистонда ўтказилиши, бир томондан, юртимизнинг глобал маърифат марказига айланаётганидан далолат берса, иккинчи томондан, устоз ва мураббийлар қадрини юксалтиришга қаратилган амалий қадамдир.

Шу жиҳатдан, мазкур ташаббус нафақат миллий даражада, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам долзарб аҳамият касб этади. У орқали мамлакатимиз халқаро таълим ҳамкорлигининг муҳим нуқтасига айланиб, келажак авлод учун замонавий билим ва салоҳият эшикларини янада кенгроқ очади.

Учинчидан, соғлиқни сақлаш, болалар касалликларига қарши кураш ва гендер тенглиги масалаларига тўхталиб, мазкур масаланинг аҳамияти, аввало, инсон қадри билан боғлиқлигидир. Мамлакатимизда яратилaётган илғор соғлиқни сақлаш тизими — ҳар бир фуқаро, айниқса, болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган. Болалар саратон ва оғир касалликларга дуч келса, бу фақат бир оиланинг эмас, бутун жамиятнинг дардига айланади. Шу боис бу ташаббус нафақат тиббий, балки ижтимоий-ахлоқий аҳамиятга эга. Президентнинг БМТ бош қароргоҳида юқори даражада тадбир ўтказиш ташаббуси ҳам халқаро ҳамжиҳатликни кучайтиради. Чунки бундай касалликларга қарши кураш бир давлатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг вазифаси ҳисобланади. Бу ерда Ўзбекистоннинг таклифи — бирлашиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликда ечим топиш.

Шунингдек, гендер тенглик масалалари ҳам гапирилди. Унда Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш таклиф қилинди. Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш таклифи – бу, аввало, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Форумнинг асосий аҳамияти шундаки, у нафaқат алоҳида давлатда, балки бутун Осиё миқёсида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг билим, тажриба ва имкониятларини бирлаштириш имконини беради.

Халқчил жиҳати – бу ташаббус ҳар бир оила ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки аёллар фақат оилада эмас, балки иқтисод, сиёсат, илм-фан, тадбиркорлик ва маданиятда ҳам фаол иштирок этиш орқали жамият тараққиётини таъминлайди. Форум улар учун минбар ва имкониятлар майдонини яратади.

Самимийлик эса шундаки, бу таклифда аёлларнинг нафақат муаммолари, балки орзулари ва интилишлари ҳам инобатга олинади. Форум доимий шаклга эга бўлса, ҳар бир аёл ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва янги ташаббусларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Минтақавий ҳамкорлик масалалари ҳам нутқнинг муҳим қисми бўлди. Марказий Осиёда ўзаро савдо ва инвестициялар 5 баробар ошгани, чегаралар очилгани ва интеграция жараёни янги босқичга чиққани қайд этилдики, бу оддий одамлар ҳаётида бевосита ҳис этиладиган катта ютуқ. Аввал одамлар қўшни давлатларга боришда қийинчиликларга дуч келса, ҳозир улар эркин ҳаракат қила олади, тадбиркорлар товар айирбошлайди, оилалар қариндош-уруғлари билан осон мулоқот қилади. Шу маънода, интеграциянинг янги босқичга чиқиши бутун минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.

Халқаро хавфсизлик бўйича Афғонистоннинг яккаланиб қолмаслиги зарурлиги, Ғазо ва Украинада эса сиёсий ечимга интилиш кераклиги айтилди. Афғонистоннинг яккаланиб қолмаслиги ҳақидаги чақириқ – бу нафақат сиёсий, балки инсоний масала. Афғон халқи ҳам тинч ва осуда ҳаётга ҳақли. Улар изоляцияга дуч келса, бу фақат муаммоларни кучайтиради. Шу боис, Афғонистонни минтақавий ва халқаро ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш барчамиз учун хавфсизликни мустаҳкамлайди. Ғазо ва Украина ҳақида айтилган фикрлар эса тинчликка интилишнинг умумбашарий эҳтиёжи эканини кўрсатади. Зеро, ҳарбий ҳаракатлардан кўпроқ оддий аҳоли, болалар, аёллар жабр кўради.

Минтақавий Кенгашни Халқаро марказга айлантириш ташаббуси – бу хавфсизлик йўлидаги янги қадам. У нафақат террорчиликка қарши, балки у билан боғлиқ ижтимоий муаммолар – жиноятчилик, радикал ғоялар, ёшларнинг экстремизмга тортилишига қарши ҳам самарали курашиш имконини яратади.

Экология соҳасида эса Оролбўйида 2 миллион гектарга чўл ўсимликлари экилгани, 2030 йилгача ҳудуднинг 80 фоизи яшиллантирилиши режалаштирилгани маълум қилинди. Шунингдек, сув инқирози глобал таҳдид сифатида эътироф этилиши ва халқаро йўл харитаси қабул қилиниши таклиф этилди.

Ниҳоят, ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Президент “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни тузиш ва қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштиришни таклиф этди. Президент Шавкат Мирзиёев нутқида алоҳида таъкидладики, дунёнинг эртаси, фаровонлиги ва тақдири – ёш авлод қўлида. Шу боис уларни қўллаб-қувватлаш, имкониятлар эшигини очиш – давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган.

          Бу ташаббус ёшларни тинчлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик ғоялари атрофида бирлаштириш учун муҳим платформа. Агар у амалга ошса, биринчи навбатда турли мамлакат ёшлари ўзаро мулоқот қилади, тажриба ва билим алмашади, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғоясини авлоддан-авлодга етказиш имкони пайдо бўлади. Қароргоҳнинг айнан Ўзбекистонда жойлашиши ҳам катта маъно касб этади. Чунки Ўзбекистон азалдан тинчлик ва бағрикенглик юрти сифатида эътироф этилган.

Ёш авлод онги ва қалбига тинчлик, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч ғояларини сингдириш – бу келажак учун энг ишончли инвестиция. Бугунги ёшлар қўлида эртанги сиёсат, иқтисод, фан, маданият ва ҳатто дунё тинчлиги турибди.

          Зеро, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшларга катта эътибор қаратилмоқда. Маърузада таъкидланганидек, олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга етди, ёшлар тадбиркорлигига имтиёзлар бериляпти, маданий ва спорт майдончалари яратиляпти, халқаро стипендиялар ва алмашинув дастурлари орқали уларнинг дунёқараши кенгаймоқда.

Ёшлар масаласи ҳар бир ота-она учун юракдан яқин. Чунки ҳар бир оила фарзандининг келажаги, унинг билимли, салоҳиятли ва тинч муҳитда вояга етиши билан шуғулланади. Президент ташаббуслари айнан халқнинг энг юракдош орзусини – “фарзандим тинчликда, илм ва касб эгаллаб улғайсин” деган ниятни рўёбга чиқаради.

Шунингдек, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилиши ва аждодларимиз илмий меросини БМТда тақдим этиш режаси билдирилди. Тошкентда очиладиган Ислом цивилизацияси маркази ва аждодларимиз илмий меросини БМТда тақдим этиш – бу халқимиз маънавий меросини жаҳонга танитиш, шу билан бирга, дунёда ислом маърифати, бағрикенглик ва илм-фан анъаналарини тарғиб қилишга хизмат қилади. 

Буюк аждодларимизнинг бой маънавий ва илмий меросини жаҳон миқёсида намойиш этиш ташаббуси, аввало, мамлакатимиз учун катта маънавий ва сиёсий аҳамиятга эга. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби улуғ алломалар бутун ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Улар нафақат диний илм, балки маърифат, ахлоқ, бағрикенглик ва тинчлик ғояларини тарғиб қилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида уларнинг меросини алоҳида тақдим Ўзбекистоннинг маънавий тарихий мақомини мустаҳкамлайди. Чунки жаҳон ҳамжамияти бизнинг тарихий меросимизни чуқурроқ англайди. Иккинчидан, миллатлараро ва динлараро бағрикенглик ғояларини кенг ёйишга хизмат қилади, чунки ушбу алломалар илми тинчлик ва аҳиллик асосига қурилган. Учинчидан, ёш авлод учун намуна бўлади, чунки уларнинг мероси илмга ҳурмат, маърифатга интилиш ва ахлоқий баркамоллик руҳини улуғлайди. Ислом цивилизациясида Ўзбекистоннинг ўрнини янада очиқ-ойдин кўрсатади, чунки Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби шаҳарлар жаҳон илм-фани ва маданиятида марказ бўлган.

Бу билан Ўзбекистон нафақат миллий меросни, балки умуминсоний қадриятларни ҳам ҳимоя қилиб, жаҳон ҳамжамиятида тинчлик ва тараққиётга қаратилган фикрларни илгари сурмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президент нутқи янги Ўзбекистоннинг ички ислоҳотлари, минтақавий ҳамжиҳатлик ва глобал дипломатиядаги фаол иштирокини намоён этди.

Фируза Муҳитдинова,

 ТДЮУ профессори