Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ҳуқуқларини бузишга ҳеч ким ҳақли эмас
17:21 / 2019-11-25

Бош Қомусимиздаги тегишли моддалар талабларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича самарали фаолият олиб борилмоқда.


Адлия органлари инсон ҳуқуқларига оид қонун бузилишида айбдор бўлган 66 мансабдор шахсни аниқлади

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 13-модда

Бош Қомусимиздаги тегишли моддалар талабларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича самарали фаолият олиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини таъминлашга бевосита масъул бўлган Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларига доир қонун ҳужжатлари назоратини амалга оширмоқда.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида адлия органлари томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Фуқаролардан тушган 13 минг 700 мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, шундан 2 минг 215 таси 1008 рақамли "Ишонч телефони” орқали қайд этилган.

215.JPG

Мурожаатларни кўриб чиқиш мобайнида аниқланган қонунбузилишлар ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли идораларга 271 тақдимнома киритилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди. Судларга 286 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди.

Қонунбузилишида айбдор бўлган 66 мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли қарор қабул қилиш учун маъмурий судларга юборилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг 32 ҳужжати бекор қилинди. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган 6,8 миллиард сўмлик зарар судгача ундириб берилишига эришилди.

Жумладан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшовчи фуқаро Г.Г. бузилган мол-мулки бозор нархида баҳоланмаганидан норози бўлиб Адлия вазирлигига мурожаат қилди. Шу асосда судга даъво ариза киритилди. Фуқаронинг кўчмас мулки бозор баҳосида қайта баҳоланиб, тўланмай қолган 338 миллион сўмдан зиёдроқ компенсация пули тўлиқ ундириб берилди.

Таҳлилга кўра, мурожаатларнинг аксарияти ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг мулк ҳуқуқи бузилаётгани, иш берувчилар меҳнат қонунчилигига риоя этмаётгани, судларнинг қабул қилган қарорлари ёки уларнинг ижроси ўз вақтида ва тўлиқ таъминланмаётгани юзасидан экани маълум бўлган.

3131.JPG

Жорий йилнинг 10 май – 30 июнь кунлари “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” лойиҳаси доирасида республика бўйлаб фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганиш бўйича акция ўтказилди. Акция доирасида фуқароларнинг 2 минг 586 мурожаати қабул қилинди. Уларнинг кўп қисмини жойида ҳал қилиш ва қаноатлантириш чоралари кўрилди.

Акция доирасида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ташкилотларга 236 тақдимнома ва 100 огоҳнома, судларга 30,3 миллиард сўмлик 360 даъво аризаси киритилди. 17 ҳолатда айбдор шахсни маъмурий, 3 ҳолатда эса жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар берилди, 3 та ҳоким қарори бекор қилинди.

Акция доирасида кўплаб фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жумладан, Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан фуқаро Р.И.нинг биноси бузилиб, унга компенсация берилмаётгани аниқланди. Бахмал тумани адлия бўлими томонидан фуқаро манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол тумани судига 195,8 миллион сўмлик компенсация тўлаш бўйича даъво ариза киритилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан доимий назорат амалга оширилмоқда. Шу мақсадда 298 давлат органи ва ташкилотида ўрганишлар ўтказилиб, 62 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. 15 миллиард сўмлик пул маблағларининг фуқароларга қайтариб берилиши таъминланди.

Инсон ҳуқуқлари йўналишида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш механизмлари, шунингдек, қонунчиликдаги янгиликларни аҳолига етказиш мақсадида адлия органлари томонидан жами 17 минг 716 тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Буларнинг барчаси аҳолининг ўз ҳуқуқларини билишига, бошқа шахслар ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлишига, уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий билимларининг ошиши ва уларни қўллаш бўйича етарли кўникмаларнинг шаклланишига хизмат қилмоқда.