Омбудсманнинг Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили Абира Ҳусейнова ташаббуси билан ҳудудда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган қатор хайрли тадбирлар изчил равишда ташкил этилмоқда. Бу ташаббуслар инсон қадри, инсон ҳуқуқлари ва соғлом жамият барпо этиш ғояларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Омбудсманнинг минтақавий вакили. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги ЖИЭД 6-минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи, подполковник Ғолибжон Турдиев ҳамда Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев ҳамкорлигида жорий йилнинг февраль–март ойларида ҳудудда “Профилактик тиббий кўрик” тадбирларини кенг қамровда ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Мазкур чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад Марказ тасарруфидаги муассасаларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда терговда сақланаётган маҳбусларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг соғлиғини мунтазам тиббий назоратга олиш, касалликларни илк босқичидаёқ ташхислаш ва самарали даволаш чораларини кўришдир.

–Бугунги кунда инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бирига айланган, –дейди А Ҳусейнова. –Ҳамкорликда ташкил этаётган профилактик тиббий кўриклар фақат тиббий тадбир эмас. Балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлом яшаш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган амалий механизмдир. Айниқса, жазо муассасаларидаги шахслар саломатлигига эътибор қаратиш жамиятнинг инсонпарварлик даражасини кўрсатадиган муҳим мезондир. Бу ишлар орқали биз соғлом жамият, соғлом тафаккур ва соғлом келажак пойдеворини мустаҳкамламоқдамиз.
Шунингдек, профилактик тиббий кўриклар орқали маҳкум ва маҳбуслар ўртасида юқумли ва сурункали касалликларнинг олдини олиш, уларнинг умумий соғломлашув даражасини ошириш, санитария-гигиена маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзига бўлган онгли муносабатни шакллантириш ҳамда инсон қадрини улуғлаш тамойилини ҳаётга кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири