English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун
17:17 / 2024-07-26

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилоятида аҳоли ўртасида буйрак етишмовчилиги касалликларини барвақт аниқлаш, диагностика қилиш, унинг олдини олиш, касалликка чалинган беморларни амбулатор-стационар тартибда даволаш борасида қатор ишлар бажарилмоқда. Фуқаролар яқин-яқингача ҳам буйрак ва жигар трансплантацияси учун катта маблағ сарфлаб, хорижга боришга мажбур бўлар эди. Энди эса ушбу нозик ва мураккаб бўлган жарроҳлик амалиётлари нафақат пойтахтда, балки Фарғона вилоят даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилган. Бунда аввало, тиббиёт марказининг Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий ҳамда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказлари билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари ҳамда соҳанинг моддий-техник базаси ва тиббий кадрлар салоҳияти мутаносиб равишда такомиллаштириб борилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Мазкур тиббиёт марказида 2022 йилда илк бор буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилган эди.  

[gallery-18448]

Соҳага қаратилаётган эътибор натижасида мазкур тиббиёт муассасасининг моддий-техник базаси ҳам янада яхшиланди.  

– Бугунги кунда вилоятимизда жами 450 нафар фуқаро буйрак етишмовчилиги касаллигидан азият чекиб, режали диализ аппаратидан фойдаланмоқда, - дейди мазкур тиббиёт маркази бош шифокор ўринбосари Иқболжон Абдуллаев. – Айнан шу касаллик билан хасталанган беморларга қулайликлар яратиш мақсадида марказимизда 2021 йил 1 апрелдан гемодиализ бўлими иш бошлади. Бўлимга 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига Германиядан келтирилган 10 та сунъий буйрак аппарати, 1 та Хитойдан келтирилган 10 ўринли сув тозалаш станцияси жойлаштирилди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, гемодиализ – бу буйрак аппарати ёрдамида ярим ўтказувчан мембрана орқали қонни тозалаш жараёнидир. У буйрак етишмовчилиги, дори-дармон, алкоголдан заҳарланган одамлар учун зарур бўлиб, қондаги токсинлар ва карбамидни фильтрлайди, ортиқча суюқликни йўқ қилади, электролитлар мувозанати, қон босимини нормаллаштиради ва кислота-ишқор мувозанатини тиклайди. Энг муҳими, инсон саломатлигини тиклашга ёрдам беради. Янги гемодиализ аппаратлари, аввало, гемодиализга муҳтож, буйрак етишмовчилиги касаллигига чалинган беморлар, қолаверса биз, шифокорлар учун катта имконият бўлди, деб айта оламан.  

Мазкур кўп тармоқли тиббиёт маркази кадрлар салоҳиятини оширишга, уларни замон билан ҳамнафас бўлиб ишлашига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Шифокорлар ҳар беш йил икки марта Тошкент шифокорлар малака ошириш масканида ҳамда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида билим ва тажрибаларини ошириб қайтади.

Келгусида тиббиёт маркази шифокорлари нафақат буйрак, балки жигар трансплантацияси ҳамда юрак билан боғлиқ бўлган нозик жарроҳлик амалиётларини ҳам йўлга қўйишни мақсад қилган.  

Ўйлаймизки, инсон саломатлиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар халқимизнинг фаровон ҳаёти ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун.

Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА