Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам юқумли касалликлар турлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Айниқса, аллергия, суяк-бўғин оғриғи, юрак-қон томир, грипп ва бошқа касалликлардан жабр кўраётганлар сони ортиб боряпти.
Касалликлар турлари ёшараётгани эса жуда ачинарли. Гарчи фармацевтика саноатида уларни даволаш учун ишлатиладиган дори препаратлари мавжуд бўлса-да, инсон организми дори воситаларини қабул қилмаслиги оқибатида заҳарланиш ҳолатлари кузатилаётганини кўриш мумкин. Айниқса, болалар ва ёши улуғ инсонларнинг иммун тизимидаги ўзгаришлар препаратларни қабул қилмаяпти. Оқибатда турли ҳолатлар рўй бермоқда. Юртимизга кириб келган “COVID – 2019” касаллиги нафақат соғлиқни сақлаш, балки, қатор ташкилотларни ҳам саросимага солиб қўйиб, тиббиёт соҳасидаги камчиликларни кўрсатди. Шу боис, халқ табобатини ривожлантириш бўйича қарор қабул қилинишига зарурат туғилди.
Инсонлар азалдан турли гиёҳларнинг даволовчи хусусияти ҳамда қувват берувчи эканлигини билган. Қадимги Миср, Ҳиндистон, Хитой, Ўрта Осиё ва бошқа давлатларда табиблар уларнинг давоси ҳақида китоблар ёзиб қолдирган. Хусусан, безиён ва шифобахш воситаларнинг дориворлик хусусияти, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ушбу гиёҳлардан фойдаланиш ҳақида тиб илмининг султони, тиббиёт фани ривожланишига улкан ҳисса қўшган юртдошимиз Абу Али ибн Сино кўплаб маълумотлар ёзиб қолдирган.
Ўзбекистон табиати ўзининг ўсимликлар биохилма-хиллиги ва шифобахш ўсимликларга бойлиги билан ажралиб туради. Инсоният ҳаёти ўсимликлар дунёси билан узвий боғлангани сабаб, улар инсон фаолиятида озиқ-овқат, доривор ва бошқа қатор вазифаларни бажарган. Доривор гиёҳларнинг қўлланилиш эволюцияси кўп асрлик анъаналарни ва замонавий фаннинг ютуқларини ўз ичига олади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимизда ўсадиган мингдан ортиқ ўсимликлар дориворлик хусусиятига эга. Халқ табобатида ушбу бебаҳо табиат неъматларидан инсон саломатлиги йўлида оқилона фойдаланиш бўйича бой тажриба тўпланган.
Халқ табобатида турли хил касалликларга даво бўла оладиган шифобахш гиёҳларнинг таркиблари келтирилган. Бу таркибларда ишлатиладиган гиёҳларнинг деярли барчасини юртимиз табиатидан, чўл-адирлар ва тоғларидан топишингиз мумкин. Аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш, ёш авлодни соғлом қилиб тарбиялаб шакллантиришда шифобахш ўсимликлар ва улардан тайёрланадиган доривор препаратларнинг роли беқиёсдир.
Аҳолини табиий гиёҳлар билан даволаш, доривор ўсимликларни ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида қабул қилинган Президентимизнинг 2022 йил 20 майдаги “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш мақсадида “Бир туман — бир маҳсулот” тамойили асосида доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар рўйхати шакллантирилиб, аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва тоғ олди ҳудудлари, қир-адир ҳамда қишлоқ жойларда ўсимликлар плантациялари барпо этилди. Ушбу плантацияларда халқ табобатида қўлланиладиган 50 дан ортиқ ўсимлик экилиб, гиёҳлардан олинган доривор препаратлар бир қатор устунликларга эга эканлиги исботланди.
Кейинги йилларда кўпчилик мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам фармацевтика саноати жадаллик билан ривожланмоқда. Шу боис, фармацевтика саноатининг доривор ўсимлик хомашёларига бўлган талаб кескин ортиб бормоқда. Табиий ҳолда тарқалган доривор ўсимликлар захираларининг чегараланганлиги сабабли, келгусида фармацевтика саноати корхоналарнинг доривор ўсимликлар хомашёсига бўлган талабини асосан уларни етиштириш орқали қондириши мумкин. Доривор ўсимликлар етиштириш соҳаси ўрмон хўжалигининг асосий тармоқларидан бири бўлиб, у фармацевтика саноати ва аҳолини сифатли, экологик тоза хомашё маҳсулотлари билан таъминлашда қўл келади.
Бугун тиббиёт ва фармацевтика саноати ҳар қанча ривожланганига қарамасдан доривор гиёҳлар асосида тайёрланган шифо воситаларига эҳтиёж тобора ортиб бораётир. Мамлакатимиз фармацевтика саноатида ана шундай табиий шифо воситалари асосида ишлаб чиқаришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Илм-фан муассасаларимизда табиий гиёҳларнинг дориворлик хусусиятларини ўрганиш, табиий ҳолда ўсадиган ушбу бойликлардан рационал фойдаланиш, доривор гиёҳлар етиштириш кўламини кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Халқимиз саломатлигини тиклаш, инсон умрини узайтириш мақсадида ушбу лойиҳалар учун маблағлар ажратилиб, тадбиркорлар томонидан инвестициялар киритилмоқда. Хорижий давлатлардан доривор ўсимликларни олиб кириш ва уларни республика ҳудудида иқлимлаштириш, етиштириш ҳамда қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида Фанлар академияси билан биргаликда биологик хилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган доривор ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаш бўйича фундаментал, амалий тадқиқотлар олиб бориш кўзланган. Мақсад доривор ўсимликларни кўпайтириш, етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш, Андижон, Наманган, Фарғона таълим муассасаларида доривор ўсимликлар етиштиришнинг ботаника ва агротехнологияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, доривор ўсимликлар етиштиришда агротехнолог ва ботаника соҳаси мутахассисларини тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш, илм-фан интеграциясини таъминлаш ва шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда ҳамда ҳар бир хўжаликда халқ табобатида қўлланиладиган доривор ўсимликлар экишни кўпайтиришдир.
Доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш, уларни қайта ишлаш муҳим йўналишлардан биридир. Фарғона вилоятида 199 гектарда доривор ўсимликлар экиш режаси белгилаб олинган ва 183 гектарда 10 турдаги доривор ўсимликлар экилган.
Шунингдек, вилоятда 2022-2023 йилларда доривор ўсимликлар кластерини ташкил этиш бўйича 2 та лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳаларни ишга тушириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш мақсадида мос бўлган ер участкалари очиқ электрон танловга қўйилган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилояти Қўқон ўрмон хўжалиги ҳудудида намунали доривор ўсимликлар ботаника боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, Қўқон ўрмон хўжалигининг Янгиобод филиалида намунали доривор ўсимликлардан иборат ботаника боғи ташкил этиладиган бўлди.
Ўйлаймизки, инсон саломатлиги йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар халқимизнинг фаровон ҳаёти ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, дори препаратларига бўлган талабни камайтириб, халқ табобати ривожига ҳисса қўшади.
Хурсаной Исломова,
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи.
ЎзА