Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон саломатлиги – барча нарсадан устун
16:50 / 2020-11-25

“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 40-моддаси.

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин, Бош Қомусимизда ҳам ҳар бир инсон малакали тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда шу асосга мувофиқ соғлиқни сақлаш, хусусан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича аниқ тизим ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳар сафар “Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади, халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса – бугунги кунда олиб борилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”, дея такрорлайди. Дарҳақиқат, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, айниқса, коронавирус билан боғлиқ бугунги мураккаб шароитда жуда муҳимдир.

Бу борада жорий йил 6 ноябрда Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирларига оид устувор вазифалар белгилаб берилди. Бу ҳам юртдошларимизнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, унинг аҳамияти ҳақида аҳоли саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шифокорлар билан суҳбатлашдик.

– Оилавий поликлиникамизда 12 умумий амалиёт шифокори, 5 гинеколог, тор доирадаги 8 мутахассис-шифокор қарийб 42 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатмоқда, – дейди Яккасарой туманидаги 59-оилавий поликлиника бош шифокори Нигора Бозорова. – Айни пайтда 8 умумтаълим мактаби, 9 мактабгача таълим муассасаси ўқувчи ва тарбияланувчиларининг саломатлиги ва тиббий кўриги учун масъулмиз. 

Аҳолига қулай бўлиши учун тор доирадаги 10 мутахассис ва шифокоримиз мунтазам кекса ёшдаги, мустақил равишда кела олмайдиган беморларга белгиланган график бўйича кўрик кунлари доирасида тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Уларга давлат томонидан ажратилган 22 турдаги дори-дармон бепул тарқатилиб, флюорография, лаборатор, ПЦР усулида Covid-19 таҳлиллари ўтказилмоқда. Аниқланган беморлар доимий кузатувга олиниб, уларга индивидуал патронаж хизмати йўлга қўйилган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда тиббиётни ривожлантириш борасида улкан имконият яратилмоқда. Бу борада соғлиғимиз посбонларини мунтазам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани соҳага юксак эътибор қаратиётганининг ёрқин ифодасидир.

– Соғлиғини ўйлаган одам, аввало, барча гигиеник талабларни бажариб, доимо шифокор маслаҳатига амал қилади, – дейди фуқаро Хосият Шарипова. – Мунтазам поликлиника тиббий кўригидан ўтаман, қандли диабет касаллигига қарши дори беради. Шифокорларимиз бизнинг соғлом бўлишимиз учун ўз хизматлари ва маслаҳатларини аямайди. Ҳозирги мураккаб вазият шифокорлардан икки карра масъулият ва фидойилик талаб этади. Бу борада поликлиникамиз шифокорларидан миннатдорман.

Президентимиз ташаббуси билан аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йил ҳудудларда 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгиланди. Ҳудудларда хусусий секторни жалб қилган ҳолда илғор хорижий клиникалар филиаллари, шунингдек, 17 та ихтисослашган тиббиёт марказининг касалликлар тури ва динамикасидан келиб чиқиб, жойларда минтақавий филиаллари ташкил этилади. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобиль диагностика воситалари билан таъминланади.

Ҳозирда чекка ҳудудларимизда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж кундан кун ўсмоқда. Шу муносабат билан, ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинади. Дастурга мувофиқ, олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади. Улар хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади. Бундай имкониятлар, ўз навбатида, ёшларни тизим ривожи учун янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг янги – инқилобий босқичига старт берилди. Инсон бахтли бўлиши, бугунги яшаётган ҳаётидан рози бўлиши, ўзи ва фарзандларининг хавфсиз, тиббиёт тизими ривожланган жамиятда яшаши кафолати айнан қонун устувор бўлган жойдагина таъминланади.

Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА, ЎзА