Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қудрати ва сунъий идрок имкониятлари қўшилган нуқтада тараққиёт формуласи ишлаётган бўлади
14:10 / 2025-11-05

Президент ташаббуслари – амалда

Иш фаолиятимда сунъий интеллектдан фойдаланмасдан, ўз тажрибамга суянаман. Бу ички интуициямни ва ижодкорлигимни сақлаб қолишга хизмат қилади. Ҳар қандай технологиянинг жиддий хавфи борлигини биламан. Бу хавфни, аввало, унга ҳаддан ортиқ ишониб қолишда кўраман. Мен фақат ўз билимларимга таянаман. Оддий маълумотни эмас, воқеликни ҳис қиламан.

Энди танганинг орқа томонига қараймиз.

Иш фаолиятимда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланаман. Бирор маълумотни таҳлил қилиш, ҳисоб-китоб ёки ахборот йиғиш учун соатлаб ёки кунлаб вақт сарфламайман. Чунки замон тезкор қарор ва янги ғояларни талаб қилмоқда.

Мақоланинг киришидаёқ хулоса чиқарамиз.

Муваффақиятнинг калити мувозанатда эканини айтишимиз керак. Сунъий идрок инсонни қувватлаш учун яратилган. Уни рад этган мутахассис ўз қобилиятини чеклайди. Лекин фақат сунъий интеллектга суянадиган одам ҳам ҳиссиз автоматга айланади.

Формула оддий. Инсон тафаккурига сунъий интеллект имконияти қўшилади.  Натижада мутахассис янги даражага кўтарилади.

Энди сунъий интеллектдан четда қолган давлатда қандай ютуқ ва камчиликлар бўлишини тасаввур қилинг. Бу технология асримизнинг янги энергияси саналади. Уни қўллаган давлатлар иқтисод, таълим, тиббиёт, хавфсизлик ва давлат бошқарувида жадал илгарилаб кетмоқда. Аммо агар бу жараёнга ҳали кирмаган давлат бўлса-чи? У нимани ютяпти, нимани йўқотяпти?

Сунъий интеллект ишлаб чиқариш, банк, солиқ, логистика ва таълим соҳаларида катта самара бермоқда. Ундан фойдаланмаган давлат, аввало, ўз ресурсларини исроф қилади. Оқибатда ўз-ўзидан рақобатда ортда қолиш кузатилади.

Бундай идрок орқали баъзи давлатлар миллиардлаб маълумотларни таҳлил қилиб, аниқ қарор қабул қилмоқда. Бу борада ислоҳотларга кирмаган мамлакат эса бошқаларнинг технологиясига суянишга мажбур бўлади. Бу эса рақамли мустақилликни йўқотиш демакдир.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 21 октябрь куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинганидан хабарингиз бор. Сўзимиз бошидаги фикрлар шу тадбир асносида туғилган эди.

Дарҳақиқат, дунёда рақамли технологиялар тез суръатларда ривожланаётган, маълумот энг муҳим ресурсга айланган бугунги шароитда сунъий интеллект инсон фаолиятининг деярли барча йўналишларига кириб келди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этмоқда.

Сўнгги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида қатор ютуқларга эришилди. Лекин давлат раҳбари олдинда турган вазифалар кўлами катта эканини, сунъий интеллектни жорий этиш жараёнларини янада жадаллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Таҳлилларга кўра, 2030 йилга келиб дунё иқтисодиётида сунъий идрокнинг улуши 20 триллион доллардан ортиши кутилмоқда. Президент қайд этганидек, ким бу жараёнда дадил изланса ва натижа чиқарса, марра шуники бўлади.

– Президентимиз ҳамиша бу йўналишда олдимизга катта вазифаларни белгилаб беради, – дейди рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов. – Дастлабки ҳаракатлар рақамлаштириш бўйича бўлди. Кейинги босқич, албатта, сунъий интеллект имкониятларидан оқилона фойдаланишдир. Давлатимиз раҳбари пойтахтимиздаги IT-паркка ташриф буюриб, лойиҳанинг иккинчи босқичига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этганидан ҳаммамиз хабардормиз. Икки йил олдин 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилган эди. Қарийб 4 гектар майдонда 20-25 қаватли 6 та офис биноси ва замонавий конгресс-холл барпо этилди. Бу ерда ахборот технологиялари, финтех, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Навбатдаги лойиҳага кўра, “IT-Park” ҳудуди 1,5 баробар кенгайтирилади. Бу ерда қуввати жуда катта бўлган дата-марказ барпо этилади. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда Сунъий интеллект маркази, Космос ва келажак технологиялари марказлари қурилади. Мажмуа энг замонавий технологиялар, инновациялар ва билимларга асосланган “Сунъий интеллект хаби”га айланади. Бу гапирганда оддий эшитилиши мумкин, лекин соҳа ривожи учун навбатдаги катта қадам қўйилди.

Ўзбекистонда соҳани ҳуқуқий асосда ривожлантириш бошланди. Давлат хизматлари, банк, транспорт ва хавфсизлик тизимларида 30 дан ортиқ пилот лойиҳа амалга оширилди. 2030 йилгача мўлжалланган стратегия қабул қилинди, махсус марказ фаолият бошлади. Натижада мамлакатимиз халқаро индексда 17 поғона юқорилаб, Марказий Осиёда етакчига айланди.

Эндиликда вазирлик ҳамда ҳокимликларда рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича масъуллар тайинланади. Келгуси йилдан рейтинг тизими жорий этилади. Хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги салоҳиятини юқори баҳоламоқда. Бу имкониятдан фойдаланиш учун инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёргарлиги каби йўналишларни ривожлантириш муҳим деб белгиланди.

Соғлиқни сақлаш, энергетика, банк, солиқ, транспорт ва қишлоқ хўжалигида 100 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун суперкомпьютерлар талаб этилади. Ҳозир мавжуд қувватлар чеклангани учун келгуси йилда шундай компьютерлар сотиб олишга маблағ ажратилади.

– Кейинги йиллардаги ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалигида ҳам кўплаб рақамлаштириш лойиҳалари амалга оширилди, – дейди қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев. – Аввало, қишлоқ хўжалиги ерларини рақамли контурлар кесимида махсус платформага тушириш, агротехник тадбирларни онлайн тартибда мониторинг қилиш, асосий экин турларининг ҳосилини юритиш, молиявий шартнома муносабатларини рақамли форматга ўтказиш ишлари шулар сирасига киради. Бу иш самарадорлигига таъсир қилмоқда, статистиканинг тўғри юритилишини таъминламоқда. Энди қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш имкониятлари янада кенгаядиган бўлди.

Кейинги босқич сунъий интеллект технологияларидан оқилона фойдаланишдир. Яқинда Хитой давлатига бориб, бу борадаги тажрибалар билан танишдик. Иқтисодиётнинг ҳар хил йўналишларидаги йигирмадан ортиқ илғор тажрибаларни ўргандик. Хусусан, хосилдорликни оширишга қаратилган платформалар, ер ва сув ресурсларини бошқаришдаги янги ёндашувлар, аграр йўналишдаги техникаларни бошқаришни автоматлаштириш, дрон технологияларининг имкониятлари билан боғлиқ тажрибаларни ўрганиш имконияти бўлди. Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йиғилишдан вазирлик келгуси режаларини янада мукаммал қилиб олди. Истиқболда сунъий интеллект билан ишлайдиган кадрларни тайёрлашга эътибор янада ортади. Шунингдек, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг тажрибасини оширишга қаратилган ўқув курслари ташкил этилади.

Йиғилишда маълумотлар базаларининг тарқоқлиги соҳа ривожига тўсиқ бўлаётгани айтилган эди. Шу сабаб 55 та маълумотлар базаси ягона дата-марказга ўтказиладиган бўлди.

Кадрлар тайёрлаш мактабдан бошланади. Келгуси ўқув йилидан “Информатика” дарсига сунъий идрок мавзулари киритилади. Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда янги дарслик тайёрланади. Ёшларнинг бу борадаги ғояларини қўллаб-қувватлаш учун “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси кенгайтирилади ва миллий танловлар ўтказилади.

Олийгоҳларда сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади. “Янги Ўзбекистон” университетида эса махсус кластер ишга туширилади. Соҳавий таълим грантлари 35 фоизга оширилади. Энг яхши стартап учун 1 миллион доллар мукофот жамғармаси белгиланади.

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги IT-паркка ташрифи чоғида сунъий интеллектни мамлакатимиз вазирлик ва идоралари фаолиятига, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларига кенг татбиқ этишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишган эди.

Юқорида сунъий интеллект ривожининг асосий омили малакали кадрлар эканини таъкидладик. Бу борада мамлакатда бир қатор инновацион дастурлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Хусусан, “Университет – саноат – халқаро ҳамкорлик” сунъий интеллект кластери лойиҳаси амалга оширилади. Унинг доирасида ўқувчиларда сунъий интеллект саводхонлигини ошириш, педагог-кадрлар малакасини юксалтириш, соҳавий дарсликлар яратиш ва саноат учун замонавий мутахассислар тайёрлаш вазифалари белгиланган.

Ёшларни рақамли кўникмалар ва замонавий касбларга ўргатиш мақсадида ишлаб чиқилган “AI Maktab” платформаси эса таълим тизимида янги босқични бошлайди. Унда иштирокчилар виртуал ёрдамчи, рақамли маркетолог, AI-контент яратувчи, бизнес-аналитик каби йўналишларда масофавий таълим олиш имкониятига эга бўлади.

Президент ёшларимиз яратган инновацион лойиҳаларни ҳамиша қўллаб-қувватлаган. Бу рағбатлантиш замирида ҳам катта маъно мужассам. 

Бир сўз билан айтганда янги замоннинг талаби ҳам янги бўлмоқда. Бугун кучли давлат сунъий интеллектни қўрқмай қабул қилади. Лекин инсоннинг имкониятларини ҳеч қачон унутмайди.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА