4 октябрь – Бутунжаҳон ҳайвонларни ҳимоя қилиш куни
Ижтимоий тармоқларда баъзи инсонларнинг жониворларга озор бериб ёқиб юборгани, ёввойи ҳайвонлар қишлоқларни оралаб кирса, уни ўлдириш, зарар етказиш ҳолатларига дуч келамиз.
Аслида бундай ишлар табиатнинг бир бўлагини йўқ қилиш билан баробар эканини тушуниб етмаймиз. Ўйлаймизки, бир зараркунандани бартараф этиш билан табиатга озор етиб қолмайди, деб... Ваҳоланки, ҳайвонларни ҳимоя қилиш, инсонда табиат жониворларига меҳр уйғотиш мақсадида “Инсон бўл!» шиори остида турли тарғибот тахталарига кўзимиз тушган.
Маълумотларга кўра сўнгги чорак аср давомида сайёрамизнинг биологик хилма-хиллиги 30 фоизга қисқарган. Халқаро Ёввойи табиатни ҳимоя қилиш жамғармаси маълумотларига кўра, ҳар куни ер юзидан жониворларнинг 3 тадан тури йўқолиб кетмоқда.
Табиатга инсонлар ёндашувини ўзгартириш, меҳр туйғуларига ҳайвонлар ҳам муҳтож эканини ҳисобга олиб, 1931 йилда Италиянинг Флоренция шаҳрида Халқаро табиатни ҳимоя қилиш ҳаракати фаоллари ташаббуси билан 4 октябрь – Бутунжаҳон ҳайвонларни ҳимоя қилиш куни сифатида таъсис этилди.
Шу боис, кўплаб мамлакатларда ушбу кунда ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан турли тарғибот акциялари, оммавий тадбирлар ўтказиб келинади. Мактабларда ҳайвонот дунёсини асраш бўйича дарслар ўтказилади.
Бугунги кунда ҳайвонот оламининг кўплаб турлари бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида. Олам учун эса ҳар бир жонзотнинг ўрни беқиёс. Инсон қўл остидаги ва табиатдаги ҳар бир ҳайвон учун масъулдирки, улар одамларга қарам қилиб қўйилган.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА