Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қалбининг моҳир муҳандиси
21:22 / 2021-02-09

Туркий улуслар “шамс ул-миллати” - Ҳазрат Мир Алишер Навоий номи тилга олинганда, кўпчиликнинг онгида, энг аввало, болалик чоғида мактаб дастурлари орқали танишган, ул зотнинг “Хамса” асари, дилбар ғазаллари ва ҳикматли битиклари гавдаланади.

Мутафаккир бобомизнинг асар қаҳрамонлари тили билан баён этилган байтлари эл ичида нақлу мақолга айланиб кетган бўлиб, улар элимиз ёшулли кайвонилари мулоқотларида, бир-бирини англаш ёки бирон нимага муносабат билдиришларида доимий ишлатилиши бежиз эмас:

Одами эрсанг, демагил одами,

Оники йўқ халқ ғамидан ғами.

Ёки:

Бошни фидо айла ато қошиға,

Жисмни қил садқа ано бошиға.

Халқ кўнглидан чуқур жой олган бундай иборалардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Улуғ Ҳазрат таваллудининг муборак 580 йиллиги нишонланаётган ушбу кунларда яна бир ҳақ гапни айтиш лозим-ки, бобомиз нафақат, сўз мулкининг султони – даҳо ижодкор, балки ўз даврининг катта давлат арбоби ва ўткир сиёсатчиси ҳам бўлган. Салтанатда Бош муҳрдор, музофотларда ҳоким, Хуросон мамлакатининг Бош вазири мансабларида хизмат қилганликлари зинҳор хотирамиздан фаромуш бўлмаслиги керак.

Низомиддин Мир Алишер Навоий ўз фаолиятлари давомида туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтириш ишларида алоҳида жонбозлик кўрсатганлар. Ўзларининг инсонпарварлик, халқпарварлик ғояси билан суғорилган “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ўша давр одамларининг турфа феъл атвори ва аҳволи ҳақида, яхши феъл хосияти ва ёмон хислат касофати ҳақида, барча ижтимоий гуруҳ ва табақалар мавқеи ҳақида, хусусан, турли касб эгаларининг қандай дунёқарашдаги инсонлар бўлиши ва ўз вазифаларини бажаришда қандай тамойилларга таяниши лозимлиги, аҳлоқ ва маънавият масаласи ҳусусида ўз қарашларини батафсил баён этганлар. Қаноатсизлик, бачканалик, фисқу-фасод, ичкиликбозлик, ёлғончилик каби иллатларни қоралаш, яхшилик, вафо, ҳаё ва садоқатни улуғлаш билан одамларни яхшиликка, эзгуликка ундаганлар.

Турли касб эгалари, беклар, нойиблар, вазирлар, мансабдорлар, ясовул гуруҳи, лашкар ва қора черик, қозилару қонуншунос муфтилар, табибу мударрислар, мунажжиму савдогарлар ҳақида уларнинг вазифаси ва тутумлари, бошқарув холати қандай бўлиши лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан сўз юритганлар.

Жумладан, қозилар (судьялар) тўғрисидаги масалага алоҳида ва батафсил тўхталиб, “Қози мусулмонлик биносининг таянчидир ва мусулмонларнинг яхши ва ёмон ишлари юзасидан хукм чиқарувчидир. Қозининг кўнгли дин илми билан тўла, дунёвий билимлардан хотири хабардор бўлиши керак. Хамирида шахсий манфаатга майл бўлмаслиги, соф кўнгли иккиюзламачилик иллатидан холи бўлиши лозим. Қозининг маҳкамаси шариат илмининг хазинаси бўлмоғи; у хукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда қарамоғи лозим. Унинг билимдонлигидан ва қалби поклигидан кишилар кўнглида унга ҳурмат ва шукуҳ; ишга диққат-эътибор ва фаросат билан муносабатда бўлишидан бедиёнат-виждонсизларнинг юрагида ғам-андуҳ; кўнгли ҳақ каломлари билан кучли; ҳукмлари ҳадисларга асосланган. У шаръий ҳийлаларни ўз кўнглига, ҳуқуқшуносларнинг шубҳали алдовларини эса замирига йўлатмаслиги керак...

Агар илмсиз қози ичкиликхўр бўлса, уни ўлдирмоқ керак ва дўзах ўтига етмасданоқ куйдирмоқ керак. Агар қози порахўр бўлса, ислом дини қўрғонига раҳна солувчи бўлади; агар у ўзи пора бериб, қозилик мансабига ўтирган бўлса, пора эвазига шариат қонунини буза олади.

Қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги – тўғри йўлдан чиқмаслиги лозим. Ахир, тўғри чизиқ оғдирилса, эгри бўлади. Чолғу асбобининг тори созланмаган бўлса, овози бузилади. Мадомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим.

Қозининг оёғи тўғрилик кўпригидан четга тояр экан, жони жаҳаннам тубида бўлади. Қозилик ишини қандай хоҳласам, шундай қиламан дейиш ҳаёсизлик ва ёлғондир”, деб қайд этганлар.

Дарҳақиқат, судьянинг муайян иш бўйича қабул қиладиган қарори одамлар тақдири билан боғлиқ бўлиб, тўғри ва адолат нуқтаи назаридан қабул қилинган қарор жамият тинчлиги, осойишталигини таъминлашга хизмат қилади. Аксинча, адолатдан заррача чекинган ҳолда қабул қилингани эса нафақат иши судда кўрилган тарафлар тақдирига, балки бутун жамиятга салбий таъсир этади. Одамларнинг судга ва алал оқибат мавжуд тузумга нисбатан ишончсизлиги ва норозилигини келтириб чиқаради.

Бир ҳақиқатни алоҳида қайд этиш ўринли-ки, кейинги йилларда Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида жамиятимизда адолатни қарор топтириш борасида қабул қилинган қонун ва қарорлар ўз мазмун-моҳиятига кўра буюк бобокалонимиз ўгитларига нақадар ҳамоҳангдир. Чунончи, барча амалга оширилаётган бугунги ишлар халқнинг бахту саодати, фаровон турмуш тарзидан, бугун ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учундир.

Донишманд бобомиз ўзи яшаган даврда халқ бошига тушган жабру зулмга қарши нафақат қўлда қалам билан, амалда мансаби мавқеи, ваколати даражаси билан ҳам курашиб келганлари, доимо эл дарди билан яшаганлари ҳеч кимга сир эмас.

Юз жафо қилса, бир қатла фарёд айламон,

Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.

Маърифатпарвар ва юксак мартабали беназир зотнинг бутун умрлари даъвомида адолатли тузум – ижтимоий тенглик ҳукмронлик қиладиган жамият орзусида яшаганликлари ҳам бор гап.

Ўрни келганда эътироф этиш жоиз, биз бугун буюк мутафаккир – Низомиддин Мир Алишер Навоий бобомиз орзу қилган инсон ва унинг хақ-ҳуқуқлари юксакларга кўтарилган заминда, доруломон замонда яшамоқдамиз. Ўзини шу юрт фарзанди ҳисоблаган ҳар бир фуқаро унинг қадрига етмоғи ҳамда эртанги кун фарзандларимиз, миллат камоли учун қилинаётган эзгулик ишларида камарбаста бўлмоғи лозим.

Зеро, Буюк бобоколонимиз деганларидек:

Нафъинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур.

Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган юрист

ЎзА