Минг йиллар давомида шаклланган меҳр-оқибат, мурувват тушунчалари асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётининг негизи сифатида вужудга келган, онгимиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий ифодасидир.
Етимлар, бева-бечоралар ва ногиронларга, мусофирларга мурувват кўрсатиш, сидқидилдан беғараз ёрдам бериш каби фазилатлар азалдан маънавий онгимизга сингиб кетган, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду-ташвишларини эшитиш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш умуммиллий ҳаракатга айланмоқда.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туман ҳокимлиги томонидан «Отчопар 1» Маҳалласида жойлашган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва уй-жойга мухтож фуқароларга мўлжалланган 14-ётоқхонада истиқомат қилувчи 76 нафар фуқаронинг ҳар бирига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 15 турдаги озиқ овқат маҳсулотлари ва 1 миллион сўмдан нақт пул берилди.
– Бизга шундай имконият берилаётгани, шароит яратилаётгани учун жуда хурсандмиз, – дейди 14-ётоқхонада яшовчи Доно Казанова. – Юртимизда ижтимоий ҳимояга, фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор кўнглимизни тоғдек кўтаради. Шу юртда яшаётганим, шу юрт фарзанди эканимдан бахтиёрман.
Б.Мелиқулова, ЎзА