Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қалби ва ундаги турфа кечмишлар «Сумбула баёзи»да...
19:22 / 2022-01-25

ЯНГИ КИТОБ

Таниқли шоир, адиб, устоз журналист Фармон Тошевнинг «Сумбула баёзи» номли китоби нашрдан чиқди.

Таъкидлаш ўринлики, Фармон Тошев сермаҳсул ижодкор. Шу кунгача адибнинг йигирмага яқин китоблари ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган.

Фармон Тошев маълум бир жанр, йўналишга ихтисослашган адиблар тоифасига кирмайди. Китобларини варақлаб, вақтли матбуотни кузатиб айтиш мумкинки, у – ҳозиржавоб публицист, наср устаси ва нафаси тоза шоир.

Мухлислари учун у – эл дардини куйлаётган мухбир-журналист, оддий ўзбекона феъл-атвор – характерни чизиб бераётган уста адиб, туғёнли қалб садоларини шеърга айлантираётган шоир ва яна бир муҳим жиҳат, унинг мақолалари ҳам, насрида ҳам, шеърларида ҳам донишмандона руҳ бўртиб туради.

«Сумбула баёзи» китоби унинг шоирлик иқтидорини кўз-кўз қилиб турувчи мезон, десак ҳам бўлади.

Дунё кўҳна эрур, ўзгармайди у,

Бир текис айланар чархи кажрафтор.

Бугун бизлар туйган ширин лаҳзалар

Эртага кимдадир бўлади такрор.

Тўпламдаги шеърларни мутолаа қилиб, шоирни ўзингизга бегона эмаслигини англагандек бўласиз ва серқирра ижодкорни чин кўнгилдан яхши кўриб қоласиз.

Унинг шеърлари чуқур ҳаётий фалсафага асослангани, самимий ва беғаразлиги билан кўнглингиздан жой олади.

«Сумбула баёзи» шоирнинг ички олами, дунёқараши, дил туғёнлари, оғриқларини фош этиб туради. Ёзганларидан ўқувчи адибнинг ўзини кўриши, топиши – ҳар қандай қалам аҳли учун бахт.

Шоирдан бир шеър:

Роҳат истамоқни машаққат билгил,

Пешона терини хуш одат билгил.

Қуёшнинг нурику беминнат, аммо

Қалбдаги меҳрни ҳарорат билгил.

Эзгу ниятларга шижоат бахш эт,

Шайтон хаёлини залолат билгил.

Тили ёғламалар мақтовга уста,

Ҳамду саноларни ҳақорат билгил.

Ҳар не маҳорат ҳам такрорда келгай,

Иқтидор ҳабибин фаросат билгил.

Элга яхшиликни айлагин шиор,

Бировга туҳматни қабоҳат билгил.

Фарзандни етаклаб мактабга бошла,

Уни энг муқаддас иморат билгил.

Шукр қил қўл-оёқ бутунлигига,

Ҳар тирик онингни иноят билгил.

Кимсага берганинг миннатга яқин,

Кўпга берганингни саховат билгил.

Фармон, сатр битмоқ – илм, унутма,

Ижод машаққатин ҳаловат билигил...

Устоз Фармон Тошевнинг янги китобини ўқинг. У инсон қалби, ундаги турфа кечмишлар ҳақида...

А.Нарзуллоев, ЎзА