Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган янги босқич
09:19 / 2025-12-14

Оилавий шифокор ҳузурида навбатда турган беморнинг бир оғиз гапи бутун ислоҳотнинг руҳини ифода этади:

“Юқори қон босими билан 10 йил яшадим. Дори ҳам, қўрқув ҳам доимий шеригим эди. Энди эса мен дорига боғлиқлигимдан эмас, қўрқувимдан озод бўлдим… Сабаби эса менга рембурсатсия доирасида бепул дорилар берилмоқда”.

Юқори қон босими билан ўн йил яшаган одам учун бу сўзлар орқасида уйқусиз ўтган тунлар, ғамли ўйлар, «дорим тугаб қолса-чи?» деган изтироблар туради. Рембурсатсия доирасида бепул берилган дорилар ҳар бир бемор учун эртанги кунга ишонч бўлди.

Шу ўринда Давлат тиббий суғуртаси ҳақида сўз очилса, кўпчилик ҳиссиётдан кўра, рақамларни кўпроқ тасаввур қилади. Амалда эса шифокорларнинг масъулиятини  ошириш билан бирга одамларга инсон қадри деган давлат позициясини англатиш намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрда “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фуқаролар ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Давлат тиббий суғуртасига ўтиш нафақат ҳуқуқий ҳужжатлар ёки электрон тизимлар алмашинуви, балки бутун бошли ўзгаришларни талаб қилади.

Биргина Хоразм вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак,  2025 йил  вилоят соғлиқни сақлаш тизими учун  янгиланиш ва ўзгаришлар йили бўлди.

Хоразмда жорий этилган бу механизм бир йил ичида бир қатор ўзгаришларга туртки берди. Давлат тиббий суғуртаси маълумотига кўра, ҳозирда вилоятда 51 та тиббиёт муассасаси Жамғарма билан шартнома имзолаб, янги молиялаштириш моделига ўтди. Янги тизимга кўра, оилавий поликлиникалар — бириктирилган аҳоли сонига кўра, шифохоналар эса 85 фоиз аванс ҳамда амалга оширилган даволанган ҳолат учун молиялаштирилмоқда.

Бу эса бир нарсани англатади: муассаса қанчалик сифатли ва стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатса, шунчалик кўпроқ даромад топади. Бу нафақат иқтисодий формула — балки тизим адолати.

Реимбурсатсия дастури — бепул дори воситалари бериш аҳолининг энг кўп кутган ислоҳотларидан бири. Хоразмда 7 та асосий касаллик бўйича 108 минг беморга берилган 6,8 миллиард сўмлик дори воситалари харажатини Жамғарма қоплаб берди. Бу эса юқори қон босими, диабет, бронхиал астма каби умрбод даволаш талаб қиладиган касалликлар билан яшовчи инсонлар учун  муҳим. Энди  «пул топилса, олинади» деган гаплар айтилмайди.

Онкология касалликларини эрта аниқлаш бўйича кўрсаткичлар сезиларли даражада яхшиланди. Хусусан, жорий йил бачадон бўйни саратонини скрининг қилиш қамрови 83,8 фоизни, кўкрак бези саратони бўйича кўрсаткич 81,6 фоизни ташкил этди. Шунингдек, қандли диабет, холестерин миқдори ва юрак-қон томир касалликлари хавфларини эрта аниқлаш кўрсаткичи ўртача 87 фоизга етди. Бу шунчаки рақамлар эмас. Маълумки, онкологияда ҳар бир эрта аниқланган касаллик  бир оиладаги фожианинг олдини олади, бир болани онасини сақлаб қолади, бир отага умр улашади.

Янги тизимда амбулатор даволаш мумкин бўлган беморни шифохонага ётқизмасликка эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда бу борада ҳам бир қатор ютуқларга эришилди. Хусусан, асоссиз ётқизиш — 35 фоиздан 6 фоизгача пасайди. Демак, шифокорларда масъулият ошди, оилавий поликлиникага мурожаатлар кўпайди. Чунки, одамлар профилактикани англай бошлади. Ўткир инфаркт, инсульт, гипертоник криз билан госпитализациялар камайди.

Демак, тизим ишлаяпти. Госпитализациялар камайгани эса амбулатор хизмат тўғри йўлга қўйилганини кўрсатади. Бу бутун мамлакатда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган янги босқичнинг яққол исботидир. 

М.Ҳожиакбарова, ЎзА