Ижтимоий ҳимоя — бу фақат нафақа ёки моддий ёрдам эмас. Бу аввало инсонни тинглаш, унинг дардини англаш ва ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишга кўмак бериш демакдир. Сирдарё туманидаги “Тадбиркор” маҳалласида фаолият олиб бораётган ижтимоий ходим Венера Алимқулова ана шу тамойилни ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган.
– Ижтимоий ҳимоя фақат моддий ёрдам билан чекланиб қолмайди, – дейди у. – Кўпчилик қаерга мурожаат қилишни, қайси ҳужжатни қандай расмийлаштиришни билмайди. Биз эса фуқаронинг олдига ўзимиз борамиз, муаммосини тинглаймиз, ҳужжатларини тўғрилашга кўмаклашамиз ва тегишли идораларга йўналтирамиз. Энг муҳими, инсон ўзини ёлғиз ҳис қилмайди.

Сўнгги бир йил давомида Венера Алимқулова 285 нафар фуқарога турли йўналишларда ёрдам кўрсатган. Хусусан, 35 та ҳолатда моддий ёрдам, 11 та ҳолатда тиббий-ижтимоий хизмат, 10 та ҳолатда ҳуқуқий ёрдам, 14 та ҳолатда психологик кўмак ташкил этилган. Шунингдек, 14 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, улар учун барқарор даромад манбаи яратилишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Унинг фаолияти ижтимоий ходимлик касбининг асл моҳиятини яққол намоён этади. Чунки бу касб фақат ҳисобот ва рақамлар билан ўлчанмайди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила ташвиши, умид ва ишонч мужассам.
– Мен учун ижтимоий ходимлик касб эмас, аввало масъулият, – дейди Венера Алимқулова. – Агар бир оилада муаммо ҳал бўлса, бир инсоннинг ҳаёти енгиллашса, демак, меҳнатим зое кетмаган.

Айни пайтда “Тадбиркор” маҳалласида 2 749 нафар аҳоли, 812 та оила истиқомат қилади. Улар орасида 51 та кам таъминланган оила, 45 та болалар нафақаси олувчи оила, 108 та ижтимоий нафақа олувчи оила, шунингдек, ногиронлиги бўлган 108 нафар шахс ҳамда 4 нафар ёлғиз яшовчи фуқаро мавжуд. “Камбағал оилалар реестри”да эса 50 та оила қайд этилган.
Ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашиш, муаммони ўз вақтида ҳал этиш ва инсон қадрини улуғлаш ижтимоий ходим фаолиятининг асосий қиммати ҳисобланади. Бу жараёнда маҳалла кесимида давлат билан фуқаро ўртасида ишончли кўприк яратилаётгани алоҳида аҳамият касб этади.
Айнан шундай ёндашув орқали давлат томонидан ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар ҳақиқий эҳтиёжмандларга манзилли етиб бормоқда. Бу эса жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаб, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилмоқда.
Ғ. Примов, ЎзА мухбири