БМТ маълумотига кўра, ҳозирги вақтда дунёда деярли ҳар тўққиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти. Сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқда. Бу 160 миллиондан ортиқ бола бўйининг ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига доир камчиликлардан азият чекишига сабаб бўлмоқда.
Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда етакчи бўлган айрим давлатлар ўз хавфсизлигидан келиб чиқиб экспортга чекловлар киритмоқда ва бу транспорт-логистикадаги узилишларни пайдо қиляпти. Натижада бозорларда айрим маҳсулотлар нархи кескин ошиб кетмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши мумкин. Шу боис, бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш барча давлатлар учун стратегик мақсадга айланди.
Аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқатга сарфланадиган мамлакатимизда ҳам ушбу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Маҳсулот етиштиришни кўпайтириб, аввало бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ортганини экспортга йўналтириш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, йил бошида пахта ва ғалла майдонларининг 80 минг гектари қисқартирилиб, аҳоли учун ажратилди. Одамларга уруғ, кўчат ва ўғитдан ёрдамлашиш бўйича “Томорқа хизмати” йўлга қўйилди ва маҳсулот етиштириш учун жорий йилнинг ўзида 400 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредитлар берилди. Натижада маҳсулот етиштириш кўпайиб, нархлар тартибга тушмоқда. Бундан ташқари, ўтган олти ойда 821 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинди. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 102 минг тоннага кўп.
Кўрилаётган чора-тадбирлардан яна бир пировард мақсад ишсизликни қисқартиришдир. Чунки дунё аҳолисининг 40 фоизи тирикчилик қиладиган қишлоқ хўжалиги энг катта иш берувчи тармоқ ҳисобланади.
Ўзбекистонда шу йилнинг ўзида экин майдонлари қисқартирилиши ҳисобига аҳолига ажратилган ерларда 785 минг кишининг бандлиги таъминланди. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида йил якунигача яна 20 минг гектар, келгуси йилда 100 минг гектар экин майдони аҳоли учун ажратилиши белгиланди. Бу орқали қўшимча 1 миллион 200 минг аҳолини банд қилиш учун шароит яратилади.
Маълумки, Марказий Осиё сув хавфсизлиги энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган минтақалардан бири ҳисобланади. Бу эса ҳар бир томчи сувдан унумли, мақсадли ва самарали фойдаланишни тақозо этади. Жорий йилдаги ёғингарчилик ҳисобига айрим ҳудудларда сув захираси 20 фоизга кўпайган бўлса-да, баъзи жойларда сув таъминотида қийинчиликлар пайдо бўлди.
Видеоселекторда ушбу масалага ҳам эътибор қаратилиб, сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилиши белгиланди. Шунингдек, қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул бериладиган бўлди.
Йиғилишда халқимиз кутаётган яна бир муҳим масала муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгиланди. Жумладан, Адлия вазирлигига кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Янги қонун қабул қилингунига қадар бу уйларга уч карра оширилган солиқ қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.
Таъкидлаш лозим, кадастр ҳужжатлари йўқ 2 миллион 600 мингта хонадонни анча вақтдан буён ушбу масала қийнаб келаётган эди. Чунки уй эгалари ҳужжати йўқлиги боис, томорқаси учун на кредит, субсидия оларди, на уйини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана оларди. Камига кадастри бўлмагани учун 3 карра миқдорда ер солиғи тўларди.
Маълумки, уч йил аввал аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича бозор тамойилларига асосланган янги ипотека тизими жорий этилган эди. Натижада, ўтган беш ойда ипотека кредитлари ҳажми 2,5 бараварга ошиб, 310 мингдан зиёд оила шахсий уй-жойга эга бўлди. Уй-жой қурилиш ҳажми ҳам 3 баравар ошди. Лекин ипотека кредитларининг чекланган ҳажми ва субсидия ажратишда бюрократия бўйича аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда. Йиғилишда шу боис, 1 сентябрдан бошлаб аҳоли даромадининг кредитга йўналтирадиган қисмини солиқдан озод қилиш чегарасини ошириш, ипотека кредитини ажратишда аҳоли даромадлари бўйича тижорат банкларига қўйиладиган талабларни енгиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Албатта, бундай чора-тадбирлар юртимизда ҳақиқий маънода инсон қадри улуғланаётганидан далолатдир.
Видеоселекторда ер унумдорлигини ошириш, такрорий экинларни жойлаштириш орқали маҳсулот етиштиришни янада кўпайтириш, деҳқон ва фермерлар, кластерлар фаолиятини янада жонлантириш, уларнинг мустақил ишлашларига шароитлар яратиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Тегишли идораларга кўрсатмалар берилди. Олдинда ҳали энг қийин ва оғир ислоҳотлар тургани таъкидланиб, ҳамма ўзгариши, иш услубини ҳам тубдан ўзгартириши лозимлиги таъкидланди.
Зафар АБДИРИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси
ЎзА