Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадрини оширишга оид ташаббусларни амалга оширишда ННТларнинг ҳиссаси оширилади
15:44 / 2025-09-08

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилди.

Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида ННТларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда асосий эътибор давлат дастурида фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, ННТларга белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, учинчи сектор малакасини ошириш масалаларига қаратилди.

Давлат дастурида ижтимоий хизматларни кўрсатишда нодавлат сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг замонавий билим, кўникма ва малакаларини ошириш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Қолаверса, эркин ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлигини сарҳисоб қилиш ва истиқболларини белгилаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг сифатини янада ошириш чораларини кўриш белгиланган. 

Мазкур вазифалар ижросини таъминлашда ННТларнинг ҳиссасини ошириш, халқчил фаолият юритишини таъминлаш, давлат бошқарувида ўзининг ўринли фикр ва мулоҳазалари, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурлари билан фаол бўлиши, қолаверса, давлат органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйишда кучли билим ва малака талаб этилади.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”га асосан Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ННТлар раҳбарларининг малакасини оширишга қаратилган махсус ўқувлар ташкил этиб келинмоқда. 

Шу кунга қадар 600 дан ортиқ ННТ раҳбарларининг билим ва кўникмалари оширилди. Жорий йилда ҳам уларни уч босқичда ўқитиш режа қилинган. 

[gallery-25204]

Махсус ўқув-режа асосида олиб бориладиган дарсларда ННТларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қолаверса, молиявий барқарорликка эришиш, хорижий тажриба ҳамда раҳбар ходимнинг шахсий компетенциясини ошириш масалаларига эътибор қаратилади.

Давлат органлари масъуллари билан амалий учрашувлар ва маданий тадбирлар ҳам ўқув дастурларидан ўрин олган.

Н.Абдураимова,

Р.Назарматов (сурат), ЎзА