English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадри: жамиятда ҳеч бир инсон беэътибор қолмайди
11:19 / 2025-12-03

3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни

Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, тенг ҳуқуқлилиги ва жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этиш имкониятлари қадрланган юртда тараққиёт илдамлайди. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоийлашуви ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами кенгаймоқда.

Ҳозир республикамизда жами 1 миллион 58 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар бор. Маҳаллалардаги ижтимоий ҳодимлар уйма-уй юриб, 2024 йил – 21,1 минг, жорий йилда эса 13,1 минг нафар, жами 34,2 минг ногиронлиги бўлган, лекин белгиланмаган шахсларни аниқлади ва уларга ногиронлик белгиланди.

Жорий йилдан ногиронликни белгилаш ягона стандартлар ҳамда рақамлаштирилган тизим асосида амалга оширилмоқда, дейилади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотида.

Жумладан, мурожаат қилиш тартиби кенгайтирилиб, “Инсон” марказлари, ижтимоий ходимлар, my.go.uz портали ёки оилавий шифокорлар орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди. Ҳар бир беморнинг ҳолати ва касаллиги туридан келиб чиқиб, даволаниш муддати индивидуал белгиланади. Протез ва реабилитация воситаларига муҳтож 91,9 минг шахс керакли мосламалар билан таъминланди.

Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан эса 1,5 баравар ортиб, айни мақсадлар учун 138,2 миллиард сўм йўналтирилди.

Кафолатланган тарзда таъминланадиган мазкур воситаларининг рўйхати 18 тадан 38 тагача (2025 йил +8 та) кенгайтирилди.

Мазкур воситаларни олган шахсларнинг 7,3 минг нафарини расмий бандлиги таъминланди, 5 минг нафари таълимга, 1 минг нафари адаптив спорт турларига жалб этилди.

Жорий йилдан ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигини таъминлаш ва иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида янги платформа – daw.ihma.uz ишга туширилди.

Дастур доирасида 27 минг нафар ишлаш истаги бор ногиронлиги бўлган шахс рўйхати шакллантирилди, уларнинг 14 минг нафари (52 фоизи) ишга жойлаштирилди.

Янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали 150 минг ногиронлиги бўлган шахсларнинг расмий бандлиги таъминланди.

Жорий йилдан бошлаб, илк маротаба барча туман ва шаҳарлардаги боғчаларда жами 656 та инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилди ҳамда 1 171 нафар ногиронлиги бўлган болалар таълимга жалб этилди.

Ногиронлиги бўлган ва ҳаракатланиш имконияти чекланган болаларнинг таълим даргоҳига бориб келиши учун ҳам алоҳида ёндашувлар амалга оширилмоқда, яъни бутун республика бўйлаб “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди. Хизматдан фойдаланиш учун 678 нафар шахс рўйхатдан ўтиб, 1,6 минг қатнов амалга оширилди.

2025 йилдан бошлаб ногиронлиги бўлган болалар учун 458 та кундузги парвариш гуруҳи ташкил этилди. Натижада 3 457 нафар бола парвариш, таълим ва тарбия хизматлари билан қамраб олинди.

Маълумки, спорт аввало соғлом руҳиятни шакллантириши билан алоҳида аҳамиятга эга. Шу маънода жорий йилда адаптив спорт турлари реестри ишга туширилди ва унга жами 89 та спорт тури киритилиб, тасдиқланди. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг 90,3 минг нафари  оммавий  ҳамда адаптив спорт турларига жалб қилинди.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш мақсадида 27,2 минг шахс агентлик тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилди, 23 минг шахс реабилитация қилинди.

Ҳаракатланишда қийналаётган, ўзгалар парваришига муҳтож 25 мингга яқин шахс “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари билан қамраб олинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октабрдаги  резолюциясига мувофиқ ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида дунё бўйлаб нишонланади.

Унинг мақсади – ақлан ва жисмонан нуқсони бор фуқароларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ногиронлар муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишдан иборат. Юқорида келтирилган рақамлар ортида эса юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор инсон қадр-қимматининг юксалиб бораётгани, жамиятда ҳеч бир шахс беэътибор қолмаётганидан далолатдир.

Абдулазиз РУСТАМОВ,

ЎзА