English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадри ва унга эътиборнинг ҳуқуқий асоси
17:48 / 2023-11-30

8 декабрь –Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Бугунги кунда Бош қомусимиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, дунё майдонида эса давлатимизнинг халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида фаолият юритиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Инсон қадри, инсонга эътибор ҳақида сўз юритар эканмиз, беихтиёр фуқароларни, айниқса, эҳтиёжманд тоифадаги шахсларни ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги аҳамиятлидир. Бу норма Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, 57-моддада давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўриши белгиланган.  

Таъкидлаш жоизки, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тегишли давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда. Айни пайтда нодавлат ташкилот вакили сифатида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳам эҳтиёжманд тоифадаги фуқароларга моддий жиҳатдан ёрдам бериб келмоқда. Бу хайрли ишларни Навоий вилояти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойишига мувофиқ “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, туман (шаҳар)лар бўлинмалари ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармалари ташкил этилган эди. Ҳозир жамғарма маблағлари эҳтиёжманд аҳоли қатлами, вақтинча ишсиз, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий дафтарларда турувчи фуқароларга моддий ёрдам учун сарфланмоқда.  

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари қарорлари асосида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифадаги оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан эҳтиёжманд фуқароларга 21,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.  

Жумладан, 3425 фуқарога 1 миллиард 24 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. 5136 нафар фуқарога 12 миллиард 45 миллион сўмлик бир марталик (пул шаклида) моддий ёрдам кўрсатилди. 711,5 миллион сўм сарфланиб, 58 эҳтиёжманд оила хонадонига қуёш панеллари ўрнатилди. 213 нафар оиланинг яшаш шароитлари ва уйлари ҳолати кўздан кечирилиб, уйлари таъмири учун 1,7 миллиард сўмлик қурилиш материаллари олиб берилди. Шунингдек, 127 нафар фуқарога дори воситаларини харид қилиш учун 262,7 миллион сўм, 768 нафар фуқаронинг даволаниши ва жарроҳлик амалиётларини амалга ошириши учун 4,4 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Азал-азалдан халқимиз эҳтиёжманд оилалар, ночор кишиларга меҳр-саховат ва мурувват кўрсатишган, уларга алоҳида эътибор қаратишган. Эндиликда бу қадриятларимиз Конституция билан мустаҳкамланиб, ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифадаги ҳар бир киши давлат томонидан ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Бу юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадри учун хизмат қилаётганлигидан далолатдир.  

 

Фахриддин Солиев,

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси.

ЎзА