French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадри ва ижтимоий адолат – барқарор тараққиётнинг асосий устуни
12:41 / 2025-11-05

Муносабат

Бугун дунёдаги иқтисодий беқарорлик, ижтимоий тенгсизлик ва иқлим ўзгариши инсон ҳаётининг барча соҳаларига чуқур таъсир кўрсатмоқда. Ана шундай мураккаб глобал шароитда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитидаги нутқи жаҳон миқёсидаги долзарб муаммоларга амалий ечим таклиф этувчи, чуқур таҳлилга асосланган дастурий маъруза сифатида алоҳида аҳамият касб этди.

Сабаби, давлат раҳбарининг чиқиши нафақат Ўзбекистоннинг миллий тажрибасини, балки янги авлод ижтимоий сиёсатининг глобал концепциясини намоён қилди. Нутқда илгари сурилган ғояларни инсоният келажагини фаровон ва адолатли ривожланиш сари бошловчи йўл харита сифатида кўриш мумкин.

Хусусан, нутқда “Инсон қадри учун” ғояси Янги Ўзбекистон сиёсий модели ва барча ислоҳотларнинг марказига қўйилгани яна бир бор таъкидланди. Бу фақат шиор эмас – амалий сиёсатдир. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан ислоҳ этиш орқали давлат фаолиятининг марказига инсон манфаатлари чиқарилди.

Аввал пароканда бўлган ижтимоий дастурлар ягона тизим – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги атрофида бирлаштирилди. Маҳалла институти орқали “ҳар бир хонадон, ҳар бир оила” даражасида адресли ёрдам тизими шакллантирилди. Камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқариши эса ислоҳотларнинг самарали натижасидир. Бундай натижалар ижтимоий давлат концепциясининг амалдаги ифодаси бўлиб, Конституцияда мустаҳкамланиши унинг барқарорлигини кафолатлайди.

Президентнинг “Глобал ижтимоий адолат фонди”ни ташкил этиш ташаббуси халқаро ҳамжамият учун муҳим ғоя ҳисобланади. Чунки БМТ маълумотларига кўра, дунёда 1,1 миллиард аҳоли ҳали ҳам камбағаллик шароитида яшамоқда. Ўзбекистон бу ташаббус орқали ўз тажрибасини жаҳон миқёсида илгари сурмоқда. Бу камбағалликни фақат миллий муаммо сифатида эмас, балки умуминсоний масъулият сифатида кўришни тақозо этади.

“Глобал ижтимоий адолат фонди” ғояси жаҳон молиявий архитектурасини қайта кўриб чиқиш, ресурсларни ривожланаётган мамлакатларга самарали йўналтириш имконини беради. Бу таклифнинг замирида инсонпарварлик билан бир қаторда, иқтисодий рационаллик ҳам ётади.

Шу билан бирга, Президент нутқида ишсизлик ва таълим масаласига алоҳида урғу берилди. Бугун глобал меҳнат бозори сунъий интеллект ва технологиялар таъсирида қайта шаклланмоқда. Шундай шароитда давлатлар олдида икки йўналиш бўйича масъулият турибди, биринчидан, фуқароларни замон талаб қилаётган янги касб ва кўникмалар билан таъминлаш, иккинчидан, таълим тизимини иқтисодий ривожланиш билан узвий боғлаш.

Ўзбекистон бу йўналишда аллақачон илгарилаб бормоқда. Ҳозирги таълим ислоҳотлари, касб-ҳунар марказларининг кенгайиши, “касбдан касбга ўтиш” тизимининг жорий этилиши Президент нутқида таъкидланган вазифаларга тўла мос келади. Шу боис, давлат раҳбарининг Глобал альянснинг келгуси саммитларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш ва уни таълим масаласига бағишлаш таклифи халқаро ҳамжамият учун катта амалий аҳамиятга эга.

Қолаверса, дунёда 300 миллиондан зиёд инсон меҳнат мигранти сифатида фаолият юритмоқда. Улар орасида юртдошларимиз ҳам бор. Миграция жараёнлари нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий масалага айланган.

Президентнинг халқаро форум ташкил этиш, Мигрантлар ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилиш бўйича Глобал дастур қабул қилиш ташаббуси жуда долзарб. Бу ташаббус нафақат меҳнат бозорида тенг ҳуқуқлиликни таъминлайди, балки мигрантларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашда янги халқаро механизмларни шакллантиради.

Умуман олганда, бугунги кунда “Инсон қадри учун” тамойили фақат мамлакатимизда эмас, балки дунё майдонида ҳам янги маънавий ва сиёсий парадигмани шакллантирмоқда. Шу боис, парламент аъзолари сифатида биз бу ғояларни қонунчиликда мустаҳкамлаш, ижтимоий сиёсатни ҳар бир фуқаро ҳаётига яқинлаштириш, ҳамкор давлатлар билан тажриба алмашишни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўймоқдамиз.

Энг муҳими, ушбу ташаббуслар “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастуридаги ҳар бир инсон учун фаровон турмуш, сифатли таълим, муносиб меҳнат шароити яратиш ғояларига ҳамоҳанг эканлиги билан янада аҳамиятлидир.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА