“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”
Жиззах вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида – “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат Экология қўмитаси, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг мутасадди ўринбосарлари, йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов ва экологик ислоҳотларнинг ўрни ва моҳиятига тўхталди.
Президентимизнинг 2022 йил 11 августдаги “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида соҳада маҳаллабай ишлаш орқали аҳоли, ёшларнинг экологик маданияти ва билимини ошириш вазифалари белгиланган.
Бу борада Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди. Унга кўра, вилоятнинг ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида экологик осойишталикни таъминлаш мақсадида жамоатчи инспекторлар тайинланди. Экологик назоратни олиб боришда жамоатчи инспекторларга экологик назорат тадбирларида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, жамоатчилик инспекторлари тегишли ҳудудда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I-IV тоифаларига мансуб фаолият турлари билан шуғулланувчи объекларда белгиланган тартибда олиб бориладиган экологик назорат тадбирларида иштирок этиши ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига тегишли бўлган платформалардан фойдаланиш имконияти яратилди.
Жамоатчи инспекторлар томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва кўрилган чоралар якуни бўйича пул мукофотлари билан тақдирлаш тизими ҳам йўлга қўйилмоқда.
Анжуманда атроф-муҳитни ифлослантираётган баъзи корхоналар вакиллари огоҳликка чақирилиб, муаммони бартараф этиш юзасидан аниқ муддат белгиланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА