Юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг қалбида 31 август ва 1 сентябрь кунлари алоҳида ифтихор, фахр ва масъулият туйғуси жўш уриши табиийдир.
Зеро, бундан 34 йил аввал Ватанимиз тарихида янги давр – миллий давлатчилик ва халқ манфаатлари устувор бўлган мустақил тараққиёт йўли бошланган эди. Ҳар йилги байрам арафасида инсон, унинг ҳаёти, қадри ва орзу-умидлари алоҳида эътибор марказида бўлиши эса бу тарихий йўл нечоғли эзгу мақсадларга йўналтирилганини кўрсатади.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилаётган “Умуммиллий бирдамлик фестивали” доирасида “Инсон қадри” ижтимоий-маърифий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Бу лойиҳа нафақат байрамона руҳни кучайтириш, балки одамлар ўртасидаги ишонч, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Тумандаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган тадбирлар, маънавий-маърифий суҳбатлар, устоз-шогирд учрашувлари ҳамда миллий қадриятларни улуғловчи маданий дастурлар халқимизнинг юксак маънавияти, маърифатга чанқоқлиги ва миллат келажагига бўлган масъулият туйғусини яна бир бор намоён этди. Ҳар бир суҳбат, ҳар бир тадбир одамларнинг қалбига ойдинлик, юрагига ишонч ва юзига табассум бағишлади. Бу — мустақилликнинг, эркин фикр ва инсон қадри устувор бўлган жамиятнинг бевосита самарасидир.

Шу куни маҳаллада яна бир қувонарли воқеа рўй берди — Маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино фойдаланишга топширилди. Ушбу замонавий иншоот нафақат маҳалла фаолларининг иш жойи, балки аҳоли билан очиқ мулоқот, ҳуқуқий маслаҳатлар, ёшлар ва нуронийлар учун маънавий маскан вазифасини бажарадиган муҳитга айланди. Замонавий бинода йиғилишлар зали, мурожаатлар қабулхонаси, ёшлар ва кексалар учун мўлжалланган алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, улар фуқароларнинг давлат ва жамият билан янада яқин алоқада бўлишини таъминлайди.
Бу — маҳаллабай ишлаш тизимидаги туб ўзгаришлар, инсон ҳаётини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги намунасидир. Очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар бу имконият учун самимий миннатдорлик билдириб, келгусида маҳалла ривожига янада катта ҳисса қўшиш ниятида эканликларини маълум қилдилар.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари