Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадри улуғланган қомус
14:33 / 2023-12-06

Ҳар қандай мамлакатнинг демократик ва инсонпарварлик хусусиятларидан бири – инсонга бўлган муносабат, инсон ҳуқуқи ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётганлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам кўпгина мамлакатлар тарихий ривожланиш жараёнида инсон ҳуқуқларига оид ўз қонунлар тизимини яратган.

Таъкидлаш жоизки, жаҳондаги барча давлатларда инсон ҳуқуқларига оид муайян қонунчилик тизими шаклланган ва ривожланган. Бу қонунчиликнинг негизини, авваламбор, конституциялар ташкил этади. Барча давлатлар конституцияларида инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларига махсус бўлим, боблар ажратилган бўлиб, бунда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ўз аксини топган.

Янги Ўзбекистон шароитида «Инсон қадри учун» деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётига уларни татбиқ этиш Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида марказий ўринни эгаллаб келмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда жуда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараёнлар давом этмоқда. Бу ислоҳотлар энг аввало очиқлик ва шаффофлик сиёсатининг юритилишида, Инсон қадрини юксалтириш борасидаги ишларда, бу фуқаролик жамияти институтларини янада такомиллаштириш, бу оила ва хотин-қизлар, ногиронлар ва кексалар билан ишлаш тизимининг ислоҳ қилинишида, бу келажагимиз эгалари бўлган ёшлар билан ишлашга оид давлат сиёсатининг кучайтирилишида, мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларда, эзгу инсоний қадриятларимиз бўлмиш оилавий ва миллий  қадриятларни келгуси авлодга безавол етказиш бўйича қилинаётган ишларда,  миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга доир ишларнинг кенгайтирилишида намоён бўлмоқда. Шунингдек, Учинчи ренессанснинг узвий ҳалқалари бўлмиш мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларда ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида фаол ҳаракат олиб бормоқда. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни амалга ошириш, айниқса, аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясига янги нормалар киритилди. Шунингдек, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундай изчил тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада ривожлантиришга, аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, шунингдек, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

2022 йилнинг 28 январида Президент фармони билан тасдиқланган 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи йўналиши, шунингдек, “Ўзбекистонда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” иккинчи йўналишида қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш асосий мақсадлар сифатида белгиланди.

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда, “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” (26-модда);  

“Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт” (27-модда);  

“Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга. Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас” (28-модда).  

Янги Ўзбекистон Конституциясида жами дунёвий неъматлар орасида энг улуғи "инсон" эканлиги ёрқин мужассамлаштирилган. Инсонни улуғлаш уни муҳофаза қилиш ва ҳар томонлама камол топтириш Ўзбекистон Конституциясининг асосий ғоясига айлантирилган.

Миллий ҳуқуқий мерос миллатимизнинг, халқимизнинг беназир бойлигидир. Бу бойлик энг катта қадрият ҳисобланган буюк мутафаккирларимиз, аллома – аждодларимиз ғояларида, асарларида чуқур ўз ифодасини топган. Жаҳон илму  фани ва маданияти ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Шарқнинг мутафаккирлари ва даҳоларнинг бизга қолдирган маънавий мероси Конституциянинг тарихий асослари сифатида намоён бўлмоқда.

Абира Хусейнова,  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  

Сенати аъзоси.  

ЎзА