Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар аввало, инсонни қадрлашга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан инсон шаъни, қадрини улуғлаш ҳақиқатан ҳам давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айланди. Жумладан, мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида ўтказилган, умуман, бугун юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ислоҳотлар замирида халқимизни, фуқароларни эъзозлашдек эзгу ғоя ва мақсадлар мужассамдир.
Ана шу жараёнларни бевосита кузатар эканмиз, оддий инсонларга кўрсатилаётган эътибордан ҳар биримизнинг қалбимизда беихтиёр буюк неъмат – Мустақилликнинг қадрига етиш, тинч ва фаровон ҳаётимизга шукрона келтириш, обод ҳамда кундан-кунга юксалиб бораётган юртимиз равнақидан фахрланиш туйғулари жўш уради. Халқимизнинг “Сидқидилдан, ҳалол меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди”, деган ҳикматли гапи бежиз айтилмаганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
– Бугун мен ана шу эътиборни камтарона меҳнатларим эътирофи мисолида кўрдим, – дейди Андижон йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси механизация бўлими автогрейдер ҳайдовчиси Тожиддин Тошматов. – Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармони асосида “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Очиғи, мендай оддий бир инсонга, оддий ишчига кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди.
Қаҳрамонимиз Тожиддин Тошматов қарийб ярим асрдан буён механизаторлик касбини улуғлаб, сидқидилдан, ҳалол-пок меҳнат қилиб келаётган оддий замондошларимиздан бири. У меҳнат фаолиятини 1975 йилда жамоа хўжалигида тракторчиликдан бошлаган. Кейинчалик Булоқбоши уй-жой коммунал хўжалигида ишчи, “Қишлоқхўжаликкимё” корхонасида тракторчи, Ангрен бурғилаш ва портлатиш ишлари махсус бошқармасида автогрейдер ҳайдовчиси вазифаларида меҳнат қилди. У қаерда ишламасин, ўзига юклатилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан адо этди. Камтар, меҳнаткаш, фидойи, ўз касбининг моҳир устаси сифатида ҳурмат-эътибор топди.
– Мен касбимни жуда яхши кўраман, – дейди Тожиддин Тошматов. – Механизаторлик касбини танлаб, кам бўлмадим. Ҳалол, сидқидилдан ишладим, топширилган ишларни ҳамиша бекаму кўст адо этишга ҳаракат қилдим.
Ҳаёт бир текисда ўтмас экан. Турли даврларда ишда қийинчиликлар, оилада ташвиш, етишмовчиликлар бўлган. Барчасига сабр қилдим. Бундай пайтларда менга энг аввало, раҳматли турмуш ўртоғим, яқинларим далда бўлган. Шукрки, ҳаммаси ортда қолди. Борга, йўққа, қувончу ташвишга сабр ва шукр қилган инсон кам бўлмас экан.
Ҳа, Тожиддин ака Тошматов вилоятдаги жуда кўп автомобиль йўллари қурилишида, йўлларни таъмирлаш ишларида фаол иштирок этди. Нафақат Андижон вилояти, балки юртимизнинг турли ҳудудларида бир-биридан чиройли, кенг ва равон йўлларнинг барпо этилишида фаол қатнашди, ана шу жараёндаги бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшди.
Табиатан камтар, абжир, жисмонан бақувват қаҳрамонимиз бугун етмиш ёшни қоралаётган бўлса-да, ҳали ҳам касбини ташлагани йўқ. Ўн йилдан ортиқ вақтдан буён ишлаб келаётган қадрдон жамоаси – Андижон йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси механизация бўлими автогрейдер ҳайдовчиси сифатида ишлаб, касбини улуғлаб келмоқда.
Ўз касбининг фидойиси Тожиддин Тошматов нафақат қадрдон жамоаси, ҳамкасблари ўртасида, балки ибратли оиланинг соҳиби, ўзи яшаётган Шоҳгузар маҳалласининг фаоли сифатида ҳам маҳалладошлари, кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топа олган.
Раҳматли турмуш ўртоғи Муҳаррамхон ая билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, вояга етказди, эл қаторига қўшди. Суюкли фарзандларининг дуогўйи, тўққиз нафар набиранинг бобоси бўлиб яшаб келаётган Тожиддин ака ҳаёти кўплар учун ибрат мактабидир.
[gallery-25234]
– Юксак мукофот “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлигим, меҳнатларим эътирофидан қалбимдан кечаётган қувонч ва туйғуларни оддий сўзлар билан ифодалай олмайман, – дейди Т.Тошматов. – Механизатор касбини ардоқлаб, кам бўлмадим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим, одамларга, юртимга нафим тегди. Энг асосийси, инсон қадри улуғланаётган, меҳнатлари қадр топаётган тинч ва обод юртда яшаётганлигимдан қалбим фахрга тўлади.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото), ЎзА