Ижтимоий ҳимоя
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларига пресс-тур уюштирилди.
Тадбир доирасида журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари дастлаб Қумқўрғон туманидаги ногиронлиги бўлган болалар “Мурувват” интернат уйида бўлиб, замонавий реабилитация воситалари билан жиҳозланган масканда ўзгалар парваришига муҳтож болаларни ҳаётга мослаштириш учун тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш билан танишди.
[gallery-21077]
“Мурувват уйи”да 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаликдан ногирон, ўзгалар парваришига муҳтож 145 нафар васийликка олинган бола тарбияланмоқда. Уларга 200 дан ортиқ ходим тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатади. Болаларга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бериб, йилнинг ўтган даврида 13 нафар тарбияланувчи мустақил ҳаракатланиш бахтига муяссар бўлди. Тўшакда ётиб қолган 20 нафари ўзига-ўзи хизмат кўрсатмоқда. Барча шароитларга эга масканда имконияти чекланган болалар таълим олишга ва пара спорт турларига жалб этилмоқда. Рассомчилик, амалий безак, тўқувчилик, пазандачилик ва каштачилик каби тўгаракларда касб ўрганмоқда. Ижодкорлик қобилияти шакллантирилиб, мустақил изланиш, ишлаш кўникмаси ҳосил қилинаётир. Давлатимиз кўрсатаётган бундай ғамхўрликдан имконияти чекланган болаларнинг ота-онаси ва яқинлари беҳад миннатдор бўлмоқда.
– Неварам 12 ёшда, – дейди Шўрчи туманидан неварасини кўргани келган Рўзихол Худайқулова. – Юролмайди. Бу ерга олиб келганимизга уч ой бўлди. Қисқа вақтда анча тетиклашиб қолди. Ҳар келганимда тарбиячилар кўрсатаётган меҳрдан суюниб кетаман. Биз уйда бундай парвариш қилолмаймиз. Турли ҳунарларни ҳам ўрганмоқда. Давлатимиз кўрсатаётган бундай ғамхўрлик учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Шу йилдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг яна бир лойиҳаси асосида вилоятдаги имконияти чекланган болалар учун “Мурувват” болалар интернат уйида кундузги парвариш ва тарбия хизмати йўлга қўйилди. Эндиликда ногиронлиги бор болалар интернат уйига эрталаб олиб келинмоқда. Кунлик реабилитацион хизматлар кўрсатилгач, кечга яна оила даврасига қайтарилаётир. Бу хизматнинг йўлга қўйилгани уйида ногиронлиги бўлган фарзанднинг тарбияси билан банд бўлиб, ишлай олмайдиган оналар учун қулай муҳит яратди. Фарзандини парваришлаш хизматига қўйиб, уй ишларини хотиржам бажариш ёки оиласига даромад олиб келиш имконияти пайдо бўлди. Айни пайтда 14 бола шу усулда парваришланиб, тарбияланмоқда.
– Бундан ташқари, имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш мобил хизматини ҳам жорий этдик, – дейди “Мурувват уйи” директори Зулфия Дагарова. – Бунда мутахассисларимиз боланинг уйига бориб, турли тиббий хизматлар кўрсатади. Муолажа қилади.
Тадбир иштирокчилари интернат уйи тарбияланувчиларининг Янги йил байрам тадбирида қатнашди. Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев болажонларга байрам совғаларини улашди. Эртак қаҳрамонларининг театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Пресс-тур қатнашчилари Жарқўрғон туманидаги Қораёнтоқ маҳалласида “Яшил маҳалла” ташкил этиш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси, маҳалла сервис хизмати фаолияти ва “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Маҳалланинг Дўстлик кўчасида “Яшил маҳалла” лойиҳаси асосида амалга оширилаётган ишлар тадбир иштирокчиларига манзур бўлди.
Шу ерда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар тақдимотини ўтказди.
Якунланаётган йил вилоятда 37 минг 800, Янги йилда 89 минг 600 кишини камбағалликдан олиб чиқиш режалаштирилган. Вилоятда ҳозиргача 12 минг 76 оилада ҳоким ёрдамчилари ва ижтимоий ходимлар сўровнома ўтказиб, 9 минг 226 оила “Камбағаллик реестри”га киритилди. 4 минг 653 та индивидуал дастур тузилиб, 26 минг 573 та хизмат бириктирилди.
Журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари маҳалладаги ногиронлиги бор Қурбонназар Аллаев хонадонида бўлди. Унинг бандлигини таъминлаш учун мотороллер олиб берилган. Паррандачиликни йўлга қўйишига кўмаклашилган. Синглиси субсидия асосида тикув машинаси билан таъминланган. Кўрсатилган бу ёрдамлар уларнинг камбағалликни чекинтиришига хизмат қилаётир.
Маҳалладаги “Янги Ўзбекистон” массивида қисқа вақтда бунёд этилган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари барчада катта таассурот уйғотди. 32 гектар майдондаги қум барханлари ўрнида қад ростлаётган кўп қаватли уйларда аҳоли учун барча шароит яратилмоқда. Ҳозир бу ерда мингга яқин хонадон фойдаланишга топширилган. Массивда қуриладиган 82 та кўп қаватли уй-жойда ўн мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Мактаб, болалар боғчаси, маҳалла идораси ва бошқа ижтимоий соҳа иншоотлари бунёд этилган. Атрофни яшилликка буркайдиган турли манзарали дарахт кўчатлари экилган. Шу ернинг ўзида савдо, маиший ва бошқа хизматлар кўрсатадиган иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, янги массив аҳолисининг бандлиги таъминланади.
Массивда туман ҳокими Элмурод Авазов журналист ва блогерларга шу ҳақда атрофлича маълумот берди. Одамларнинг осуда, фаровон турмуш кечириши учун яратилаётган қулайликлар ҳамда Янги йилдаги режалари билан таништирди.
– Менимча бу тадбирни поёнига етаётган йилнинг сўнгги пресс-тури десак адашмаймиз, – дейди “Диёр 24” интернет нашри бош муҳаррири Алижон Диёров. – Кишини чуқур мулоҳаза юритишга ундайдиган тадбир бўлди. Биласизми, биз танишган барча жойда инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганимдан фахр ҳиссини туйдим. Ногиронлиги бор болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, оилаларни камбағалликдан чиқариш, “яшил” маҳаллалар бунёд этиш, “Янги Ўзбекистон” массивидаги улкан қурилиш-ободонлаштириш ишларининг барчаси ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани бизниянада масъулиятли бўлишга чорлайди. Бундай эзгу ишларни асл ҳолида кенг жамоатчиликка етказиш Янги йилда ҳам биз учун олдимизда турган бурч ва муҳим вазифа бўлиб қолаверади.
Холмўмин Маматрайимов,
Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА мухбирлари