Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадри улуғланаётган юрт
16:35 / 2024-10-26

Бугунги кунда юртимизда ногиронлиги бор шахсларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг соғлом ҳаётга мослашишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, улар учун протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситаларини олишнинг янги тизими йўлга қўйилиб, жамиятга интеграциялашган фуқаролар сони тобора ортиб бормоқда. Энди улар фақатгина сифатли протез-ортопедия маҳсулотлари олибгина қолмасдан, маҳсулотларни танлаш ва уларни ўз вақтида ваучер асосида олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлмоқда.

Бугунги кунга қадар Навоий вилоятида янги тизим орқали 400 нафарга яқин фуқаро протез-ортопедия мосламалари билан белгиланган тартибда таъминланди.  

Навоий шаҳрининг Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Ғулом Жабборов 2011 йилда соғлигининг жиддий ёмонлашганлиги сабабли бир оёғидан айрилган эди. Унга ҳам “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ваучер тизими орқали замонавий модулли сон протези олиб берилди.  

– Ўша вақтда берилган протезларнинг оғирлиги 7-8 килограммни ташкил қиларди. Ишлашга, юришга жуда қийналар эдим. Асосан ҳассалардан фойдаланардим, – дейди Ғулом ака. – Ҳозирги протез менга жуда қулай, барча ҳаракатларимни амалга ошира оламан. Ижтимоий ходим мунтазам ҳолимдан хабар олиб туради. Унинг кўмагида тадбиркорликни йўлга қўйдим. Шаҳардаги марказий бозорда кийим-кечак сотиш учун раста ажратилди. Айни пайтда соғлом инсонлар билан бир қаторда меҳнат қилаётганимдан, улар билан суҳбатлашиб, ҳаёт кечираётганимдан хурсандман.  

Ғулом Жабборов каби инсонларнинг фаол ҳаётга қайтаётгани мамлакатимизда инсон қадри улуғланиб, ислоҳотлар инсон манфаатлари учун хизмат қилаётганлигини билдиради.

А.Бўриев, ЎзА мухбири.