Бугун мамлакатимизда инсон қадри, эрки ва фаровон турмуши кафолатланган маънавий макон, маърифатли жамият қуриш учун кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир” ғояси ўз исботини топиб бормоқда.
Инсонни, хусусан, ёш авлодни юксак маърифий камол топтириш ғоят мураккаб вазифа. Айниқса, бугунги кун, дунё бўйлаб мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган қалтис бир замонда. Шу мақсадда Маънавият ва маърифат маркази томонидан илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат ва шунингдек, оммавий ахборот воситаларининиг маънавий-маърифий соҳадаги таъсирчанлигини оширишга қаратилган бир қатор лойиҳалар ташкил этиб келинмоқда.
Жорий йилда эълон қилинган «Инсон қадри учун» туркумидаги ижтимоий видеороликлар танлови ана шу эзгу ишларнинг навбатдагиси эди.
Низомга кўра, танлов икки босқичда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 2 ноябрь куни ушбу танловнинг Тошкент шаҳар босқичи совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Танловга 3 дақиқалик маънавий-ахлоқий фазилатлар, боқий анъана ва миллий қадриятлар, ижтимоий ҳамжиҳатлик, экологик маданият мавзуидаги видеороликлар тақдим этилди.
Ғолибларни аниқлашда видеороликда мавзунинг мазмун-моҳияти очиб берилгани, видеороликда тасвир, овоз ва монтаж ишининг сифати, муаллифнинг видеороликни яратишдаги ўзига хос ижодий ёндашуви, ишнинг янгилиги, видеороликнинг барча тоифадаги фойдаланувчилар учун мўлжалланган бўлиши, видеороликда маънавий-ахлоқий қадриятларимизга зид бўлган тасвир ёки мазмун акс эттирилмаслиги асосий мезон бўлди.
Танловнинг Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари:
1-ўрин – 10 000 000 (ўн миллион) сўм;
2-ўрин – 7 500 000 (этти миллион беш юз минг) сўм;
3-ўрин – 5 000 000 (беш миллион) сўм;
4 ва 5-ўринлар ҳамда 5 та рағбатлантирилувчи номинация – 3 000 000 (уч миллион) сўмдан моддий рағбатлантирилди.
Тошкент шаҳар босқичида фаол иштирок этган10 нафар иштирокчи танловнинг Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
ЎзА