Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон қадри ҳамиша азиз
14:57 / 2025-06-19

Олий мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Лола Саодатова томонидан Қарши шаҳри Шайхали қўрғонида жойлашган тергов ҳибсхонасида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида “Инсон қадри – азиз” мавзуида тадбир ташкил этилди.

Тергов ҳибсхонаси 500 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни кунда 465 нафар маҳбус сақланяпти. Уларнинг 35 нафари аёл, 10 нафари вояга етмаганлардир. 

Дастлаб муассасада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа ҳолатлар кўздан кечирилди.

Шунингдек, мазкур тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун малакали хирург, травматолог, невропатолог, кардиолог, эндокринолог ва гинекологлар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.    

Махсус тиббий анжомлар ва дори-дармонлар билан таъминланган шифокорлар томонидан аниқланган касалликлар бўйича 3 нафар шахс даволаниш учун юборилди. 

Шу билан биргаликда Қарши давлат университети психолог ўқитувчилари томонидан фуқаролар, айниқса, вояга етмаганларни ахборот хуружлари, маънавий таҳдидлар ва турли хил ёт ғоялардан ҳимоя қилишга қаратилган психологик тренинглар ўтказилиб, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун мотивацион психологик машғулотлар олиб борилди. 

Тадбир доирасида тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар билан якка тартибда сайёр қабул ҳам ўтказилди. 

Унда маҳбуслар тергов жараёнларидан норозиликлари ва суд жараёнларида Омбудсман минтақавий вакилининг иштирок этиши, шунингдек, оиласи ва фарзандлари таълимига оид саволлар билан мурожаат қилди.

Тадбир сўнггида хотин-қизлар ва вояга етмаганларга эсдалик совғалари ва китоблар ҳадя қилинди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири