Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 21 ноябрь куни қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши Асосий Қонунимиз қабул қилинган кунни юқори савияда нишонлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур фармойиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, фуқароларни унда белгиланган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириш, “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий ҳамда бошқа тадбирларни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда кечаётган барча ижобий ўзгаришлар, инсон манфаатларига хизмат қилувчи ислоҳотлар, одамларни ҳаётдан рози қилиш борасидаги эзгу ва ибратли саъй-ҳаракатлар Бош Қомусимизда ўзининг ёрқин ифодасини топгани билан аҳамиятлидир.

– Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғояларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз аксини топаётганини кўрсатиб бериш ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсаддир, – деди таниқли шоира, маънавият тарғиботчиси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи. – Чиндан ҳам кейинги йиллар давомида инсон, унинг манфаатлари, қадр-қимматига энг олий қадрият сифатида муносабатда бўлинмоқда. Янгиланган Конституциямиздаги барча тамойиллар жамият ҳаётида, юртдошларимиз тақдирида акс этмоқда.
Маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Ватанимиз, халқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири