Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 120 йиллиги кенг нишонланмоқда. Мазкур тузилманинг ташкил этилиши жадидлар фаолияти билан бевосита боғлиқ. Дарҳақиқат, халқнинг фаровонлиги, маърифати, ҳимояси, миллат равнақи, мамлакат тараққиёти маърифатпарвар боболаримиз ҳаётининг мазмунини ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Аслида жадидлар фаолиятида одамларга маърифат, эзгулик, зиё улашишдек ғоялар устувор экани манбалардан яхши маълум. Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятида жадидларнинг ҳиссаси қандай бўлгани хусусида фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Жадидчилик миллий сиёсий ҳаракати вужудга келган пайтидаёқ жамиятнинг барча соҳаларида ўзгаришлар, ислоҳотлар қилиш, Туркистонни тараққий этган мамлакатлар қаторига чиқаришни мақсад қилган эди. 1905 йил Россия империясида содир бўлган сиёсий жараёнлар таъсири тез орада Туркистонда ҳам сезилди. Айни шу даврдан жадидлар аҳолининг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш йўлидаги дастлабки ҳаракатларни амалга оширди.
Уларнинг бу ҳаракатлари Исмоил Гаспарали муҳаррирлигида чоп қилинган “Таржимон” газетаси саҳифаларида ёритиб борилган. Жумладан, газетанинг 1905 йил 14 июнь сонидаги “Ходим истироҳати ва рус байрамлари” мақоласида русларнинг байрамларида мусулмонларнинг дам олиши ва дўконларини ёпиш масаласи Тошкент думасида муҳокама қилингани ва эски Тошкент қисмида рус байрами кунлари дам олиш бўлмаслигига қарор қилингани қайд қилинган.
Шунингдек, газетада 1910 йил 8 октябрда босилган “Туркистонда байрам ва истироҳат масаласи” мақоласида туркистонликларнинг байрам ва ҳафталик дам олиш кунлари, иш соатлари бўйича ҳам маълумот берилган. Жумладан, Тошкент ва Олмаота шаҳарлари мушовара (маслаҳат) комиссияси иш ва дам олиш кунларига оид қарор қабул қилгани, мусулмон дўконлари қишда 7 дан кеч 8 гача, ёзда 6 дан кеч 7 гача ишлаши, корхоналарда қишда 2, ёзда 3 соат емак учун вақт берилиши, расмий дам олиш кунлари белгилангани қайд қилинган. Мақолага кўра, туркистонликлар жума кунлари соат 12 дан кейин, рамазон ва қурбон байрамларида 3 кундан, рус ва мусулмонлар ўз байрам кунлари дам олган. Рамазон ойида мусулмонлар ишдан ифторлик учун 1 соат олдин кетган. Шунингдек, мусулмонлар яна бир неча байрамларни кўрсатиб дам олиш куни белгилаш ҳақида Туркистон генерал губернаторига мурожаат қилигани очиқланган.
Жадидлар Туркистон аҳолисини ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга ўргатишдан ташқари хайрия жамиятлари ташкил қилганларини таъкидлаш жоиз. Бу жамиятларнинг асосий йўналишларидан бири инсон қадри учун кураш бўлганини унутмаслигимиз лозим. 1909 йил Мунавварқори Абдурашидхонов тошкентлик бойлар Саидкаримбой Саидазимбой ўғли, Комилбек Норбеков ва Каримбек Норбеков кабилар ҳомийлигида 1909 йил 15 июлда мақсади “ўзбек ҳалқининг билим билан оқартириш, етим, етима ёки ота-онаси йўқсил бўлған болаларни ўқиттиришдан иборат бўлган “Жамияти имдодия”ни (“Ёрдам”) тузади. Унинг 41 банддан иборат низоми ҳам тасдиқланади. Жамиятга Саидкаримбой Саидазимбой ўғли раис, Мунавварқори Абдурашидхонов раис ўринбосари этиб тайинланган. Башируллахон Асадуллохўжа ўғли, Абдулла Авлоний, Низомқори мулла Ҳусайн ўғли ва Тошхўжаҳожи Туёқбой ўғли жамият аъзолари бўлган.
“Жамияти имдодия” аъзоларнинг аниқ белгиланган ойлик ва йиллик бадаллари, ҳомийликлари асосида фаолият юритган. Ушбу жамият амалга оширган муҳим ишлардан бири камбағалхона ва ногиронлар уйи очгани бўлган. Камбағалхонадан уйсиз, ишсиз қолганлар фойдаланиши мумкин бўлган. Бир вақтнинг ўзида 10 кишини қабул қилиш, уларга ижтимоий ёрдам бериш имкониятига эга бўлган. Камбағалхона ночор аҳволда қолган кишиларни кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлашдан ташқари иш топишларига ҳам кўмаклашган. Бу ишларнинг бошида Мунаварқори Абдурашидхонов турган.
Жамият аҳолининг камбағал қатламига хусусий шифохоналардан фойдаланишлари учун ҳам шароит қилиб берган. Жамият маблағлари ҳисобидан шифохона харажатлари қопланган.
– Жадидларнинг касаба уюшмалари ҳаракати билан боғлиқ илмий изланишлар бугун ҳам давом этаяптими?
– Жадидлар тузган хайрия жамиятлари, уюшма ва ташкилотларининг асосий йўналиши мустамлака шароитида Туркистон аҳолисининг меҳнат ҳуқуқини, жамиятнинг турли қатламлари: деҳқонлар, чорвадорлар, ҳунармандлар, савдогарлар ва ҳоказоларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам бўлган.
Жадидларнинг бу йўналишдаги фаолиятлари бўйича бир нечта тезис ва мақолалар эълон қилинганини айтмаганда, ҳалигача алоҳида тадқиқот қилинмаган. Бугун Тарих институтида Жадидчилик миллий сиёсий ҳаракати тарихини жиддий тадқиқ қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ёш тадқиқотчиларимиз томонидан жадидларнинг ижтимоий ҳаётни тартибга солиш ва халқ фаровонлигини таъминлашга оид қарашлари ҳамда амалий ҳаракатларига оид маълумотлар архив ҳужжатлари, даврий матбуотда эълон қилинган мақолалар, хотира ва эсдаликлар асосида ўрганилмоқда. Умид қиламанки, яқин вақтлар ичида жадид боболаримизнинг инсонлар иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаолиятларига оид рисолалар, асарлар яратилади. Кенг жамоатчиликка тақдим қилинади.
– Маълумки, мамлакатимиз касаба уюшмалари тарихида илк бор соҳага оид музей ташкил этилган. Мазкур музей экспозициясининг шаклланишида тарихчи олимларимиз қандай изланишлар олиб бордилар?
– 2021 йил Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи ташкил этилган бўлиб, музей экспозициясини шакллантиришда тарихчилар қатнашганлари маълум. Олимлар илмий изланишлари натижасида мамлакатимизда илк касаба уюшмалари ҳаракати 1905 йилда бошланганини архив ҳужжатлари асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилганлар.
Аслида инсон қадри, турли меҳнат шароитларида уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳаракатлар илк давлатчилик уюшмалари тузилган пайтидаёқ вужудга келганини унутмаслигимиз лозим. Туроннинг биринчи ва иккинчи уйғониш даври алломалари, жадидларнинг бу борадаги қарашларини эътироф этишимиз лозим. Шунингдек, 1991 йилдан бошлаб, ўзбек халқи манфаатларини ҳимоя қилувчи тузилма фаолияти йўлга қўйилган.
– Қизиқарли ва самимий суҳбат учун раҳмат!
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова
суҳбатлашди.