Тошкент давлат шарқшунослик университети делегацияси Қоҳирада халқаро китоб ярмаркасига ташриф буюрди.
Жаҳонда глобаллашув деб аталмиш хавфли бир гирдобнинг чарх уриши зўрайиб бораётганига қарамай, китобга меҳри бўлак инсонларнинг ҳали ҳам кўплиги инсонга таскин беради. Чунки дунёни эзгулик қутқаради, уни эса одамларнинг муносабатларидан топиш, китоблардан ўрганиш мумкин. Охирги пайтларда китоб ўқишга қизиқиш камайиб бораётгани, ёшларнинг электрон гаджетларга муккасидан кетиб, ҳамма ахборотни мобил телефонлар орқали олиб қониқаётгани ҳақида кўп муҳокама қиламиз.
Асрлар оша фикрни китобдан излаган ва топган инсонларнинг тафаккур дунёси кенг эканлигини биламиз-ку, лекин бунга бефарқлигимиз ортиб бормоқда. Ривожланган мамлакатларда ҳали ҳануз кўп китоби борлиги ва кўп китоб ўқиганлигини асосий ютуғи ва ҳаёти мазмуни этиб баҳолайдиган инсонлар ҳам кўп. Айнан шунинг учун ҳам улар ривожланяпти.
Китобга меҳри камайган жамият эса ривожланмаслигини, ёшлар билан алоҳида ишлар ташкил қилиб, тушунтириш кераклигини катта авлод вакиллари кўп таъкидлашади. Буни нафақат юртимизда, балки Мисрда ҳам эшитдим.
Қадимги цивилизациялар бешиги ва чорраҳаси бўлмиш Мисрга ташрифимиз чоғида жуда катта бир тадбирнинг гувоҳи ва иштирокчиси бўлдик. Қоҳирада ташкил этилган халқаро китоб кўргазмасига бориб, у ердаги муҳитдан ўзгача руҳ олдик. 12 кун давом этиши белгиланган кўргазма ўнинчи куни эканига қарамай одам гавжум. 6 та катта павильонда ташкил этилган бу улкан ҳудуд озодалиги, турли тадбирларга бойлиги билан диққатимизни тортди.
Одамларнинг оила-оила бўлиб келаётгани, фарзандларини кичик ёшидан бошлаб китоб кўргазмасига олиб келиб, бу улкан хазинадан баҳраманд бўлишга ўргатаётганлигини кўриб ҳайратда қолдим. Кунига 200-250 минг киши иштирок этаётган ушбу катта кўргазмада катта ёшлилардан то кичкинтойларгача, аёлу эркаклар, ёшу қари, турли соҳа вакиллари – ҳамма ўзига мос манбаларни топа олади.
Аниқ фанларга йўналган павильон, гуманитар фанларга оид илмий нашрлар, нуфузли университет ва нашриётларнинг янги китобларини кўриб танлаётганлар, сотиб олаётганларни кўриб ҳавасим келди. Бизни ҳайратлантирган нарса бадиий китобларнинг расталаридаги одамларнинг кўплиги. Китобларнинг нашр сифати эса алоҳида таҳсинга сазовор. Кўзларимиз қувнаб, арабшунос адабиётшунос, таржимашунос тадқиқотчиларимиз учун бир қатор янги роман ва ҳикоялардан сотиб олдик.
Илмий адабиётлар орасида фан тарихи билан боғлиқлари алоҳида. Айниқса, аруз илми тарихига оид 3 жилдлик гўзал бир нашрлар мажмуини олиб кетмаслик мумкин эмас эди.
Павильонларда қатор тадбирлар, учрашувлар, муҳокамалар ўтказилаётгани ҳам алоҳида эътиборимизни тортди. Тунислик ёзувчининг ўзи иштирокида китоби тақдимоти бир залда, ёшларга, тарихга оид китоблар бўйича муҳокама ва мушоираларнинг алоҳида-алоҳида залларда параллель тарзда ўтказилаётгани ва бу жараёнда ҳеч қандай шовқин-суроннинг сезилмаслиги ҳам ҳайрон қолдирди.
Биз болалар адабиёти павильонига кириб бордик. Очиқ осмон остида араб фольклори намуналари, қизиқарли эртакларни миллий қўғирчоқ театри намойишида томоша қилишингиз мумкин. Гавжум ердан ўтиб сўнгги павильонга етиб бордик. Ушбу залда болалар учун шундай муҳит яратилганки, у ерга кирган болажонлар ҳеч чиққиси йўқ. Бутун павильон болалар билан тўла. Ҳар тарафда китоб расталари, бир тарафда миллий қўл меҳнати – ҳунармандчилик сирларини болажонларга ўргатиб маҳорат дарслари ташкил этилган бўлса, иккинчи тарафда сурат чизишга ўргатишяпти. Яна бошқа бир доирада катта ёшли бир киши болажонлар билан викторина ўтказяпти. Кўзлари ёниб турган фаол болажонларни кўриб завқингиз ошади. Китоб сотувчилар болаларнинг ёшига эътибор қаратиб тавсияларини бермоқдалар.
Кўргазма масъуллари билан учрашдик. Шарқшунос Н.Абдуллаевнинг араб тилида мисрлик олим билан ёзилган янги Ўзбекистоннинг ривожланиш йўли ва мавқеига бағишланган китоби, хорижликлар учун ўзбек тили интенсив курси бўйича дарслик ва бошқа китоблар тақдим этилди.
Биз ҳам шундай сермазмун кўргазмаларни ташкил этиш орқали ёшларда китобга меҳр уйғотиш йўлини танлашга яхши бир йўлланма бера оламиз деб ўйлайман.
Гулчеҳра Рихсиева,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори
ЎзА