Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон ўз севганини ҳамиша қалбида сақлайди
13:42 / 2022-12-21

Туркиянинг Коня шаҳрида буюк мутафаккир Мавлоно Жалолиддин Румийнинг Ҳаққа етишган кун – «Шаби арус» тадбирлари бўлиб ўтди.

Тадбирда Болқон республикаларининг ҳаммасидан, шунингдек, Италия, Германия, Полша, Франция, Индонезия, Малайзия, Япония, Ҳиндистон, Исроил давлатларидан 32 нафар ОАВ вакиллари қатнашди. Туркий тилли давлатлардан фақатгина Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон журналистлари иштирок этди.  

Коня – Кичик Осиёнинг кўҳна ва боқий шаҳарларидан бири. Бу қадимий шаҳардаги энг гавжум, серфайз ва мунаввар маскан Мавлоно Жалолиддин Румий мақбараси десак, муболаға бўлмас. Она томонидан Хоразмшоҳлар авлодига мансуб бўлган мавлоно Жалолиддин Румий, маълумотларга кўра, ўша вақтда Хоразмшоҳлар таркибида бўлган Балх шаҳрида 1207 йилда таваллуд топган. Тарихчиларнинг айтишича, ул зот буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг жияни бўлгани боис, ота-онаси кичик шаҳзодага ҳавас қилиб, ўғилларига унинг исмини беришган. Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад ўз замонасининг етук донишманди, фиқҳ ва тасаввуфнинг зукко намояндаларидан эди.  

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг турбати жойлашган Коня — Туркиянинг Анатолияси марказидаги шаҳар. Аҳолиси 2 миллион 79 минг кишидан иборат. Шаҳар қадимий тарихга эга бўлиб, маданий ва диний қадриятлари билан машҳур.  

Куванна номи билан шаҳар 4 минг йил аввал Хеттлар подшоҳлиги таркибида бўлган. Юнон ҳужжатларида шаҳар Иконион (Иконий) дея қайд этилган. Библияда Иконион (Икония) номи билан тилга олинади. Рим императори Клавдия ҳукмронлиги даврида шаҳар ветеранларга берилган ва «Клавдикониум» деб номланган.  

Икониум Рим колонияси бўлган. Шунингдек, Икониум номи Салб юришларида ҳам тилга олинган. Коня 1070 йилларда салжуқийлар томонидан эгаллаб олинди. Икониум шаҳри салжуқийларнинг Иконий султонлигининг пойтахти эди. 1076 йилда Султон Сулаймон Шоҳ Коняни салжуқийлар пойтахти деб эълон қилди. Шу тариқа Коня 1277 йилга қадар салжуқийлар империясининг бош шаҳри бўлиб қолди. Мазкур шаҳарда машҳур руҳонийлар, теологлар, илм-фан ва санъат намояндалари истиқомат қилган ва фаолият юритган. Ўша даврда Коня туркийлар ва форсийлар маданиятининг марказига айланди.  

XIII асрда эса бу шаҳарда Мавлоно Жалолиддин Румий яшаган ва шу шаҳарга дафн этилган. 1244 йилда у Коняда Шамс Табризий билан учрашди ва улар сўфийлар тариқатига асос солишди. Румий 1273 йил 17 декабрь куни вафот этган.  

Ривоятларга кўра, Мавлоно Румий вафот этаётганида шогирдлари қайғуга тушади. Шунда Мавлоно «нега сизлар хафа бўляпсизлар? Ахир дўст ҳузурига кетяпманку? Бу аза эмас, балки тўйдир, чунки, мен дўст васлига етишиш учун кетяпман», деган эканлар. Бу воқеа милодий 1273 йил 17 декабрда юз берган эди. Мана, орадан салкам етти ярим аср ўтибдики, Мавлоно Румийнинг издошлари бу кунни Дўст ҳузурига сафар тантанаси сифатида нишонлайдилар. Мавлавия тариқатида бу маросим «Шаби арус» деб номланади.  

Румий асосан форс тилида ижод қилган, аммо шахсан ўзи томонидан турк, араб ва юнон тилида ёзган асарлари ҳам борлиги айтилади.  

Румий ижоди миллий ва этник чегаралардан чиқиб кетган. Мана етти асрдирки, унинг маънавий меросини форсийлар ҳам, туркийлар ҳам, юнон ва пуштунлар ҳам бирдек ардоқлаб келади. Унинг асарлари жаҳоннинг турли тилларига таржима қилинган. АҚШда Румий «энг машҳур шоир» ва «Асари энг кўп ўқиладиган шоир» сифатида эътироф этилган. XIII асрда Коняда унинг ўғли Султон Валад сўфийларнинг Мавлоно тариқатига асос солди.  

Мавлононинг мақбараси ҳамон зиёратчилар учун муқаддас ҳисобланади. Мақбара меъмор Береттин Табризли лойиҳаси асосида қурилади. Айтишларича Мавлононинг турбати XIX аср ўрталаригача асл ҳолида турган, фақат 1854 йилда ичкарида бир қатор қурилмалар барпо этилган. Коня бугунги кунда жаҳон мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган. Айни дамда шаҳар ҳар бир туркнинг юрагида.  

Коняда 2017 йилда «Панорама музейи» фаолият юрита бошлаган (шуни таъкидлаш керакки, Туркияда атиги учта – Истанбул, Бурса ва Коня шаҳарларида «Панарама музейи» бор). Мазкур музей Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳаёти билан бирга, шаҳарнинг ўша даврдаги тарихини ҳам сўзлайди. Музей 3 қисмдан иборат. Кираверишда дунё бўйича 25 та Мавлавий уйларининг макетлари жой олган. Панорама қисмида Мавлоно Румийнинг ҳаёт йўли акс этади. Музейнинг галерея қисмида Румийнинг туғилишидан то вафот этгунига қадар бўлган ҳаёти акс этган суратлар билан танишиш мумкин. Музей фаолиятининг асосий мақсади Коня тарихи, одамлари, хусусан, Жалолиддин Румийнинг босиб ўтган ҳаёт йўли билан жонли таништиришдан иборат.  

Коня сўфизм маркази сифатида қадрланади. Дарвишларнинг Само рақси нафақат Коня, балки Туркия рамзи ҳам ҳисобланади. Бу рақс ҳатто ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига ҳам киритилган.  

1925 йилда сўфийлар ҳаракати тақиқланди ёки чекланди. Суфийлар хонагоҳлари музейга айлантирилди. Румий мақбараси ҳам 1927 йилда музейга айланди. 1957 йилда Коняда қадимий маданиятни асраш кўринишида дарвешлар жамияти ташкил этилди. Ҳар йили декабрь ойи ўрталарида дарвешларнинг фестивали ўтказилади.  

Бу фестиваллар диний кўринишдан кўра кўпроқ дунёвий характер касб этади.  

Коня шаҳридаги мазкур тадбир ҳар йили бўлгани каби бу йил ҳам алоҳида тараддуд ва кўтаринкилик билан бўлиб ўтди. Дунёнинг турли ҳудудларидан Мавлоно Румийнинг ихлосмандлари Мавлавия тариқати вакиллари, олим ва мутахассислар, санъат, маданият намояндалари тўпланишди. Румий ҳаёти ва ижодининг инсоният тараққиётидаги ўрнига бағишланган анжуманлар ўтказилди.  

Тадбирда Туркия Республикасининг давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, дунёнинг турли ҳудудларидан олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

«Шаби арус» кечасида Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Мустафо Шентоп, Туркиянинг маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой нутқ сўзлади. Улар Мавлоно Жалолиддин Румийнинг дунё маънавий ҳаётида тутган ўрни, бугунги кунда Туркияда ва бутун дунёда Мавлоно меросига бўлган муносабат, Румий асарларининг аҳамияти хусусида сўз юритишди.  

Мавлоно хотирасини ёд этилиши бежиз эмас. Чунки замонлар ўтиб, қарашлар, мафкуралар ўзгарсада, мавлононинг барҳаёт фикрлари, ҳикматлари ўз маъносини, қадр-қимматини йўқотмайди. «Сен ҳамиша инсонларнинг қалбига киришга ҳаракат қил, чунки инсон ўз севганини ҳамиша ўз қалбида сақлайди», деб марҳамат қилган мавлоно.  

 

Шарофиддин Тўлаганов