Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Инсон” марказининг янги биноси ишга тушди
18:29 / 2025-04-13

Боёвут туманида аҳолига ижтимоий хизматларни янада сифатли ва қулай тарзда тақдим этиш мақсадида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Муассаса туман марказига яқин жойлашган бўлиб, бино мукаммал таъмирланди, замонавий жиҳозлар ва хизмат кўрсатиш тизими билан таъминланди. Марказнинг энг муҳим жиҳатларидан бири  имконияти чекланган фуқаролар учун тўлиқ тўсиқсиз муҳитнинг яратилганидир. Махсус пандуслар, кенг ва ҳаракатни енгиллаштирувчи инфратузилма — барчаси инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, марказга олиб борувчи Ислом Каримов номидаги кўча жорий йилда инклюзив кўчага айлантирилиши режалаштирилган. Бу эса туман аҳолиси учун янада кенг имкониятларни тақдим этади.

Янги бинога кўчиб ўтган марказ ўз фаолиятини янада самарали ва тизимли ташкил этиш имкониятига эга бўлди. Энди аҳоли “бир дарча” тамойили асосида  нафақа, моддий ёрдам, уй-жой, иш билан таъминлаш, ногиронликни аниқлаш каби муҳим ижтимоий хизматларни бир жойнинг ўзида, қулай шароитда олиш имконига эга бўлади.

Марказнинг очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтди. Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Адҳам Байзақов, туман ҳокими Дилфуза Ўролова, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчилари мазкур марказ ижтимоий ҳимоя тизимида фуқаролар эҳтиёжларини ўрганиш ва самарали ечим топишда муҳим платформага айланишини таъкидлашди.  Шу билан бирга, хизмат кўрсатишда шаффофлик ва тезкорлик тамойиллари устувор аҳамият касб этиши қайд этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири