Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон манфаатлари тамойили – халқимиз фаровонлиги учун
15:17 / 2022-06-17

Ҳар қандай давлат ва жамиятнинг пойдевори унинг ҳуқуқий асосларига бевосита боғлиқ. Чунки жаҳон саҳнасида мавжуд бўлиш, бошқалар бу давлатни тан олиши учун у ҳуқуқий асослари билан майдонга кириб боради.

Бу асосларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги, жамият ривожига ҳамоҳанг такомиллаштириб борилиши эса давлатнинг барқарорлигига, унинг тараққий этишига хизмат қилади.  

Шу маънода Ўзбекистон Конституцияси гарчи халқаро миқёсда тан олинган, нормаларининг умуминсоний қадриятларига мослиги билан эътироф этилган бўлса-да, такомиллаштириб борилаётгани жамият ривожи билан бевосита боғлиқ.  

Дарҳақиқат, кейинги беш йилликда жамиятимизда шундай ўзгариш ва янгиланишлар рўй бердики, улар умумий асосда Бош қомусимизга мувофиқ бўлса-да, уларни айнан ифодалай оладиган моддалар етишмаётган эди. Айни пайтда конституциявий  ислоҳотлар амалга оширилаётгани шу жиҳатдан Асосий қонуннинг янада мукаммалашувига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига замин яратади.  

Давлат идораларининг халққа хизмат қилиши, мансабдор шахсларнинг халқ билан бевосита мулоқоти йўлга қўйилгани мамлакатимиз давлат бошқарувида ўзига хос бурилиш ясади, десак муболаға бўлмайди. 

Ахир яқин ўтмишда халқимиз фақат Президентни танир, ҳатто ўз ҳудудидан сайланган депутатни эса яхши билмас эди. Бугунги кунда эса нафақат депутат, сенатор, балки ҳоким, прокурор, судья каби лавозимдаги шахсларни аҳоли яхши билади.  

Айнан мана шу жараён фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланаётгани жамиятимизда рўй берган жуда катта ўзгариш. Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда. 

Ушбу ижобий ўзгаришларни, яъни халқ билан мулоқот тизимини Конституцияда акс эттириш конституциявий ислоҳотлардан кўзланган мақсадлардан бири бўлди. Буни халқимизнинг аксарияти қатори барчамиз қўллаб-қувватлаймиз.  

Инсоннинг яшаш, эркин яшаш ҳуқуқи конституциявий асосда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқларидан. Бироқ, мамлакатимизда “прописка” тизими билан боғлиқ муаммолар туфайли кўплаб юртдошларимиз қийналиб яшагани сир эмас.  

Бугунги кунда эса юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилди. 

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди. Адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. 

Бу ижобий янгиланишлар инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Конституциявий ислоҳотларда инсон манфаати тамойили бош ўринга чиқаётгани эса таҳсинга лойиқ. Яъни  «давлат – жамият – инсон» тамойилини «инсон – жамият – давлат» деб ўзгартириш бўйича давлатимиз раҳбарининг таклифи жуда ўринли. 

Ширин Ҳамдамова,  

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 

ЮНЕСКОнинг “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси доценти. 

ЎзА