Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон маънавияти кўзгуси
14:52 / 2024-06-15

Китоблар барча замонлар учун энг зарур нарса, қалблар малҳами, билимлар хазинаси, донишмандлик чашмаси бўлган бўлиб келган. Китоб инсоният ва жамият маданиятининг ажралмас бир қисми бўлиб, инсоният тараққиётининг барча даврларда кишиларни тарбиялаш, уларнинг ақлий ривожланиш воситаси бўлиб келмоқда. Китоб барча соҳага оид маълумотларни тўплаш, сақлаш усули сифатида катта аҳамиятга эгадир.

Инсон тафаккурининг ривожланишида китоб ва ёзув доимо ҳамроҳ бўлган. Инсоният яратган муомала воситалари ичида энг ишончлиси, энг қулайи бу китобдир. Китоб  кишиларга инсоният эришган ютуқларни билиш имконини беради. Шунинг учун китоб ва китобхонликка бўлган эътибор  бугунга келиб ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда китобхонлик ҳаракатининг ривожига, мутолаа маданиятининг ўсишига кучли туртки берди. Қарорга асосан ахборот-кутубхона фаолиятини   ривожлантиришнинг мақсад ва вазифалари аниқ белгилаб берилди.  

Ахборот-кутубхона  марказларининг ижтимоий аҳамиятига молик   ахборотлардан кенг фойдаланишни таъминлаш, ёшларда китоб ўқишга  қизиқишни кучайтириш, жамиятда муҳим ва ишончли ахборотларни   тарқатиш  борасидаги ролини янада юксалтириш имконини беради. Бу ўз  навбатида халқимиз эҳтиёжлари учун жуда кўплаб ва ранг-баранг асарларни   китобхонлар оммасига етказиш имконини беради. Инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли бўлишининг муҳим омили бу китобга дўст бўлиши.  

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Ахборот-ресурс маркази ҳам ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, кутубхона фаолиятига оид қонун ва норматив ҳужжатлар, Илмий кенгаш қарорлари ва ўз Низомига асосланиб, матбаа адабиётлари ва электрон шаклдаги ахборот ресурсларидан фойдаланиш тартибида олиб боради.  

АРМнинг умумий фонди 49 минг 578 номдаги 222 минг 962 нусха адабиётлардан иборат бўлиб, йилдан-йилга бойитиб борилади.  

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида қонунчилик меъёрлари асосида Ахборот-ресурс маркази фондидаги барча ўқув ва илмий адабиётларни электрон кутубхона платформасига ўз вақтида тўлиқ киритилишини таъминлаш белгиланган. Мазкур вазифа юзасидан бугунги кунга қадар 20 минг 600 номдаги адабиётлар электрон платформага жойлаштирилди.  

Бугунги кунда марказимизда талабалар ва мустақил изланувчи китобхонларимиз учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ёрдами билан ACM Digital Library https://dl.acm.org/, Bookshare  Benetech https://www.bookshare.org/cms/, e-Duke Journals Scholarly Collection https://read.dukeupress.edu/ EIFLхалқаро консорциумига аъзолик доирасидаги базалар билан шартномалар тузилди.  

Шунингдек, https://www.sciencedirect.com/, https://webofscience.com халқаро электрон базага уланиб, фойдаланувчилар учун кириш имконияти яратилди.  

Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Жиззах шаҳрида ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналар, нашриётлар, архив ва музейлар раҳбарлари, соҳа мутахассислари, олимлар, ўқитувчилар, жамоат арбоблари, вазирлик ҳамда идоралар вакиллари иштирокида “Central Asia – 2024” Халқаро конференцияси ўтказилди. Унда университет Ахборот-ресурс маркази ходимлари ҳам фаол иштирок этиб қайтди.  

Ахборот-ресурс марказига оид электрон дарсликлар, маълумот, янгилик ва эълонларни инстаграм, телеграм ижтимоий тармоқлари орқали кузатиб бориш имконияти йўлга қўйилди.  

Малика НИҒМОНОВА,  

Ўзбекистон давлат жисмоний  

тарбия ва спорт университети  

АРМ раҳбари  

ЎзА