Бугунги кунда жаҳонда инсон капитали ривожи нафақат иқтисодиёт, балки бутун жамиятнинг янги сифатини шакллантиришда муҳим омил сифатида қаралмоқда.
Жаҳон банкининг тадқиқот натижаларига кўра, ўтиш даври иқтисодиётига эга мамлакатларда ўсишнинг 64 фоизи инсон капиталининг сифатига боғлиқлиги қайд этилган, АҚШда бу кўрсаткич 76 фоизни, Европа давлатларида эса 74,2 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, мазкур тадқиқотда инсон капитали ривожи учун сарфланган ҳар бир доллар келгусида мамлакатга 3-6 доллар фойда келтириши таъкидлаб ўтилган.
Ўзбекистонда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, айниқса, сўнгги олти йилда Ҳаракатлар стратегияси ва унинг мантиқий давоми ҳисобланмиш Тараққиёт стратегияси доирасида инсон капиталини юксалтириш, жумладан, таълим ва илм-фанни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиш ва саломатлигини мустаҳкамлаш, маданий ва маърифий онгини юксалтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилиди. Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан сарф этиладиган харажатлар 4,3 бараварга оширилди.
Таълим учун инвестиция – келажакка сармоя
Таълим соҳаси давлатнинг келгусидаги ривожи ва тараққиёти учун хизмат қилишини инобатга олиб таълим-тарбияга катта эътибор қаратилди. Ривожланган давлатлар каби узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб бориш, сифатли таълим-тарбия бериш, малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи вазирлик (Мактабгача таълим вазирлиги) ташкил этилди. Бунда, мактабгача таълим ташкилотлари сони 5211 тадан 19316 тага, мактаблар сони 9719 тадан 10289 тага етказилди, 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта тикланди, мактаб ўқитувчиларининг иш юкламаси мақбуллаштирилди ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди, шунингдек, таълим соҳаси вакилларининг ойлик маоши қарийб 4 бараварга оширилди, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилди, ОТМлар сони 70 тадан 154 тага етказилди, олий таълимдан кейинги таълимнинг икки поғонали таянч докторантура (PhD) ва докторантура (Doctor of Science) тизими жорий этилди.
Таълим ва фан соҳаларига инвестиция киритиш, бу – буюк келажак учун сармоя дегани. Ана шу ғоя ортидан ва изчил ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 67 фоизга, мактаблардаги малакали олий маълумотли ўқитувчилар улуши 81,8 фоиздан 87,8 фоизга, ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 28 фоизга етказилди ва Глобал инновацион индекси рейтинги бўйича Ўзбекистон 122 ўриндан 86 ўринга кўтарилди.
Шунингдек, соҳада ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2026 йилга қадар Тараққиёт стратегияси доирасида мактабгача таълимда қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказиш, 7 мингдан зиёд янги нодавлат МТТларни ташкил этиш, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш, олий таълимда қамров даражасини 50 фоизга, нодавлат ОТМлар сонини камида 50 тага етказиш, иқтисодиётга инновацияларни кенг жорий қилиш, саноат корхоналари ва илм-фан муассасаларининг кооперация алоқаларини ривожлантириш белгилаб олинди.
Кучли ва самарали тиббиёт – халқпарвар давлат асоси
Мамлакатда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежизга эмас, албатта. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофондининг мустаҳкамлиги шу давлатнинг катта бойлиги саналади.
Аҳоли учун сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Шу боисдан ҳам, Ҳаракатлар стратегияси доирасида бирламчи тиббий санитария ёрдами, шошилинч тиббий ёрдам ва аҳолининг заиф қатламларига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, умумий амалиёт шифокори оилавий шифокор, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси оилавий поликлиника, деб қайта номланди ва фаолияти янги босқичга кўтарилади. Ундан ташқари, ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш жараёнига хусусий сектор фаол жалб қилинди. Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш соҳасига етук малакали кадрларни етиштириб берадиган олий таълим муассасалари сони 7 тадан 9 тага етказилди ва тиббиёт таълим муассасалари квоталари бакалавриатда 72 фоиз ва магистратурада 92 фоизга кўпайтирилди. Республикадаги тиббиёт коллежларининг 47 таси Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига айлантирилди, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 3,3 баробарга оширилиб, уларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизматининг сифатини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Шунингдек, тез тиббий ёрдам тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратиладиган маблағ 500 сўмдан 7700 сўмгача, тез ёрдам шохобчалари сони 818 тадан 1 666 тага, тез тиббий ёрдам бригадалари сони 1 648 тадан 2 685 тага, реанимобиль транспорт воситалари 24 тадан 435 тага етказилди.
Соҳадаги ислоҳотлар ҳамда замонавий тиббий технологиялар ёрдамида хизматнинг тезкорлигини ошириш натижасида тез ёрдамнинг чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқадан 8-12 дақиқага, хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 9-12 километрга тез тиббий ёрдамнинг чақириқларга етиб боришдаги кечикишлари 10-12 фоиздан 1-2 фоизга қисқартирилди.
Аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида белгиланган устувор вазифаларни Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириш мақсадида кейинги 5 йилда Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерларини ташкил этиш, электрон рецепт тизимини кенг жорий этиш, дори воситалари ва тиббий буюмларга давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни 3 баробарга ошириш, дори-дармон ва тиббиёт воситалар ишлаб чиқариш улушини 80 фоизга, тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш, ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария хизматини «бир қадам» тамойили асосида ташкил этиш, малакали шифокорлар ойлигини
1 000 доллар эквивалентига етказиш мақсад қилинди.
Жисмоний тарбия ва спорт орзу-умидларимиз манбаи
Мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири саналади. Зеро, спорт турли касалликлар, ёшлар ўртасида зарарли одатлар тарқалишининг олдини олиб, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали, Беларусь давлат жисмоний тарбия университети билан ҳамкорликдаги қўшма жисмоний тарбия, спорт ва туризм факультети, П.Ф.Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети билан ҳамкорликда қўшма жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик факультети фаолияти йўлга қўйилди. Олимпия ўйинлари ғолиблари, жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлган 204 нафар спортчи туман (шаҳар)ларга бириктирилди, 92 нафари спорт мактабларининг раҳбарлик лавозимига тайинланди, республика туман (шаҳар)лари 203 та устувор, 206 та истиқболли ва 199 та ривожланаётган спорт турларига, 112 та олий таълим муассасалари 293 та олимпия, 17 та миллий ва 25 та бошқа спорт турларига ихтисослаштирилди.
Натижада спорт билан шуғулланадиган аҳолининг улуши 27,6 фоизни ташкил этди.
Қувонарли томони шундаки, Токио шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида 17 та спорт турида 71 нафар Ўзбекистон миллий терма жамоаси спортчилари иштирок этиб, улар томонидан 3 та олтин ва 2 та бронза медали қўлга киритилди ҳамда иккита спортчимиз Олимпия рекордини ўрнатди.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги поғонага олиб чиқиш мақсадида Тараққиёт стратегияси доирасида спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли улушини хозирги 27,6 фоиздан 33 фоизга етказиш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш, олий маълумотли тренерлар улушини 85 фоизга ошириш, қишки Олимпия ўйинларига камида 10 та ва 2030 йилдаги Олимпия ўйинларига камида 20 та лицензияни қўлга киритиш назарда тутилган.
Маданият ва санъат – миллат заковати кўзгуси
Сўнгги 5 йил давомида барча соҳалар қатори маданият ва санъат ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда маданият соҳасидаги барча ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди, Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Илҳом» жамоат фонди, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали, «Ўзбекистон тарихи» телеканали ташкил этилди. Мамлакат мустақиллигининг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирувчи «Истиқлол» ёдгорлик композицияси мажмуаси барпо этилди. 2021 йилдан бошлаб, ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида «Очиқ эшиклар куни»да аҳоли музей ашёлари ва музей коллекцияларидан баҳраманд бўлиши учун давлат музейларига бепул кириш имконига эга бўлди.
Ўз навбатида, ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган «Хоразм лазгиси» ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди ва Ўзбекистонда мунтазам равишда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор санъати ҳамда «Рақс сеҳри» халқаро фестиваллари доирасида маданий мулоқотни янада ривожлантириш бўйича самарали тизим йўлга қўйилди.
Шунингдек, келгуси 5 йилда жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш, буюк аждодларнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, Ўзбекистон тарихини ривожлантириш ва миллий кино санъатини ривожлантириш мақсад қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, инсон капиталини юксалтиришга қаратилган бундай саъй-ҳаракатлар ва бу борада кейинги 5 йилда белгилаб олинган вазифалар, албатта, ўз самарасини бериши шубҳасиз. Зеро, буларнинг барчаси яқин келажакда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторига кириши учун кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи.
ЎзА