«Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли устувор йўналишларни белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Ушбу стратегия миллий ривожланишнинг янги босқичига чиқишни мақсад қилган ҳолда, жамият ҳаётининг асосий соҳаларида изчил ислоҳотларни амалга оширишни назарда тутади.
Мазкур стратегияни «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурида 5 та йўналиш ва 100 та мақсад бўйича 700 дан ортиқ аниқ вазифалар белгиланган.
Давлат дастурида иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, рақобатбардош миллий иқтисодиётни шакллантириш ва хусусий сектор фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар муҳим ўрин тутади. Ушбу чора-тадбирлар ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвестицияларни жалб этиш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Шу билан бирга, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш, инсон капитали сифатини ошириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш стратегиянинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, давлат бошқарувини замонавийлаштириш, очиқлик тамойилларини кучайтириш ва рақамли технологияларни жорий этиш орқали самарали ҳамда шаффоф бошқарув тизимини шакллантириш мақсад қилинган. Бундай ёндашув иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш билан бирга, экологик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаб, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.
2025 йил якуни бўйича давлат дастури доирасида иқтисодий соҳада қатор мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизимида автоматлаштирилган тўлов механизмларини такомиллаштириш ва қамровини кенгайтириш мақсадида 5 260 та инфокиоск ўрнатилди, шунингдек, 163 та йўналиш бўйлаб ҳаракатланувчи 1 617 та автобус “QR chipta” қабул қилиш имкониятига эга замонавий қурилмалар билан жиҳозланди.
Натижада транспорт хизматларининг сифати ва қулайлиги ошди, нақд пул айланмаси қисқарди, тўлов жараёнларининг шаффофлиги таъминланди, ҳисоб-китоблар тартибга солиниб, йўловчилар вақти тежалишига эришилди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўналишида ҳам салмоқли натижа қайд этилди. Жумладан, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида умумий қиймати 88 миллион доллар бўлган ва қуввати 52 МВт шамол электр станцияси қуриб битказилди. Ушбу лойиҳа қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, электр таъминоти барқарорлигини кучайтириш, энергия танқислиги хавфини камайтириш ҳамда экологик тоза манбалар ҳисобига атмосферага зарарли чиқиндиларни қисқартиришга хизмат қилади.
Экспорт соҳасида истеъмолчи ва харидор ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Хусусан, экспорт шартномаси шартларига зид равишда маҳсулотни етказиб бермаган маҳаллий экспортчи корхона устидан маҳсулот қадоғида кўрсатилган “Data Matrix” усулидаги QR-код орқали эътироз ва шикоятларни юбориш имконияти яратилди.
Бу механизм ташқи бозорларда Ўзбекистон маҳсулотларига ишончни ошириш, экспортчилар масъулиятини кучайтириш ва шартномавий интизомни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Натижада экспорт муносабатларида тартиб ва шаффофлик кучайиб, миллий бренднинг халқаро майдондаги нуфузи юксалади.
Инновация ва стартап экотизимини ривожлантириш ҳам стратегиянинг устувор амалий йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур йўналиш доирасида АҚШнинг «Plug and Play», Нидерландиянинг «Domino Ventures» ҳамда Саудия Арабистонининг «Startup Garage» ташкилотлари билан ҳамкорликда тўртта акселерация дастури амалга оширилиб, мамлакатнинг барча ҳудудларидан жами 131 та стартап лойиҳаси қамраб олинди.
Бу ташаббуслар ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни тижоратлаштириш ва бизнесга айлантириш жараёнларини рағбатлантириш билан бирга, инвестиция жалб қилиш ҳамда маҳаллий стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Энг муҳими, инновацион лойиҳалар сонининг ортиши миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақамли хизматлар улушини ошириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жадаллаштиришга замин яратмоқда.
Ҳунармандчилик ва кичик бизнес субъектларини ташқи бозорга олиб чиқиш йўналишида ҳам амалий ишлар йўлга қўйилди. Ёш ҳунармандлар маҳсулотларини халқаро бозорда сотишни қўллаб-қувватлаш мақсадида www.uzartisan.com онлайн платформаси ишга туширилди, шунингдек, хомашё савдосига ихтисослашган www.craftforum.uz электрон майдонида шаффоф савдо тизими жорий этилди.
Бундан ташқари, VISA халқаро тўлов тизими билан ҳамкорликда ҳунармандлар учун нақд пулсиз онлайн тўловлар асосида савдо қилиш механизми йўлга қўйилиб, тадбиркорларга Indoor, Billing ва Click Pass тизимларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Ушбу чора-тадбирлар янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириб, электрон тижорат салоҳиятини оширади, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларга кириб боришини енгиллаштиради ҳамда даромад манбаларининг барқарор ўсишини таъминлайди.
Туризм соҳасини рақамлаштириш йўналишида ҳам аҳамиятли ташаббус амалга оширилди. Жумладан, миллий туризмнинг ягона платформаси — sayohat.uz доменида тест режимида ишга туширилди. Платформа «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг электрон билет сотиш тизимлари, шунингдек, идоралараро интеграция платформаси, One-ID ва MyID ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилинган. Натижада туристлар учун “бир дарча” тамойилига яқин хизматлар шаклланиб, қулайликлар кенгайиши, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда мамлакатнинг туристик жозибадорлиги ошиши, ички ва халқаро туристлар оқимига ижобий таъсир кўрсатилиши кутилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт устувор йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. Стратегия доирасида иқтисодий, ижтимоий ва экологик йўналишларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ҳамда «яшил» ва рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади. Бу мамлакатда инновацион тараққиёт, экологик барқарорлик ва ижтимоий фаровонликни таъминлашга қаратилган замонавий ҳамда самарали бошқарув модели шаклланиб бормоқда.
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжатдир. Мазкур стратегия доирасида иқтисодий, ижтимоий ва экологик соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, шунингдек, «яшил» ва рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Рамзидин Нуридинов,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бош мутахассиси