Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инсон капитали миллий бойликнинг асосини ташкил қиладими?
18:32 / 2022-02-17

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, ўтиш давридаги мамлакатларда ўсишнинг 64 фоизи инсон капитали сифати, яъни аҳоли томонидан ишлаб чиқариш жараёни ва кундалик ҳаётда самарали ечимларни топиш учун тўпланган билим ва кўникмаларга боғлиқ.

Япония, Германия каби мамлакатларда инсон капиталининг улуши миллий бойликнинг 80 фоизини ташкил қилади. Иқтисодий фаровонлик эса янги билимларни эгаллаш ва уни ҳаётга татбиқ килишга боғлиқ.

Таълимнинг бундай муҳим ўрин касб этиши давлатнинг ушбу соҳага доимий эътибори ва ундаги иштирокини таъминлайди. Шу билан бирга, ҳеч бир давлат, хатто энг ривожланган ва илғор давлат ҳам бу соҳанинг барча вазифаларини ўз зиммасида сақлай олмаслиги тобора ойдинлашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 ноябрдаги "2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойишида давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш, фаолиятини натижадорликка қаратиш ва "мобиль бошқарув аппарати"ни яратиш, хорижий тажрибани таҳлил қилиш зарурати, хорижий мамлакатларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш ва аниқлаш каби масалалар устувор вазифа сифатида белгилаб берилган. Бу таълим тизимини бошқаришнинг энг самарали моделини излашга туртки бўлди.

Таълим тизимида самарали моделни излаш учун АҚШ, Франция, Италия, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Латвия ва Туркия каби давлатлар тажрибаси ўрганиб чиқилди.

Қуйида таълим соҳасида давлат бошқаруви бўйича илғор хорижий тажриба ва Ўзбекистон Республикасида мобиль бошқарув аппаратини шакллантириш, таълим соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш учун қўлланиши мумкин бўлган замонавий таълим дастурларини ўрганиш натижаларини тақдим этамиз.

Таълим соҳасида давлат бошқарувига кўра:

дунёнинг аксарият етакчи мамлакатларида (АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Туркия) деярли бутун соҳа (мактабгача, умумий ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим) ягона таълим вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади ва бошқарилади. Шу билан бирга, Жанубий Корея ва Туркия олий таълим соҳасида таълим вазирлиги фақат ўқув-режа ва имтиҳон қоидаларини белгилайди, бошқарув соҳасидаги бошқа масалалар билан олий таълим муассасалари раҳбарларидан тузилган Олий таълим Кенгаши шуғулланади;

вазирлик таълим билан бир қаторда бошқа соҳаларни ҳам қамраб оладиган амалиётлар мавжуд бўлиб, бу борада Япония амалиёти алоҳида эътиборга лойиқдир. Чунки вазирлик таълим билан бир қаторда маданият, спорт, фан ва инновация соҳасини (Таълим, маданият, спорт, фан ва технология вазирлиги), Францияда таълим билан бир қаторда ёшлар ва спорт сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифалари (Миллий таълим, ёшлар ва спорт вазирлиги), Қозоғистон ва Латвияда – фан ва инновациялар (Таълим ва илм-фан вазирлиги) соҳаларини ҳам қамраб олади. Бошқа мамлакатларда фан ва инновация билан бошқа бўлимлар шуғулланади. Масалан, АҚШда – Фан, технология ва инновациялар давлат департаменти, Жанубий Кореяда – Фан ва ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туркияда – Саноат ва технологиялар вазирлиги;

хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, таълим турлари бўйича бир нечта вазирликлар томонидан алоҳида таълим соҳасини давлат томонидан тартибга солиш амалиёти мавжуд эмас. Бундан таълим вазирликлари негизида иккита вазирлик, хусусан, мактабгача, умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими вазирлиги ҳамда фан ва инновациялар билан бир қаторда олий таълим фаолиятини мувофиқлаштирувчи вазирлик ташкил этган Франция, Италия (2021 йилдан) ва Россия (2018 йилдан) каби давлатлар мустасно. Университетлар фаолиятида илмий ҳайъатнинг роли ошиши, ўз навбатида, фан ва илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш учун кадрлар тайёрлашдан тортиб, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг фаолияти сифатини баҳолаш механизмларигача бўлган соҳада уларнинг таълим ва фан ўртасида ҳамкорликнинг зарурлигини белгилаб беришдаги ҳиссасини ошириш ушбу интеграциянинг сабаби ҳисобланади.

Замонавий таълим дастурларига кўра:

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида таълим соҳасини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари узлуксиз таълим тизимини (ҳаёт давомида таълим) такомиллаштиришга қаратилган. Бу яшаш давомийлигида фаол даврнинг ошиши ва ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ўзгариши туфайли касбларнинг ўзгариши (қайта йўналтирилиши) билан боғлиқ.

Маълумот учун: Узлуксиз таълим (ингл. lifelong learning) бу – давлат ва жамоат институтлари тизимидан фойдаланиш орқали ҳамда шахс ва жамият эҳтиёжларига мос равишда шахснинг таълим салоҳиятини бутун умр давомида ошириш жараёнидир.

Шу билан бирга, узлуксиз таълим фақат малака ошириш курсларини англатиб қолмай, у турли шаклларда, масалан, касб-ҳунар ёки олий таълимда ҳам амалга оширилиши мумкин. Ушбу дастурлар коллеж ва университетларда, ўқув марказларида ёки иш жойида ўтказилиши мумкин. Узлуксиз таълим босқичларини муваффақиятли якунлаш натижасида диплом ёки мувофиқлик сертификати берилади.

Ўз навбатида, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш таълим тизимининг шахс, жамият ва иқтисодиётнинг жадал ўзгарувчан эҳтиёжларига нисбатан муносабатини шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратади. Бундан ташқари, кўпчилик халқаро мутахассисларнинг фикрига кўра, талаб этиладиган мутахассисларни тайёрлаш мамлакатнинг инновацион ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Шуни таъкидлаш керакки, таълим инсоннинг мактабда, касб-ҳунар коллежида ёки университетда ўқиши билан якунланмай, балки узлуксиз, жамият ҳаёти билан боғлиқ бўлади. Узлуксиз таълимга мисол тариқасида компъютер мутахассисига касб-ҳунар коллежи ёки олий ўқув юртида компъютер дизайни ёки замонавий компъютер тиллари бўйича курсда қатнашиш, таълимни тамомлагандан сўнг эса ҳужжат (сертификат ёки диплом) олиш имкониятларини киритиш мумкин.

Ушбу дастурни амалга ошириш ва аҳолини кенг қамраб олиш мақсадида 2021 йилда Жанубий Корея таълим вазирлиги тузилмасида ёши катталар учун узлуксиз таълим имкониятларини кенгайтириш ва узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш билан шуғулланувчи махсус бўлинма ( Узлуксиз таълим бюроси) ташкил этилди.

Сингапурда ушбу ташаббусни SkillsFuture Singapore дастури (Сингапурнинг келажакка мослашуви) орқали амалга оширишга қарор қилинди. Дастур янги кўникмаларни жорий қилиш, келажакни яратадиган инсонларни шакллантириш учун мўлжалланган.

SkillsFuture ташаббуси 2015 йилда сингапурлик аҳолига узлуксиз таълим олиш ва кўникмаларини оширишга имкон берган ҳолда, Сингапур иқтисодий ривожланишининг кейинги босқичини қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган. SkillsFuture сингапурлик аҳолининг келиб чиқиши ва ёшидан қатъий назар, барча имкониятларини кўрсатиши учун мўлжалланган. Дастур SkillsFuture Credit ва SkillsFuture Earn and Learn каби бир нечта асосий ташаббусларни ўз ичига олади.

SkillsFuture дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш учун Сингапурда ҳукумат, саноат, касаба уюшмалари ва таълим муассасалари вакилларидан иборат Бош вазир ўринбосари ва молия вазири раислигида Келажак иқтисодиёти Кенгаши (FEC) тузилди.

Жамиятда рўй бераётган жадал ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар таълим тизимлари фаолиятининг янги параметрларини белгилаб, айни пайтда улар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Бошқарув жараёнини тўғридан-тўғри оптималлаштириш, бошқаришнинг янги механизмларини жорий этиш орқали рационализация қилиш мақсадга мувофиқдир. 

Тадқиқот натижаларини умумлаштириб, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

– таълим соҳасида давлат бошқаруви бўйича, Франция, Италия ва Россиянинг таълим, фан ва инновацияларнинг интеграциялашуви ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича амалиёти Ўзбекистон шароитида энг мақбул ҳисобланади, чунки илмий кадрлар тайёрлашда университетларинг улуши 77 фоизни ташкил этади, илмий-тадқиқот институтлари эса мутахассисларинг атиги 23 фоизини тайёрлайди;

– замонавий таълим дастурларига кўра, узлуксиз таълим дастурини жорий этиш инсон капитали даражасини ошириш ва меҳнат бозорида талаб қилинадиган касбий кўникмаларни шакллантириш орқали Ўзбекистонга қўшимча инвестициялар олиб келади.

Жамшид ШАРИПОВ, 

Авазбек ХОЛБЕКОВ,

“Тараққиёт стратегияси" маркази 

экспертлари.

ЎзА