Навоий вилоятининг Конимех туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биноси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Ражабов, туман ҳокими Руслан Рўзиев ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жойларда ташкил этилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари инсон манфаатларини ҳимоя қилишда якдил кўмакчига айланганлиги таъкидланди.
Айни пайтда Конимех туманидаги маҳаллаларда комплекс хизмат кўрсатувчи 6 нафар ижтимоий ходим томонидан жами 112 та кейс очилган бўлиб, шундан бугунги кунга қадар 61 таси бўйича ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, фуқароларнинг оғири енгил бўлди.
– 2024 йилнинг январь ойидан буён мазкур марказда ишлаб келяпман, – дейди Конимех туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази оператори Ёқут Холиқулов. – Ўзим 2-гуруҳ ногирониман. Ўзимга ўхшаган ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга хизмат кўрсатмоқдаман. Бизнинг вазифамиз марказимизга келган фуқароларнинг 9 та йўналиш бўйича аризаларини қабул қилиш ва шуъбаларга йўналтиришдир. Ҳозирги кунда тизимимизда 49 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.
[gallery-17583]
Бугунги кунда маҳаллалар даражасида аҳолига индивидуал ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш орқали кўплаб оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларимизнинг ижтимоийлашувига эришилмоқда.
– Ушбу ижтимоий марказнинг биз учун жуда катта фойдаси бор, – дейди нуронийлардан бири Жиемурат Қорабоев. – Авваллари ногиронлар, ижтимоий кўмакка муҳтож кишилар турли ташкилотларга бориб, сарсон бўларди. Ҳозир эса барча хизматлар бир жойга жамланган. Ўйлайманки, бу ижтимоий марказ Конимех туманида истиқомат қилувчи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда, камбағалликни қисқартиришда, иш билан таъминлаш ва ижтимоий нафақа тайинлашда шаффоф тарзда иш олиб боради.
Фойдаланишга топширилган янги бинода ногиронлиги бўлган шахслар учун барча шароит яратилган. Шунингдек, марказда психолог хизмати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,видео), ЎзА мухбирлари