Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти ўрганилди
19:33 / 2025-11-07

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзолари Ромитан туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан танишди. Ўрганиш давомида марказ томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўрсатилаётган хизматлар, яратилган шарт-шароитлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар батафсил кўздан кечирилди.

Учрашув жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 ноябрдаги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақаларни электрон шаклда тайинлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси ҳолати муҳокама қилинди.

Мазкур тизим орқали “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.

Шунингдек, ёлғиз яшовчи кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар, Ромитан тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан фуқароларнинг “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимига киритилиш ҳолати таҳлил қилинди.

Туманда 18 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар “Меҳр дафтари” тизимига тўлиқ киритилган бўлиб, шулардан 4 нафари (18–23 ёш) уй-жой билан таъминланган. Ота-онаси хорижий давлатларга кетган 397 нафар болага васийлик ва ҳомийлик белгиланган. Уларнинг 263 нафари васийликда, 99 нафари ҳомийликда, 10 нафари патронат, 25 нафари ҳамроҳликда, қолган 7 нафар болага васий тайинлаш жараёни давом этмоқда.

Шунингдек, “Вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси, ИИБ, “Инсон” маркази, Халқ таълими бўлими ва Тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида 115 маротаба давра суҳбатлари ва профилактик учрашувлар ташкил этилди.

Учрашув якунида депутатлар “Инсон” маркази фаолиятини янада самарали ташкил этиш, фуқароларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.